Буюк юксалиш йўлидаги улкан қадамлар

    Мамлакатимизда Конституциямизнинг 32 йиллигини муносиб кутиб олиш ва кенг нишонлаш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши билан тасдиқланган дастурга биноан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ранг-баранг тадбирларда “Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” деган бош ғоя ўз инъикосини топмоқда.

    “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган юксак самарали ёндашув доирасида бошқарув тузилмаларини модернизация қилиш ҳамда демократик жараёнларда аҳолининг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган кенг кўламли сиёсий ва конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, туб ўзгаришлар йўлига дадил қадам қўйилди.

    Халқимизнинг бевосита иштирокида ҳар томонлама пишиқ-пухта ўйланган ва умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар талабларига тўлиқ жавоб берадиган Бош қонунимизнинг янгиланиши нафақат халқимиз ҳаётидаги улкан сиёсий, ижтимоий-ҳуқуқий воқеа, балки йирик оламшумул ҳодисадир.

    27 октябрь куни бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеа — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига сайлов янги Ўзбекистонда муҳим конс титуциявий ислоҳотлардан сўнг давом этаётган улкан ўзгаришларда алоҳида аҳамиятга эга.

    Сайловнинг “Менинг танловим — обод Ватаним!” шиори остида ўтказилганида ҳам улкан маъно бор. Бу шиор ғоявий кураш ва кучли рақобат муҳитида барча фуқароларни бирлаштирувчи байроқ сифатида муҳим аҳамият касб этди.

    Ушбу сайлов янгиланган Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтди.

    Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги бештадан ўн иккитага, Олий Мажлис Сенатиники эса ўн иккитадан ўн саккизтага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди.

    Ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгашларига раҳбар бўлиши бекор қилинди. Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органлари ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган ўттиз учта ваколат маҳаллий кенгашларга ўтказилди. Бу эса сайловда сиёсий партиялар ва номзодлар ўртасида фаол рақобат муҳити шаклланишига хизмат қилади.

    Миллий парламент ва ҳудудий вакиллик органларини шакллантириш халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигимизга тўла мос равишда, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқимизнинг фаоллиги, сиёсий майдонда ғоя ва фикрлар хилма-хиллиги қарор топган, сиёсий партияларнинг кучли рақобат муҳитида кечгани юртимиз ижтимоий ҳаётида янги сиёсий анъаналарнинг мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

    Инсон қадрини янада юксалтириш давлат сиёсатининг бош тамойили сифатида белгиланган Ўзбекистондаги кўлами кенг, шиддати баланд, натижадорлиги юксак демократик ўзгаришлар халқимиз манфаатларини изчиллик билан таъминлаш, ватанимизнинг халқаро нуфузини янада ошириш йўлида узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсатнинг ҳаётдаги самаралари эканига ҳар қандай киши амин бўлади. Жаҳон банки томонидан Ўзбекистоннинг Европа ва Марказий Осиёдаги иқтисодиёти энг жадал ривожланаётган уч мамлакатдан бири сифатида эътироф этилгани бунинг ёрқин далилидир.

    МУҲИМ ЎЗГАРИШЛАР

    Шу йил 31 августда Президентимиз давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Бутун халқимизни сайловда фаол иштирок этиб, янги Ўзбекистон учун, эркин ва фаровон ҳаёт, фарзандларимизнинг бахти ва истиқболи учун овоз беришга чақираман”, деб даъват қилгани эл-юрт келажаги учун бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз қалбида акс садо берди. Улар ўз фуқаролик бурчидан келиб чиқиб, мазкур сиёсий тадбирга юксак масъулият, ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғуси билан ёндашганига аҳли олам бугун гувоҳ бўлиб турибди.

    Бу йилги сайловнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — миллий сайлов комиссиялари тизими давр талаби ва демократик тамойиллар асосида такомиллаштирилди. Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди ва самарали фаолият кўрсатди. Зеро, ҳудудий сайлов комиссияларининг асосий вазифаларидан бири тегишли ҳудудда Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этишдан иборат.

    Янгиланган Конституциямиз ва янада такомиллаштирилган сайлов қонунчилиги асосида, демократик тамойилларга мувофиқ, очиқ-ошкора, кучли рақобат шароитида ўтказилган сайловда 15 миллиондан кўпроқ фуқаро — рўйхатга киритилган қарийб 75 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этди.

    Булар, халқаро экспертлар ҳақли равишда таъкидлаганидек, Ўзбекистон ҳуқуқий ислоҳотни асосий миллий вазифа сифатида танлагани ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида уни муттасил амалга ошириб келаётганига амалдаги яққол мисоллардир.

    Дарҳақиқат, демократик давлатларда Конституция асосий қонун сифатида сайлов қонунчилигининг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. Шу жиҳатдан қараганда, янги Ўзбекистон Конституцияси ҳам мамлакатимизнинг демократик принципларга таянган сайлов тизимининг пойдевори ва амалдаги сайлов қонунчилигининг мустаҳкам ҳуқуқий негизидир.

    Мамлакатимиз миллий сайлов тизимининг асосий тамал тоши ва серқирра ҳуқуқий жиҳатлари Конституция ва Сайлов кодексида белгиланган. Бу, биринчидан, сайлов жараёнларининг демократик тамойиллар асосида адолатли, холисона, очиқ ва ошкора ўтказилишига хизмат қилади. Иккинчидан, сайлов жараёнларининг фаол иштирокчиси ҳисобланган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини кафолатлайди. Учинчидан эса сайлов жараёнида фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, сиёсий партияларнинг дастурий мақсад ва вазифалари амалга оширилишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмларни акс эттиради.

    Бундай ўзгаришлар самарасида миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар ваколатлари кенгайтирилиб, фаолиятидаги демократик тамойиллар янада мустаҳкамланди. Бу эса аҳолининг парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ва сайлов жараёнига қизиқишини сезиларли даражада оширгани сайлов кампаниясида яққол сезилди.

    2023 йил 18 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар ки ритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми учун ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлади. Мазкур қонунга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими — мажоритар ва пропорционал асосда ўтказиш белгилаб қўйилди.

    Бошқача айтганда, сайловчилар илк бор Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир бир мандатли сайлов округи бўйича сайлов бюллетени ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир ягона сайлов округи бўйича сайлов бюллетени асосида овоз бердилар.

    Бошқача айтганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари одатдагидек мажоритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайланди. Қолган 50 фоизи, яъни 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида бешта сиёсий партия томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати (партия рўйхати) бўйича берилган овозларга мутаносиб равишда сайланди.

    Аввало, аралаш сайлов тизими сиёсий партияларнинг дастурлари ўртасидаги ўзаро рақобатни кучайтирди. Иккинчидан, ҳар бир сайловчининг овози муҳимлиги ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани таъминланди ҳамда ушбу имконият депутатлик ўринларини шакллантиришда муҳим роль ўйнади. Учинчидан, сиёсий партияларнинг жамиятдаги мавқеини янада ошириш ва позициясини мустаҳкамлашга ҳамда сайлов кампанияси харажатларини ихчамлаштиришга хизмат қилди.

    Бундай муваффақиятлар негизида халқимиз иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз ифодасини топган энг юксак ғоялар, демократик тамойиллар, эзгу мақсадлар, орзу-интилишлар мужассамдир. Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, Конституциямиз халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунасидир.

    МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ АСОС

    Конституциямизда алоҳида “Сайлов тизими” деб номланувчи XXII бобнинг мустаҳкамланиши мамлакатимиз тараққиётида катта аҳамиятга эга. Дунё конституциявий қонунчилиги тажрибасида кам учрайдиган ушбу илғор ёндашув нақадар ўз вақтида, пишиқ-пухта ва узоқни кўзлаб амалга оширилганини ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатмоқда.

    Бош қонунимизда Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланишига, шунингдек, сайлов умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилишига оид муҳим конституциявий қоидалар мустаҳкамланиши юртимиздаги барча даражадаги сайловларнинг, биринчи навбатда, ушбу конституциявий негизларга бевосита таянишини англатади.

    Хусусан, Конституциямизда қайд этилганидек: “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”.

    Яна бир муҳим жиҳат сайловга оид конституциявий қоида ва талаблар ҳам Конституциядаги энг асосий тамойиллар билан ўзаро узвий боғлангани ва уларга ҳамоҳанглигидир. Жумладан, Конституциямизнинг бош устунларидан бири “халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” тамойилидир. Хусусан, мазкур принцип Конституциянинг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади”, деган нормасида янада ривожлантирилган.

    Бу тамойил “демократия” тушунчаси билан уйғун бўлиб, аввало, давлат ҳокимиятининг фақатгина халққа тегишли эканини, давлат халқ иродасини ифодалаши ва унинг манфаатларига хизмат қилиши лозимлиги, давлатнинг асосий вазифаларидан бири инсон ва жамият фаровонлигини таъминлашга қаратилганини англатади. Буни давлатимиз раҳбари томонидан энг устувор масалалар қаторида “Конституция — эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” маърузасида белгилаб берилган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган муҳим қоида ва талабнинг моҳияти ҳам ёрқин намоён этади.

    Кечаётган барча ислоҳотлар, давлат органларининг вазифалари, фаолияти ва хатти-ҳаракатлари ягона олий мақсад — халқ фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган. Бу улуғвор ғоя Конституциянинг барча моддаларига сингдирилган. Уларга кўра, давлат ҳокимияти амалда ва қонун бўйича Ўзбекистон халқига тегишли эканининг ёрқин ифодасидир. Халқ ўз хоҳиш ва иродасини бевосита давлатимиз қонунчилиги асосида ва доирасида бир неча хил усуллар ҳамда кўринишлар, жумладан, ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириш орқали рўёбга чиқаради.

    Булар ўтган йили амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар доирасида Бош қонунимизда акс этган инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият деб тан олинган кўп миллатли халқимиз иродасини рўёбга чиқариш мақсади билан бевосита боғлиқдир.

    Зотан, ўзининг ташкил этилиши ва тузилиши жиҳатидан ҳамда фаолиятида халқнинг иродасига таянган, барча умумэътироф этилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга интилган давлат деганда том маънодаги демократик давлат тушунилади. Бунда демократик давлат фуқароларнинг эркинлиги ва ҳурфикрлилигига асосланган фуқаролик жамиятининг гарови, таянчи ва муҳим ажралмас таркибий қисмидир.

    Конституциямизнинг ғояси, мақсади, руҳи — ҳар бир қоидаси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, асрлар мобайнида шаклланган демократик қадриятлар, миллий давлатчилик, шунингдек, неча минг йиллардан буён авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган давлатни идора этиш ҳамда халқ билан бамаслаҳат сиёсат юритиш анъаналарини ўзида тўла мужассамлаштирган.

    Айниқса, давлатимиз раҳбарининг: “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган фикри халқ билан бамаслаҳат сиёсат юритиш анъаналари жамиятимизда мустаҳкам қарор топаётганининг амалдаги исботидир.

    Конституция миллий сайлов тизимини ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини демократик ривожлантиришда, шубҳасиз, доим асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

    Конституциянинг такомиллаштирилиши асосида сайлов жараёнлари билан боғлиқ янги нормаларнинг мустаҳкамланиши сайловнинг қонунийлик, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида, жаҳонда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтишини, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини ҳамда давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашга хизмат қилади.

    Буларнинг барчаси янги Ўзбекистонда сайлов тизимини халқаро нормалар ва тамойилларга мослаштириш, сайловчилар учун янада кенг имкониятлар яратиш ва фуқароларнинг эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг юксак самарасидир.

    ЮКСАЛИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

    Ўтган сайловни хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар миссияларининг саккиз юз элликдан ортиқ кузатувчиси, оммавий ахборот воситаларининг мингдан кўпроқ вакили бевосита кузатиб борди.

    Ушбу рақамларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб борган сиёсий партиялар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўн минглаб кузатувчилари ва ваколатли вакилларини ҳам қўшинг.

    Мамлакатимиз Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатини рўйхатга олди. Парламентимиз қуйи палатаси таркиби қарийб 60 фоиз янгиланди.

    Сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу Ўзбекистон тарихидаги энг юқори кўрсаткич эканини таъкидлаган халқаро экспертлар тамомила ҳақдир.

    “Сайловда жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳам фаол иштирок этди, — дейди германиялик журналист Андела Бела. — Бу ҳар бир инсон ўзининг сайлов ҳуқуқидан эмин-эркин фойдаланганидан далолатдир”.

    Рўйхатдан ўтган барча бешта сиёсий партия қонун билан таъминланган тенг шароитларда эркин ташвиқот ўтказиш имкониятига эга бўлди деб эътироф этди Eвропада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти экспертлари. Сайловга тайёргарлик барча даражада ва белгиланган муддатларга риоя қилган ҳолда самарали ўтказилгани таъкидланди.

    Халқаро кузатувчилар Марказий сайлов комиссияси мажлисларининг реал вақт режимида намойиш қилинганини таъкидлар экан, комиссиянинг қарорлари тезкорлик билан эълон қилинганига, бу эса шаффофлик кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этганига эътиборни қаратди.

    Барча партиялар вакиллари ўртасида ҳар ҳафта дебатлар ташкил этгани ва жонли эфирга узатгани учун бешта телеканал ташаббуси ижобий баҳоланди.

    2023 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиришларга биноан муомалага лаёқатсиз деб топилган ва озодликдан маҳрум этилган фуқароларга нисбатан сайлов ҳуқуқларининг тўлиқ чекланиши бекор қилингани халқаро стандартларга мосдир.

    Халқаро экспертлар, шунингдек, такрорий овоз бериш ва сайлов кампанияси бўйича молиявий ҳисоботни тақдим этиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилганини ҳам муҳим ўзгариш сифатида баҳоладилар.

    Буларнинг барчаси сайловнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартларга мос ўтказишда муҳим омил бўлди.

    Ўтган ҳар бир сайлов мамлакатимизда ривожланган демократик ҳуқуқий давлат, эркин, очиқ ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш сари қўйилган муҳим қадамдир. Конституциямизда ва миллий сайлов қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган тамойиллар асосида ўтказилган навбатдаги сайлов халқимизнинг фаровонлигини янада оширишда янги қадам бўлиб, буюк юксалиш йўлидаги интилишларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

    Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси

    Конституциявий суди раиси,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

    юрист