Анор етиштиришда янги ёндашув: шифобахш меванинг ин-витро микроклонал кўпайтириш технологияси

    Қадимий афсоналарда анор ҳукмронлик, куч-қудрат, меҳр ва садоқат рамзи саналиш билан бир қаторда кўплаб шифобахш хусусиятларни ҳам ўзида мужассам этади. Биргина мисол, анор магний, кальций, калий, фосфор, натрий, йод, А, В, С, Е витаминларига бой бўлиб, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, унинг қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ҳамда бошқа ишлаб чиқариш соҳалардаги аҳамияти катта.

    Шуни эътиборга олган ҳолда республикада мавжуд маҳаллий анор навларини генетик хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда биотехнологик усулда (in vitro) кўпайтириш ва клонлаштиришнинг оптимал шароитини аниқлаш ҳамда касалликлардан ҳоли “соғлом” кўчатларини олиш технологиясини йўлга қўйиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири, дейиш мумкин.

    Бугун сизга таништирмоқчи бўлган “Маҳаллий анор (Punica granatum L.) навларини ин-витро микроклонал кўпайтириш технологиясини яратиш” номли илмий ва амалий тадқиқот лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган бўлиб, 3 йилга мўлжалланган. Умумий қиймати 900 млн сўм бўлган, 10 нафардан ортиқ инсонни иш билан таъминлаган ушбу лойиҳа ишлари 2020 йил январ ойидан бошланган.

    — Ўзбекистонда илк маротаба анорнинг ин-витро микроклонли кўпайтириш технологияси ишлаб чиқилмоқда, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Трансгеномика ва тўқималар лабораторияси мудири, биология фанлари доктори Хуршида Убайдуллаева. — Бу орқали бошланғич экиш материаллари яъни она ўсимлик боғлари ташкил этилиб, юқори селекцион кўрсаткичлари сақланади. Микроклонал кўпайтириш технологиясидан фойдаланиш орқали ўсимликни 3-4 ой мобайнида товар стандарти даражасида етиштириш вақти камайтиришга эришилади. Бир йил давомида бир нечта янги навларни яратиш, 2-3 йил давомида эса миллионлаб сифатли кўчат материалларини олиш мумкин.

    Илмий тадқиқотлар доирада республикада мавжуд анор боғлари янги биотехнологик “соғлом” анор навлари билан қайта реконструкция қилинади хамда янги анор боғлари ташкил этилади. Бундан ташқари, мамлакатимиз чет эл давлатларидан кўчат олишга эхтиёжи қолмайди. Натижада валюта сарфи тежалади. Фарғона вилояти Қува туманида фаолият юритаётган “Фарғона анорчилик агрофирма” МЧЖ дала майдонларига ин-витро усули ёрдамида етиштирилган “соғлом” анорнинг “Козоки”, “Кайин анори”, “Туятиш”, “Жавдари”, “Корадон аччик” “Дашнабод” ва “Корабоев” каби бир қанча навлари чатиштирилган ин-витро оналик боғи ташкил этилди. Эндиликда яратилган ушбу ин-витро оналик боғидан фойдаланиб, бутун вилоятда мавжуд эскирган анорзорлар ёшартирилади, қайта тикланади ва навдорлиги юқори, соғломлаштирилган кўчатлар узлуксизлиги таъминланади.

    Натижада йилига 1000-5000 кўчат етиштириш имконияти пайдо бўлади. Бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб боради. Биринчи йил 3 та оила иш билан таъминланса, кўчатчилик йўлга қўйилиши билан бу кўрсаткич ҳам ортиб боради.

    Анорнинг генетик паспорти ишлаб чиқилади

    Ин-витро усулидаги лаборатория сифатида боғ яратилди, бир неча киши иш билан таъминланди, озми-кўпми иқтисодий самара кўзга ташланмоқда. Аммо тадқиқот ва амалий иш бу билан тугамайди. Сабаби, олдинда турли мақсадлар ва уларни амалга ошириш йўлидаги вазифалар турибди. Бу ҳақда Хуршида Убайдуллаева шундай дейди:

    — Аввало, маҳаллий анор навларининг нав тозалигини таьминлаш мақсадида ДНК нусхаларини олиш ва нав идентификациясини амалга оширишимиз ҳамда ин-витро шароитида микроклонли кўпайтириш учун анорнинг стерил ҳолдаги вегетатив танасини олиш усулини ишлаб чиқишимиз (сирт юза стерилизация) керак.

    Анор эксплантларини ин-витро шароитида кўпайтириш учун сунъий озуқа муҳити ҳам муҳим саналади. Шу боис анор эксплантлари учун фитогормонларнинг миқдор нисбатлари оптималлаштириш, олинган анор микроўсимликларини тупроқ (ностерил) шароитга мослаштириш (адаптация) жараёнини ишлаб чиқиш муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

    Асосий, махаллий анор навларининг вирусли касалликлардан ҳоли “соғлом” кўчатларини яратиш бўйича илмий ва техник шароит ишлаб чиқиш зарур. Бугунги кунда Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан бутун Республикада мавжуд маҳаллий анор навлариниг намуналари тўпланиб генетик жихатдан чуқур тадқиқ қилинмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, маҳаллий анор навларининг генетик паспорти ишлаб чиқилади ва глобал миқёсда мухофазаланади...

    Бир сўз билан айтганда, илмий тадқиқот натижалари қишлоқ хўжалиги, хусусан мева-сабзавотчилик соҳаларининг бир қанча йўналишларида қўлланилади. Бундан ташқари, маҳаллий анор навларини ин-витро шароитида кўпайтириш бўйича илмий ва амалий услублар ишлаб чиқилади ва амалиётга тадбиқ қилинади. Бу эса соҳа вакиллари, яъни биотехнология ва тўқималар култураси мутахассислари учун айни муддаодир.

    Соҳиба МУЛЛАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates