Амир Темур ҳақида ёзилган икки тарихий олмон нашрлари

    2023 йилда чоп этилган эътиборга молик тарихий нашрлар сафида Азамат Эгамбердиевнинг Амир Темур ҳақида ёзилган икки тарихий олмон нашрларидан сўзлагувчи “Буюк ҳукмдор ва улкан нефрит тоши” деб номланган китоби ҳам бор.

    – Ҳаётда инсон, китоб ва мамлакатлар билан бўлган ҳеч бир учрашув тасодифий бўлмайди, – дейди муаллиф. – Бу учрашувлар онгимизни бойитади, бизга янги йўлларни кўрсатиб, қизиқувчанлигимизни оширади ва билимга бўлган ташналигимизни қондиради. Турли миллат вакилларининг учрашуви эса бу маданий, иқтисодий алмашинувни амалга ошириш, ўзга миллат урф-одатларига юксак ҳурматда бўлиш, ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш демакдир. Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида ўрнатилган алоқалар ҳам айнан шундай мақсадни кўзлайди.

    Азамат Эгамбердиев Германияда олиб борган тадқиқотлари жараёнида Шпайер шаҳрида Иоҳаннес Шильтбергер исмли оддий олмон ўғлонининг ажойиб мемуарлари билан танишади. Бу ўғлон ўн олти ёшида Усмоний Султон Боязид I Йилдиримга асир тушади. Кейин тақдир тақозоси билан бутун дунёга машҳур бўлган бобокалонимиз – буюк жаҳонгир, ҳукмдор ва саркарда Амир Темурнинг хизматида бўлади. Иоҳаннес Шильтбергер Амир Темурга унинг умрининг охирги уч йили давомида хизмат қилади. Соҳибқирон ўлимидан сўнг унинг ўғиллари Шоҳруҳ ва мироншоҳга ҳам бир неча йил содиқ хизмат қилади.

    Шпайер шаҳрида муаллиф Самарқандда жойлашган Гўри –Амир мақбарасидаги Амир темур қабри устига ўрнатилган улкан нефрит тоши ҳақида XIX асрда батафсил ҳикоя қилиб берган таниқли олмон олими Леопольд Хайнрих Фишернинг мақоласи билан ҳам танишишга муяссар бўлади... Айнан ўша даврда Азамат Эгамбердиев бу ажойиб нашрлар билан ватандошларимизни таништиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

    Чиндан ҳам муаллиф таъкидлаганидек, яхши китоблар билан бўладиган учрашувлар, албатта бизнинг ҳаётимизга ўзгача саргузаштларни, ёрқин саҳифаларни тақдим этади. Шундай экан соҳибқирон бобомиз ҳақида ёзилган мазкур китоб ҳам эътиборингиздан четда қолмаслигига ишонамиз.

    Зуҳра МЕЛИБОЕВА,

    талаба

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates