Андижон футбол клуби аъзосига жиноят иши қўзғатилди

    Спорт 14 август 2024 628

    У Миллий гвардия ҳарбий хизматчисига тан жароҳати етказди.

    Жорий йилнинг 11 август куни Чилонзор тумани «Бунёдкор» стадионида «Бунёдкор» — «Андижон» жамоалари ўртасида футбол учрашуви бўлиб ўтди.

    «Андижон» футбол клуби аъзоси Mарлен Ч. стадионнинг VIP бўлимида ўйинни томоша қилган. Учрашув якунланганидан сўнг, соат 22:05 да футболчи VIP бўлими орқали ичкарига киришга уринган. Махсус рухсатномага (бейджик) эга бўлмаган фуқародан Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси унинг қаерга кетаётганлигини, чиқиш учун бошқа йўлакдан фойдаланиши зарурлигини айтган. Аммо фуқаро Марлен Ч. ҳарбий хизматчининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, хизмат фаолиятига қаршилик кўрсатиб, унинг юз қисмига қўли билан бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

    Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.