Амир Темур ва темурийларга бағишланган нодир қўлёзма топилди

    Манбашунос-тадқиқотчи Муҳаммадшариф Жалиловнинг маълумотларига кўра, мазкур китоб Амир Темур ҳаёти ва темурийлар ҳақида форс тилида битилган манба бўлиб, Амир Темур вафотидан 315 йил ўтиб Абдураҳмон Сийрат томонидан ёзилган.

    Асарнинг номи арабча “Канзул аъзам”, яъни буюк хазина деган маънони билдиради.

    Абдураҳмон Сийрат ўзининг ушбу китобида Амир Темур таваллудидан бошлаб то унинг вафотига қадар бўлган маълумотларни баён этади. Бундан ташқари, китобда соҳибқирон фарзандлари ва Абулфатҳ Шайбонийхон, Исмоил Сафавий ва Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлик даврлари, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистонни забт этишига қадар бўлган қизиқарли воқеаликлар тилга олинади.

    Китоб муаллифига кўра, ушбу асар буюк соҳибқирон Амир Темур тарихини кейинги авлодга асл ва соф ҳолида етказиш мақсадида ёзилган.

    Абдураҳмон Сийрат китоб муқаддимасида ушбу асарни 92 та мўътабар тарихий манбага таянган ҳолда бадиий ифода тарзида битганини алоҳида қайд этади. Китобдан, шунингдек, Ҳофиз Обрў, Ибн Арабшоҳ, Абдураззоқ Самарқандий, Мавлоно Ашраф, Абдуллоҳ Ҳотибий, Хожа Ҳасан Нишопурий, Абдуллоҳ Балхий, Қози Байзавий, Низомиддин Шоимий, Тафтазоний, Журжоний, Нақшбандий, Шарофиддин Али Яздий, Мир Саид Барака, Алишер Навоий, Мулла Муҳаммад Таниш Бухорий, каби кўплаб алломалар ҳақидаги маълумотлар жой олган.

    “Канзул аъзам” деб номланишига шу сўзлардан китобнинг тамомланган санаси келиб чиқиши сабаб бўлгани қайд этилади.

    Айни кунларда қўлёзма манбани ўқиб ўрганаётган ва таржима қилишга киришган тадқиқотчи Муҳаммадшариф Жалиловнинг билдиришича, бу асар Амир Темур ва бошқа алломалар ҳақида бадиий услубда ёзилган ва шу пайтгача етиб келган манбаларнинг энг қадимийси бўлиши мумкин.

    Китоб форсий тилда ёзилган, 502 саҳифадан иборат. Ҳар бир саҳифа 21 қатордан ташкил топган. Китобнинг муқоваси қалин ва қаттиқ бўлиб, китобат санъати асосида тайёрланган. Унда келтирилган ҳар бир тарихий воқеа муаллиф томонидан бадиий йўсинда ифода этилган.

    Айрим манбашунос олимларнинг фикрича, мазкур қўлёзма Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларида битилган бўлиши мумкин. Китобда ҳар бир бобнинг бошланиш мавзуси қизил сиёҳда акс этган бўлиб, Ҳожа Аҳмад Яссавий, Занги ота, Ҳожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Порсо ҳамда Жалолиддин Румий каби буюк алломалар авлодлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар келтирилган.

    Ундан ташқари, Амир Темурнинг Балх шаҳрида тахтга келишидан тортиб ҳар бир лавозимга кимларни тайинлаганигача бўлган тафсилотлар, соҳибқироннинг барча юришлари, унинг ҳаж сафари, Боязид Йилдирим, Тўхтамишхон, Аҳмад Жалойир кабилар билан жанг тафсилотлари ва Хитойга юриши, шунингдек, қай тарзда вафот этгани тўғрисида маълумотлар учрайди.

    Манба мундарижасидан маълум бўлишича, унда темурийлар, усмонийлар, шайбонийлар, аштархонийлар сулолалари шажараси, ундан ташқари, Амир Темурнинг Хоразм, Марв, Балх, Ҳирот, Сейистон, Эрон шаҳарларга бориши, Рай, Амал, Язд, Табриз, Шероз, Нишопур, Дашти қипчоқ ҳудудлари, Мозондарон, Қаҳтистон, Табаристон, Озарбайжон, Қандаҳор, Ҳиндистон қалъаларини эгаллаши, Макка ва Мадина шаҳарларига юриши, Яман, Шом, Миср, Халаб, Балабака, Хамас, Қуддус каби шаҳарларни фатҳ этиши каби тарихий маълумотларга кенг ўрин берилган.

    Бу китоб ҳақида тўлиқ илмий хулоса ушбу китоб охиригача ўқиб ўрганилиб бўлинганидан сўнг яна батафсил илмий жамоатчиликка маълум қилиниши айтилмоқда. Қўлёзма манбанинг нечоғлиқ тарихий аҳамиятга эга ёки эга эмаслиги ҳақида манбашуносларимизнинг келгусидаги тадқиқотлардан билиб оламиз.

    Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

    “O‘zbekiston tarixi” телеканали директори,

    филология фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates