Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Олий Мажлис палаталари аъзоларининг иштироки ёки Референдум йўли билан амалга оширилади. Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида келажак ҳаётнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масъулиятли ва шарафли вазифаси вужудга келди.
Конституцияда давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилигининг асосий принциплари, инсон ҳуқуқ ва бурчлари, ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатлари, мамлакатнинг маъмурий-ҳуқуқий тузилиши, иқтисодий асослари, давлат ҳокимиятини ташкил этиш тартиблари ва ваколатлари, сайлов тизими белгилаб қўйилди.
Конституциямиз Муқаддимасида давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар аниқ белгилаб берилган.
Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлик. Бу билан Конституциямиз инсоннинг асрлар давомида дунёда шаклланган асосий маънавий-ахлоқий қадриятлари ва асосий ҳуқуқларини ўзида мужассам этган ҳолда, инсоннинг олий қадрияти — унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати эканини эълон қилди.
Конституциямизнинг аввалги таҳриридан фарқли ўлароқ, унинг янги таҳрирининг асосий ғояси шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, илгари мавжуд бўлган «давлат — жамият — шахс» парадигмасини янги: «инсон — жамият — давлат» тамойилига ўзгартиришдан иборат.
Давлатимиз раҳбари таърифига кўра, инсон қадри — мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаёт, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатади.
Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси давлатимизнинг бутун ички ва ташқи сиёсатининг тамал тошига, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига ҳамда ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни ўзаро боғлаб турувчи муҳим омилга айланди.
Ўтган даврда Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни таҳлил қилсак, бу ўзгартириш ва қўшимчалар ижтимоий ҳаётни, давлат қурилиши ва бошқарувини янада демократлаштиришга, фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини кучайтиришга қаратилганлигини кўрамиз.
Мукаммал Конституцияни қабул қилиш масалани бир томони. Лекин уни фақат қабул қилиб қўйиб, нормаларини таъминланишини самарали чоралари кўрилмаса кутилган натижа чиқмайди. Охирги йилларда амалга оширилаётган таълим, тиббиёт, одил судлов соҳасини такомиллаштириш, халқ билан мулоқотни янгича йўлга қўйишга қаратилган тадбирлар Конституция нормаларини ҳаётга татбиқ қилинишини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Албатта ҳамма қилинаётган ишларни самараси бирданига бўлмайди. Бунинг учун маълум вақт керак. Айтиш мумкинки, Асосий қонунга киритилган бу ўзгартириш ва қўшимчалар унда белгиланган асосий мақсад, ҳуқуқий давлат қуришдан келиб чиқиб, давлат бошқарувини эркинлаштиришга, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга, халқ, инсон манфаатини янада кучли, ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Шу ўринда келгусида, Конституциямизнинг жамиятимизнинг иқтисодий негизлари, жамоат бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти асослари каби бобларга ҳозирги ислоҳотлар мақсадларидан келиб чиқиб ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб бориш лозим бўлади. Мисол тариқасида, бу ўзгаришлар фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти, парламентнинг мурожаатлар билан ишлаш тартиби, қонунларнинг ижро этилишини назорат қилиш функцияси, маҳаллий ижро ҳокимияти ҳамда вакиллик органларининг алоҳида мақомда фаолият олиб бориши каби масалалар билан такомиллашиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил 16 ноябрда имзолаган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишда алоҳида таъкидлаганидек, «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди».
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, келгусида Конституциянинг тегишли нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши бу унинг янада такомиллашувига, халқ манфаатларининг кафолатланишига хизмат қилади.
Алишер ИКРОМОВ,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd),