Илғор муҳандислик мактаблари малакали кадрлар тайёрлашда муҳим бўғинга айланади

    Фикр 28 октябр 2024 418

    Бугунги кунда дунё иқтисодиётининг барча тармоқлари рақамли тизимга ўтмоқда. Бу эса рақамли трансформация ахборот технологиялари ва юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналаридаги муаммоларни ҳал қилишга қодир қўшимча мутахассисларни талаб қилади.

    Мамлакатимизда барча соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотлар изчиллиги юқори малакали кадрлар тайёрлаш билан бевосита боғлиқ. Зеро, замон талабидаги юксак салоҳиятли, билимли, масъулиятли, рақобатбардош кадрларни етиштириш энг долзарб масалалардан биридир. Ишлаб чиқилаётган истиқболли дастурларнинг асл негизида ҳам таълим сифатини халқаро талабларга мослаштириш мақсади ётибди. Айниқса, халқ хўжалигининг барча соҳаларини жадал ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг янги даври миллий иқтисодиётимизнинг юксалишига асос бўлмоқда.

    Бундан кўзланган мақсад моддий ва маънавий манбаларни ишлаб чиқаришни динамик ҳамда пропорционал тарзда ривожлантириш, илм-фанни ишлаб чиқариш билан интеграциялаш, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш ва захираларини аниқлаш ҳамда уни моделлаштиришдир. Бунда мавжуд хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, истеъмолга тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш билан бирга, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар салмоғини ошириш, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро бозордаги рақобатлашув салоҳиятини таъминлаш орқали иқтисодиётни ислоҳ этиш ва уни модернизация қилиш, энг асосийси, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштиришдан иборат.

    Қабул қилинаётган дастурлар ва уларни амалга ошириш учун яратилган моддий манбалар ва имкониятларнинг барчаси эртанги кун тараққиёти учун масъулиятни зиммасига оладиган юқори малакали мутахассислар учундир. Чунки чуқур илмий тадқиқотларга, таҳлилларга таянган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шиддат билан ўсиб бораётган янгича ўзгаришлар замон билан ҳамнафас кадрларга эҳтиёж сезмоқда.

    Шунинг учун таълим тизимидаги ислоҳотлар моҳиятан замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, барча замонавий компетенцияларга эга олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга қаратилган.

    Бугунги кунда дунё иқтисодиётининг барча тармоқлари рақамли тизимга ўтмоқда. Бу эса рақамли трансформация ахборот технологиялари ва юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналаридаги муаммоларни ҳал қилишга қодир қўшимча мутахассисларни талаб қилади.

    Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 20 июнь куни «Инно» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам муҳандислик соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари фаолияти танқидий ўрганилди. Масъулларга келгусида амалга ошириш лозим бўлган қатор вазифалар белгилаб берилди.

    Бугунги кунда дунё миқёсида саноатда таннархни камайтириш муҳим масалалардан бир экани ҳақида сўз борди. Таъкидланишича, хорижий олийгоҳларда «таннарх муҳандислиги» (кост инжиниринг) йўналиши бўйича кадрлар тайёрланади. «Қиёслаш муҳандислиги» (бенчмаркинг) орқали энг яхши амалиёт ва ютуқларни таҳлил қилиб, улардан андоза олиб, ишлаб чиқаришга жорий қилиш ўргатилади. «Қайта муҳандислик» (реверсив инжиниринг) тайёр маҳсулотни олиб, ишлаш механизмини бўлакларга бўлиб, муаллифлик ҳуқуқини бузмаган ҳолда ўхшаш маҳсулот яратишни ўргатади.

    Йиғилишда, шунингдек, маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбур бўлаётгани қайд этилди. Хориждаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, мукаммал мутахассисларни ўзимизда тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш муҳим масала сифатида белгиланди.

    Энди муҳандислик олийгоҳларининг барча ҳамкор корхоналарида кафедралар филиаллари фаолияти ва дуал таълим тизими йўлга қўйилиши кўзда тутилди. Талабалар битирув курсидаги таълим жараёнларини, шунингдек, амалиётини тўлиқ ҳамкор корхоналарда ҳам илм, ҳам тажрибага эга бўлиб давом эттириши бўйича кўрсатмалар берилди. Бунда муҳандислик олийгоҳларида Илғор муҳандислик мактаблари фаолияти йўлга қўйилиб, икки йиллик амалий магистратура дастурлари бўйича ўқитилиши мувофиқлаштирилади.

    Таълим жараёнидаги барча зарур шарт-шароитларни таъминловчи юқори технологияли корхоналар билан ҳамкорликда янги турдаги кадрлар тайёрлаш тизими, яъни илғор муҳандислик мактабларини яратиш бўйича вазифалар топширилган. Инновацион ечимлар ишлаб чиқувчи муҳандисларни тайёрлаш, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, илғор ишланмалар ва тадқиқотлар билан яқиндан қўллаб-қувватлаш орқали жаҳон даражасига мос салоҳиятли кадрлар етиштириш бугуннинг асосий вазифаларидан бирига айланган.

    Муҳандислик олийгоҳларида юқори технологияли корхоналар билан ҳамкорликда Илғор муҳандислик мактаблари фаолияти «тармоқ – корхона – олийгоҳ» занжири асосида ташкил этилиши яхши самара бермоқда.

    Наманган тўқимачилик саноати институтида ҳам тўқимачилик, бўяш-пардозлаш технологиялари ва уларни тадқиқ қилиш лабораторияларидан иборат Илғор тўқимачилик муҳандислиги мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Институт ва тўқимачилик корхоналари ҳамкорлигида соҳада малакали муҳандис-технолог ва механикларни тайёрлаш ҳамда техник-технологик йўналишлар бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш, инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришни жадаллаштириш мақсадида дастлаб Косонсой тумани «Намуна» кичик саноат ҳудудида фаолият юритаётган «Баркас» МЧЖда Илғор муҳандислик мактаби филиали ташкил этилди. Ушбу мактабда тингловчилар энг замонавий моддий-техник базада амалий тажрибаларини мунтазам шакллантириб боради.

    Мактабда талабалар тўқимачилик толаларидан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлардаги илғор технологияларни корхона мутахассисларидан ўрганиб, институтда олган назарий билимларини амалиётга татбиқ этиш орқали чуқур ўзлаштиради. Бундан ташқари, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда иштирок этиш ҳамда илмий инновацион тадқиқот ишлари олиб борган ҳолда касбий кўникмаларини ҳам янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

    Институтда икки йиллик индувидиал таълим йўналишлари бўйича ўқитишнинг амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилди. Биринчи йили талабалар корхоналардаги мавжуд технолигияларни мукаммал ўзлаштиради, корхона буюртмаси асосида янги маҳсулотлар лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади ва чуқурлаштирилган модуль дастурлар асосида ўқитилади. Иккинчи йилда янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.

    Турли йўналишлардаги талабаларнинг ўқишини Илғор муҳандислик мактаби филиалида биргаликда ташкил этиш, яъни фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви амалиёти жорий этилди. Корхонада мухандис технолог ва механиклар бир лойиҳа доирасида ишлайди. Шунингдек, бўяш-пардозлаш бўлимида муҳандис технологлар билан кимё технологияси мутахассислари ишларини мувофиқлаштириш самарали экани маълум бўлди. Бунда технологик маҳсулотлар ва инновацияларни «ғоядан бозорга» тамойили остида ишлаб чиқаришнинг замонавий усул ва воситаларини кенг жорий этиш бўйича тўпланган тажрибалар малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилди.

    Илғор муҳандислик мактабида жамият муаммоларига хавфсиз ечим топиш учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариш, технологик жиҳоз-ускуналар ва мосламаларни таъмирлаш, уларни унификациялаш, лойиҳалаштиришда илмий-амалий, иқтисодий, ижтимоий ва амалий билимларни қўллаш кўникмалари шакллантирилмоқда.

    Институтда бакалавриатура йўналишида «4+2» янги ўқитиш тизими жорий этилиши натижасида назария ва амалиётни бирга олиб бориш самара бермоқда. Корхона жиҳозлари ва технологияларидан бевосита ўқув жараёнида фойдаланиш орқали талабаларнинг назарий билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга, корхона ва ишлаб чиқариш шароитларига ижтимоий мослашувига эришилмоқда. Бу орқали келгусида юқори касбий кўникмалар шаклланган талабаларни Илғор мухандислик мактабига саралаб олиш имкониятлари яратилади.

    Таълим сифатини таъминлаш учун замонавий ўқув дастурларини имитация қила оладиган илғор педагогик технологияларни жорий қилиш, интерфаол шаклларни, симулацион усулларни ҳамда лойиҳавий усул ва воситаларни қўллаш орқали «устоз-шогирд» тизими самарали йўлга қўйилди.

    Муҳандислик соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида Илғор муҳандислик мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшадиган малакали мутахассислар тайёрлаб берилади.

    Қурбонали ХОЛИҚОВ,

    техника фанлари доктори,

    профессор

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates