Амир Темур иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди

    Воқеа-ҳодисалар 7 апрел 2021 20910

    Президентимиз маънавият масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Ўн бешинчи асрда соҳибқирон Амир Темур асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом этитирган муҳташам салтанат юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди”, деб таъкидлади.

    “Темур” ҳодисаси ўн беши кам 700 йилдан бери тарих чархпалагида айланади. Гарчи Ер жойида турган бўлса-да, тузумлар-тутумлар неча бор ўзгарди ва шахсга муносабат ҳам минг бора турланди. Гапнинг сирасини айтганда, тарих ғаладонида соҳибқирон Амир Темурдек турли нуқталардан баҳо берилган зот кам бўлса керак.

    Бу ҳолнинг қатор сабаблари бор. Аввало, турлича қарашларнинг билдирилиши қонуний ҳол, тараққиёт (тирикликни таъминлаб турган ҳаракат)нинг табиати шуни талаб қилади. Яъни ривожланиш қарама-қарши қутбларнинг ўзаро кураши – иккига бўлиниб олиб, бир-бирига қарши “жанг”и оқибатида юзага келар экан, бир масалага ҳамманинг бир хил қараши мумкин эмас. Ватандошимиз Амир Темурга муносабатда эса инсон табиатига хос жуда кўп омиллар мужассамлашган.

    Аввало, шахс зиддиятининг боиси - фаолият зиддиятларга тўла маконда кечганидан. Ўшанда ҳам ватан зулм исканжасида эди: қарийб бир ярим асрлик истило ҳамма нарсанинг одатдаги ўзанини бузиб юборган ва қарор топган азалий қадриятлар бир қанча қолиплар тазйиқи ичида яшарди, миллат ўзлигини, қиёфасини йўқотганди.

    Иккинчи омил эса бевосита соҳибқироннинг маслаги билан боғлиқ. “Темур тузуклари”да бундай қайд этилади: “Дилимнинг машриқидан кўтарилган биринчи тузугим ҳар ерда ва ҳар қачон ислом динига ва Муҳаммад (с.а.в.)нинг шариатларига ривож бериш бўлди”.

    Демак, эътиқод байроғига қадами етган жойда мусулмончиликни жорий этаман, деган шиор ёзилган фидойининг ҳам ҳаракатлари бир хил кутиб олинмаслиги, қаршиликка учраши ва бу ҳолнинг оқовалари узоқ давом этиши оддий ҳақиқат.

    Учинчи бир сабаб шундан иборатки, буюк бобомиз от сурган, ўз қаламравига олган ҳудудлар масофа жиҳатидангина эмас, тарихи, маънавияти, аҳолиси, удумлар – умуман, бутун борлиғи билан бир қолипга сиғмасди ва бундай бепоёнликда ҳаммани бир дунёқарашда, ягона фикрлаш тарзида ушлаб туриш ҳам имкондан ташқарида эди.

    Темурбекка кўплаб ҳукмдорларда бўлганидек, салтанат мулк сифатида отадан мерос бўлиб ўтмади. Балки Яратганнинг инояти туфайли ўзининг жидду-жаҳди, ғайрати билан ҳаммасига эришди. У бир туғ остида шунчалик катта ҳудудни қовуштира олдики (тарихчилар Амир Темур империяси ўша пайтдаги 27 давлатни бирлаштирганини қайд этадилар.

    Бугунги ҳолатга разм солинса, бу давлатлар сони 40 га яқинлашиб қолади), ўша йиллари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд деярли ер юзининг бош кентига айланди. Бу улуғ салтанат инсоният тарихидаги энг буюк империялардан бири бўлиб қолди.

    Эътибор беринг, ана шундай бепоён ҳудуд бир одамнинг қошу қабоғига қарарди, унинг иродаси турли дин ва эътиқоддаги одамлар учун қонун эди. Яна эътироф этиладиган томони – бу иттифоқ кучга, зулмга асосланмаган эди (мамлакат яхлитлигини таъминлаш учун уюштирилган ҳарбий ҳаракатлар истисно қилинади), балки халқларнинг соҳибқирон паноҳида, унинг қаноти ва марҳамати остида тараққий этиб, тўқ, фаровон яшаш хоҳишидан юзага келган яхлит давлат эди.

    Амир Темур ва Темурийлар даврида иқтисодиёт ривожлангани, илм-фан, санъат-маданият гуллаб-яшнаганини бугунги синчилар ҳам тасдиқлайдилар ва бу давр чинакамига инсоният тамаддунидаги иккинчи Ренессанс деб баҳоланган. Ўшанда санъат ва адабиётда, хусусан, меъморчиликда етти юз йилдан кейин ҳам етиб бўлмайдиган ютуқлар қўлга киритилганди. Натижа шунчалик бетимсолки, сирини очмаган, яъни ҳозирги тараққиёт босқичида кашф қилина олмаётган мўъжизалар (олайлик, буёқларнинг таркиби) ҳамон мавжуд.

    Ҳа, бу силсила бир шахс фаолиятидан юксалиб, жаҳоншумул кўлам касб этди. Соҳибқирон Амир Темурдан тўраган авлодларнинг шаън-шавкатини кўз олдингизга келтиринг! Ер юзининг исталган нуқтасида, исталган миллатига шундай толеъ насиб этса, умидли дунёда яшаётган ҳар қандай инсон зоти ўз қавмидан, яъни инсонлигидан фахрланади

    . Афсуски, бу ютуқларга зулм билан, куч билан эришиб бўлмасди. Амир Темур асослаган ўша тутум – “Куч – адолатда!” шиори бир зум амалдан қолмади, кўздан фаромуш бўлмади. Бу салтанат Жануби-шарқий Осиёда Бобурийлар тимсолида қандай буюк мўъжизалар яратди! Бу юксакликнинг пойдеворини, шубҳасиз, Амир Темур қўйганди.

    Амир Темур ҳиммати туфайли бирон заиф зўравондан жабр кўрмаганини, ҳеч кимга ҳеч қачон адолатсизлик қилинмаганини таъкидлаш лозим. Ана шундай адолат туфайли минглаб-миллионлаб оддий одамлар қалбида соҳибқиронга нисбатан меҳр уйғонди ва бу меҳр буюк ислоҳотларга куч берди.

    Улкан қурилишлар ана шундай меҳр туфайли амалга оширилди. Ахир пурвиқор тоғларнинг, жаннат боғларининг ҳам рашкини қўзғайдиган иморатлар ўз-ўзидан барпо бўлиб қолмайди. Агар одамларнинг ихтиёрий ва меҳрли ҳаракати бўлмаса, пойдеворни тиклаш ҳам осон кечмайди. Ҳолбуки, Шаҳрисабздаги Оқсаройни тиклаш ишлари йигирма беш йил давом этган ва унга эллик мингга яқин одам сафарбар қилинган. Яқинда қозоғистонлик қардошларимиз бир далилни маълум қилишди.

    Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбарасининг ғиштлари учун қирқ чақиримлар наридаги Соброн деган тепаликнинг тупроғи маъқул кўрилади: тупроқ халқона тилда айтганда “мойли”, лойи ширали, ундан энг пишиқ ғишт чиқади. Шу жойда тайёрланган ғиштлар қўлма-қўл қурилиш майдонига етказилган.

    Бугунги мутахассисларнинг ҳисоб-китобига қараганда, бу юмушни амалга ошириш учун ўттиз беш минг одам талаб қилинар экан. Агар ғишт узатувчиларнинг дам олиб ишлаши ҳисобга олинса, икки баравар, яъни етмиш минг одам жалб қилиниши лозим экан.

    Ижтимоий тармоқларда Амир Темур шахсига нисбатан баъзан турли асоссиз, ҳатто бўҳтон фикр-мулоҳазалар билдирилаётганига бепарво қараб бўлмайди. Чунки ўртада ёшларнинг дунёқараши, тарбияси масаласи турибди. Нотўғри тасаввурга борганларга миллий ифтихор, ўз ўтмишидан фахрланиш, шу орқали ватанпарварлик туйғусини сингдириш осон кечадими?

    Бундай ҳоллар қўшимча муаммолар туғдирмайдими? Гап шу ҳақда кетар экан, бу борада бепарволикка берилиш жоиз эмас. Дунё тан олган, биз яшаб турган ҳудудларда от сурган буюк зотнинг тарихини бутун борлиғича навқирон авлодга етказиш катталар зиммасидаги ота-қарздир.

    Битта умумий ҳолат: ҳеч ким Амир Темурни илоҳийлаштирмоқчи эмас. Буюк зотнинг борлиғи, кўркам жамоли ҳар қандай даражадаги мадҳиябозликка муҳтож эмас. Истисно ҳолат шундаки, пўлат қувурни қайириш учун унинг ички тузилмаларини синдирадиган, ундан кучли қудрат лозим бўлганидек, тошни ёриш учун унинг зичлигини кесадиган босим билан таъсир этиш шарт бўлганидек, бобомиз ғалабаларини таъминлашда катта куч билан ҳаракат қилган ва бу ҳол баъзан кескин ҳолатларни юзага келтирган бўлиши мумкин.

    Ахир “ғалаба қурбонсиз бўлмайди” ва яна “ғолиблар суд қилинмайди”, дейишади. Бугунги шароитда соҳибқирон бобомизнинг бўй-басти шундай юксаклик кашф этганки, уни эмас, унинг талъатига солиштириб, бошқаларни баҳолаш адолатли бўларди. Ким маърифат билан тўйинган бўлса, бу ҳақиқатни эътироф этади, ким жаҳолат чангалида ёки аламзада бўлса, инкор этаверади.

    Бизнинг мозий хазинамизда дунёдаги ҳар қандай халқ орзу қиладиган бойликлар бор! Ўз тарихи билан қизиқмаган, унинг шонли саҳифаларидан баҳраманд бўлиб, вужудида фахр-ифтихор ҳис этмаган, кимлигидан виқор туймаган киши бошини бир умр ердан кўтара олмайди. Мағрур юришга, боболар шон-шавкатидан виқор ҳис этиб яшашга нима етсин!

    Ҳаким САТТОРИЙ,

    Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates