Анъанавий иқтисодиётдан “яшил ўсиш” сари

    “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш нафақат алоҳида миллий иқтисодиётни, балки бутун сайёра барқарорлигини белгилайдиган глобал тенденциядир.

    Бир вақтлар оддий табиат ҳодисаси сифатида қаралган иқлим ўзгаришлари бугун жаҳонда глобал таҳдид тусига кирди. Ҳатто, дунё ҳамжамияти мазкур хавфни инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири, дея тан олмоқда. Унга қарши ўз вақтида чора кўрмаган давлатлар эса иқлим ўзгаришлари юзага келтирадиган жиддий оқибатларга қарши катта маблағларни мобилизация қилишларига тўғри келади.

    Бу масала аллақачон, нафақат муайян мамлакатлар, балки жаҳон иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсата бошлади. Маълумотларга кўра, асримизнинг охирига бориб иқлим ўзгаришлари оқибатида дунё ялпи ички маҳсулоти 20 фоиз иқтисодий зарар кўриши мумкин. Жараён билан боғлиқ салбий таъсирларга, айниқса, Марказий Осиё минтақаси ўта мойиллиги билан ажралиб туради. Шу боис, глобал таҳдидга қарши Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорликда комплекс ечимларни топиши ниҳоятда муҳимдир.

    Аслида ҳам экологик муаммолар ижтимоий-ғоявий ва ҳудудий чегара билмайди. Уларнинг олдини олишда ягона самарали йўл эса дунё халқлари, барча миллат ва элатлар эътиборини табиат ва жамиятдаги номутаносиблик ҳамда унинг кун сайин кескинлашиб бораётганига қаратиш ҳисобланади.

    Давлатимиз раҳбарининг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, ташаббуслари туфайли сўнгги йилларда қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги — соғлом сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилгани бунга имконият яратмоқда. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторида шубҳасиз, экологик муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

    Шу жиҳатдан, Президентимизнинг 16—18 декабрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган расмий ташрифи барча соҳалар қатори пандемиядан кейинги даврда иқлимнинг барқарор келажагига эришиш учун янги жиҳатлар ва ҳамкорликни белгилаш учун “ноёб имконият” бўлди. Боиси, бугунги кунда Корея Республикаси дунё давлатлари орасида ривожланишда “яшил иқтисодиёт” тамойилига ўтган лидер давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

    Анъанавий ривожланиш моделининг беқарорлиги иқтисодиётни трансформация қилишнинг янги ривожланиш концепциясини излаб топишга йўл очмоқда. Иқтисодий ўсишнинг анъанавий моделидан “яшил иқтисодиёт”га ўтиш нафақат алоҳида миллий иқтисодиётни, балки бутун сайёра барқарорлигини белгилайдиган глобал тенденциядир. Ҳозирда “яшил ўсиш” кўплаб давлатларнинг мақсади, глобал экологик муаммоларни ҳал қилишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тавсиясига кўра, давлатлар ўз ялпи ички маҳсулотининг ҳеч бўлмаганда 1 фоизини “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга йўналтириши лозим. Бу кўрсаткич АҚШ, Швеция, Италия ва бошқа иқтисодий ривожланган мамлакатларда 1 фоиздан ошмаган бир пайтда, Кореяда 3 фоизни ташкил этмоқда.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йилда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб Глобал яшил ўсиш институтига аъзо бўлди. Юртимиз Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни 10 фоизга қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни мунтазам бажариб келмоқда.

    Бу борада Ўзбекистоннинг Корея билан ҳамкорлиги “яшил” иқтисодиётни таъминлаш учун халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик муносабатлари орқали инновацион “яшил” инвестицияларни рағбатлантириш, иқтисодиётга экологик тоза технологияларни тўлиқ жорий этиш каби мақсадларга қаратилган. Ҳозирда Корея билан тузилган “янги курс” лойиҳасининг асосий элементи бўлган рақамли ва “яшил” соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро англашув меморандуми асосида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

    Мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини ошириш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантириш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида “ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш концепцияси қўлланилаётгани ҳам алоҳида аҳамиятли. Бу борада Корея Республикасининг бой тажрибасидан фойдаланиш ушбу мақсадларда белгиланган миллий марраларни самарали амалга ошириш имкониятларини яратади.

    Президентимиз жорий йил бошида Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик — 2030” иккинчи халқаро саммитидаги нутқида “яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди.

    Келгуси йили “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказиш, шунингдек, “яшил” истеъмол маданиятини шакллантириш мақсадида “яшил” иқтисодиётни барпо этишга ёшларни жалб этиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

    “Яшил” истеъмол маданияти, авваламбор, экологик масъулиятни ҳис этган ҳолда юриш-туриш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш мақсадларида ишлаб чиқариш ва истеъмол маданиятини ривожлантиришни ўз ичига қамраб олади. Ушбу ҳислатларни эса инсонга ёшлигиданоқ сингдириб бориш зарур. Демак, экологик маданият, таълим-тарбия борасида ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам кенг муҳокамалар мавзуси бўлмоғи лозим. “Яшил” иқтисодиётни барпо этишга ёшларни кўпроқ жалб этиш бўйича махсус дастурнинг амалга оширилиши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқади.

    Маълумки, яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам Президентимиз томонидан минтақадаги таҳдидлар ва имкониятлар, барқарор ривожланиш бўйича 10 та асосий ташаббус илгари сурилган эди. Ушбу ташаббуслар ичида иқлим ўзгаришига мослашиш, минтақада “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, келгусида Орол денгизи қуриши каби муаммоларга йўқ қўймаслик ҳамда ўзаро ва БМТ билан ҳамкорликда ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир масалалар алоҳида кўрсатиб ўтилганди.

    Бугунги кунда эса иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида кўплаб давлатлар қаторида Ўзбекистон томонидан Париж битими қабул қилинган. Саноатлаштиришнинг жадаллашиб бориши, аҳоли сонининг кескин ортиши ҳамда иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжининг сезиларли даражада ошиши жараёнларида Корея амалиётидаги “яшил иқтисодиёт” принципларини фаоллаштириш нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақани барқарор ривожлантириш имкониятларини беради.

    Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида барча соҳалар каби иқлим сиёсати борасида амалга оширилиши лозим бўлган конструктив ҳамкорлик режалари белгилаб олинди. Ушбу ҳамкорлик режаларининг дастурлар асосида амалга оширилиши шубҳасиз, мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

    Ислом ХУШВАҚТОВ,

    Олий Мажлис

    Қонунчилик палатаси депутати,

    Ўзбекистон Экологик партияси ракцияси аъзоси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates