Ҳарбий иш ва давлатчилик тарихи бир-бирига чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланиб келган. Қўшинларни жанга тайёрлаш, қурол-яроғлар билан таъминлаш ва уларни бошқариш ҳарбий бошлиқлар учун қанчалик муҳим бўлса, қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш, мудофаа иншоотлари ва мудофаада қўлланиладиган қуроллар ҳам катта аҳамиятга эга бўлган. Ушбу даврда ҳарбий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жиҳатидан қулай бўлган ҳудуларга эгалик қилиш ва уларни қўриқланишини ташкил этиш энг долзарб масалалардан бири бўлган.
Ўрта Осиё Чингизхон босқинидан кейин у томонидан эгаллаб олинган ҳудудлар “тўрт улус”га бўлинади, Чиғатой улусида ички низоларнинг авж олиши, Темур Туғлуқнинг бошқаруви даврида унинг беклари томонидан Жетанинг бошқа амирларидан уч фавж (Фавж – ҳарбий бўлинма, катталиги турлича бўлган) тузиб, Мовароуннаҳр мамлакатини талон-тарож қилиш учун юборади. Бундай ички низолар, бекларнинг ўзбошимча хатти-ҳаракатлари ушбу ҳудудлардаги туб аҳолининг аҳволини ёмонлаштиради.
XIV асрнинг 60-йилларида Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги сайи-ҳаракатлари бошланади. Мовароуннаҳрда парокандалик бошланган, у ўнга яқин мустақил бекликларга ажралиб умумий аҳвол тан бўлган эди. Мовароуннаҳрдаги оғир сиёсий вазиятдан фойдаланиб, Чағатой улуси - Еттисув ва Шарқий Туркистонда ҳукмронлик қилаётган мўғул хонлари бу ерда ўз ҳокимиятларини ўрнатишга уринишар эдилар. Амир Темурнинг саркардалик қобилияти ва қийин вазиятларда тўғри йўлни топа билиши ўз самарасини бериб, Чингизий беклар билан бўлиб ўтган жангларда - 11 апрель 1370 йилда уларнитўлиқ бўйсундирди ва Мовароуннаҳрни амири бўлди. Ўша давр анъаналарига кўра чингизийлардан Суюрғатмишхон мамлакат ҳукмдори деб эълон қилинган бўлса-да, амалда бутун ҳокимият Амир Темур қўлида эди. У катта ғайрат билан мамлакат иқтисодий ва ҳарбий қудратини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширди. Айниқса, у қўшинни ўнталик аскарий бўлинмаларга бўлган, Лашкар туман – ўн минглик, ҳазора минглик, қўшун – юзлик ва айл – ўнликлар, ўн минглик қўшинни бошқариш учун туман оғаси, минглик бўлинмалар учун мириҳазора, юзликлар учун қўшунбоши ва ўнликлар учун эса айлбоши каби ҳарбий мансабларни жорий этган. Ушбу мансабдаги жангчиларни ўзини жанг санъати бўлган, ҳар бир жанг янги-янги усулларни юзага келишига сабаб бўлган. Ҳарбий юриш вақтида олдинда хабарчилар(разведка), улар орқасидан ясовул бўлинмаси, ундан кейинда манглай – авангард қисмининг боришини белгилаган. Манглай билан қўшиннинг асосий қисмлари оралиғида эса қўмондоннинг қароргоҳи ва унинг ён атрофида заҳира (резерв) қисмлари жойлашган бўлиб, у “Изофа” дебномланган.
Амир Темур қўшиннинг асосий жанговар қисмлари - марказ, ўнг – буронғор ва чап – жувонғор қанотларидан иборат бўлган. Ҳар бир қанотнинг олдида биттадан қўшимча қўриқчи манглай – авангарди, ён томонида эса биттадан қўриқчи аскарий қўшилмалар – қанбуллар тайинлаган. Шу тариқа қўшин етти қисм – қўлдан иборат бўлган. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий қўшинни етти қўлга – қисмга бўлиб жойлаштириш тартибини биринчи бўлиб Амир Темур жорий этганлигини ёзиб қолдирган. Бу унинг ўзига хос жанг тактикасини ишлаб чиққанлиги ва янги тактик усулларни самарали қўллаб ўз даврида юқори натижаларга эришган. Амир Темур алоҳида бўлинмалар ташкил этган бўлиб, ҳарбий юришлари чоғида асосий қўшинларни қўриқлаш ва зарурий мудофаа қилиш вазифаларини бажарган.
“Темур тузуклари” ва барча тарихий манбаларда келтирилган маълумотлар Амир Темурнинг тафаккур соҳиби эканлигини исботлайди. Ҳар бир масалани чуқур идрок этиб, пухта ўйлаб ва таҳлил қилиб, ўзи билан машварат қилиб, сўнг бир қатъий қарорга келиш – Амир Темурнинг улуғ фазилатларидан бири бўлган.
“...Илёс Хожага Беккичикнинг иниси Алачун баҳодирни катта қўшин билан устимга юборди. Қоровулларим ғафлат уйқусида қолган эканлар, уларнинг ёнидан ўтиб, билдирмай, тун қоронғусида тўсатдан устимга ҳужум қилиб келдилар.
Қароргоҳим уч томони сув билан ўралган ярим оролда жойлашганди. Ярим орол ташқарисида қурилган бир неча чодир Жета лашкари томонидан талон-торож қилинди. Омон қолган аскарлар ярим оролга кўчиб ўтдилар. Мен бўлсам жангга шайланиб, тезлик билан ярим оролнинг кириш қисмига бордим...”. Бундан кўринадики, А.Темур юришларида қаерга жойлашиш, қўриқлашга қайси бўлинмаларни жалб этиш ва тўсатдан ҳужум бўлганда уни қайтариш ҳаракатларини пухта ишлаб чиқганлиги маълум бўлади.
Амир Темур тенгсиз жангда аскарларни қурбон қилмаслик ва унчалик катта бўлмаган қўшин билан ғалаба қозониш мақсадида ҳарбий ҳийла ишлатади. Амир Темур кўпгина урушларда ҳарбий ҳийлалар ишлатгатишни режалаштирган ва уларни муваффақиятли амалга оширган: “Хуросон томонга ҳаракатланиб, бу билан Қарши қалъаси бекларининг хотирини жам қилмоқчи бўлдим. Кейин эса лашкарим билан (яширинча) орқага қайтиб, тунда тўсатдан қалъага ҳужум қилиб, у ерни босиб олишни режаладим. Хуллас, бу ердан кўчиб, Хуросонга қараб йўлга тушдим”. Ҳарбий ҳийла – бу жаҳон жанг санъати тарихида қадимда ҳам мавжуд бўлган. Тарихда ҳарбий ҳийладанАмир Темургача ном қозонган барча машҳур лашкарбошилар ва қўмондонлар амалиётида самарали қўллашган.
Ё.Ю.Розимова фикрича ҳарбий айёрлик ва зукколик жанг санъатининг ажралмас қисми бўлиб, аскарлар ва қўмондонларнинг қанчалик маҳоратли эканлигини кўрсатади. Бу эса юксак жанг санъатини пухта эгаллаганлиги, ундан қанчаликмуваффақиятли фойдаланишга боғлиқлигини тарих асарларидан яхши биламиз. Душманни моҳирлик билан алдаб, ғалабага эришадиган ҳарбий иш – ҳарбий санъатдир. Малика Тумарис, Чўпон Широқ, Жалолиддин Мангуберди ва Темур Малик каби юртдошларимиз зукколиги, донолиги буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ва унинг авлодларига ўрнак бўлиб келган.
Бироқ, ҳар бир қобилият амалда тўлиқ рўёбга чиқиши учун уни ривожлантириш ва тарбиялаш керак. Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, у дунёвий фанлар, жанг санъати ва бошқа турли соҳаларни пухта эгаллаганини кўрамиз. Шу боисдан ҳам Амир Темурнинг давлат қурилиши ва ҳарбий санъати тажрибаси Шарқ-Ғарб учун кўп асрлар давомида намуна бўлди.
ХV асрнинг охирларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур отаси Умар шайх Мирзо ўлимидан кейин 12 ёшида Фарғона водийси ҳукумдори этиб тайинланган. У 1519 йилдан бошлаб, Хиндистонга юришни режалаштира бошлайди ва маълум даражада тайёргарлик кўриб боради. 1523 йил Шимолий Хиндистонга юриш қилади. Бу вақтда 1517-1523-йилларда Деҳли султонлигида ички низолар авж олиб, султонлик инқирозга юз тутаётганлиги, маҳалий хокимлар эса марказий ҳокимиятга бўйсунмай ўзбиларича иш юритаётган эдилар. Дарҳақиқат, Лоҳурда Давлатхон, Деҳлида Иброҳим Лўдий, Меварда Раъно Санго мустақиллик эълон қилдилар. Бобур бундан фойдаланиб, 1519 ва 1524 йиллари Қобулдан Панжобга қарши ҳарбий юриш қилиб катта ўлжалар олиб қайтади. Ушбу ҳарбий юриш унга Хиндистон ҳудуди, қўшинлари ва ўша даврдаги Хинд Султони Иброҳим Лўдининг юритаётган сиёсатини лозим даражада ўрганиш имконини беради ва ҳал қилувчи жангга жиддий тайёргарлик кўради. З.М.Бобур жангларда тобланиб, Чингизхон, А.Темур, Шайбонийхон, Шох Исмоил Сафавий ва бошқа саркардаларнинг ҳарбий ҳаракатлари ва жанг усулларидан хабардор бўлиб, қўшинни бошқаришда юксак жанговар салоҳиятга эга бўлган тажрибали саркардага айланади. У 10-12 минглик қўшин тузади, қўшинлар отлиқлар, турк тўпчилари ва пиёдалардан иборат бўлган. Бунинг натижасини 12 минг қўшин билан Султон Иброҳим Лўдининг 100 минг кишилик қўшиннига қарши юриш бошлашга қарор қилади.
З.М.Бобур қўшинни жангга тайёрлар экан жангнинг ўта муҳим жиҳатларига яъни, жанг тактикаси ва стратегиясига эътибор қаратган, жумладан асосан Хинд султонлиги қўшинидаги асосий куч бўлган жанговар филларни тўхтатиш тактикасини ва уларга қарши жанг олиб бориш стратегиясини тузиб чиқади.
Бобур қўшинининг тузилиши ўта мураккаб бўлиб, Ўрта Осиёнинг турли давлатларида қўллаган жанг ҳаракатлар тактикаси ва тажрибасидан келиб чиқиб тузилганлиги, таркибида милтиқлар билан қуролланган аскарлар, турк артиллерия тўплари отрядлари бўлганлиги ҳамда аскарларнинг жанговар руҳда тайёргарлигини ҳам алоҳида эътиборга олганлигини тарихчиларимиз асарларида баён этишган. З.М.Бобурнинг қўшин тузиш, уларни бошқариш ва қўшинни хавфсизлигини таъминлаш жиҳатлари педагоглар, психологлар, тарихчилар ва филологлар томонидан етарлича ўрганилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Амир Темур ва темурийлар даврида ҳарбий иш тарихи юксак баҳо беришимизга арзийди. Жумладан, ҳарбий соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилган бўлиб, бўлинмаларни ташкилий тузилиши, ҳарбий раҳбарларни танлаш, ўзига хос жанг тактикаси ва айниқса, қўриқлаш тизими пухта ташкил этилиши диққатга сазовордир.
Хусусан:
- ўз қўшинда хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўриқлаш бўлинмаларини тузилганлиги, ушбу бўлинмалар асосан ўзига содиқ, ишончли навкарлардан саралаб олганлиги;
- ҳарбий юришларда, бегона ҳудудларда жойлашганда, қўшинларнинг ҳаракатланиш ва хатто жанг олиб бориш вақтида ҳам қўриқлашни ташкил этилиши;
- жанг майдонига яқин ҳудудларда жойлашганда: ҳудудни танлаш, табиий тўсиқлар ва ўша ҳудудни имкониятларидан тўғри фойдаланиш ҳамда қўриқлаш гуруҳларини мақсадли жойлаштирган, яъни ҳужум бўлган вақтда уни тўхтатиб, яна ҳужумга ўтишга қулай шарт-шароитлар яратишга эътибор берганлиги;
- қўшинидаги мавжуд қурол-аслаҳалар, қўшин таъминотини ва қароргоҳни қўриқлаш учун “Изофа” деб номланувчи бўлинмаларни жалб этганлиги унинг қўшинини хавфсизлигини таъминлаш соҳасига кучли эътибор берганлигидан далолат беради.
Амир Темурнинг ҳаёт тажрибаси, у қолдирган бебаҳо тузуклари, ундаги ғоя ва қарашлар нафақат ўз даврида, балки бугунги ва келгуси авлодлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Буюк ва бетакрор сиймога ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, юрт манфаати ва халқ форовонлигини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ бир қатор ибратли, олийжаноб фазилатларга эга бўлган. Бу мавзуда нафақат Шарқда балки, Ғарбда ҳам бир неча юз йиллардан буён илмий ва бадиий асарлар яратилиб келинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур ўз замонасининг энг илғор қўшинини яратиб, керакли қурол - аслаҳаси билан таъминлади. Унинг жанг санъати ҳақида қолдирилган маълумотлари талайгина. Жанг олиб бориш санъати ва ҳарбий юришларида тоғ, ўрмон, саҳроларда, айниқса, кечаси ва туман кунларида манзилга адашмайтопиб бориш, чамалай билиш қуёш, ой, юлдуз, соя, шамол ва бошқа омиллардан фойдаланишни яхшибилган. Унинг замондоши Ибн Арабшоҳ - “Амир Темур тенги йўқ феъл-атворли, чуқур мулоҳазали, тафаккур денгизининг қаъри йўқ” деган эди. Ҳарбий мутахассислар тили билан айтганда, гўё Амир Темур жанг олиб боришнинг усулларини уруш худосининг ўзидан ўрганганлигини таъкидлашади. Бунда унинг қўшинида қўриқлаш ва мудофаа қилиш ишлари энг юқори савияда ташкиллаштирилиши асосий тадбирлардан бири бўлганлигини кўришимиз мумкин.
Шуҳрат Нематиллаев,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ўқитувчиси,
дотцент