“Ақлли” қишлоқ хўжалиги

    Ҳисоб-китобга кўра, экиш, етиштириш, сақлаш ва ташишда ҳосилнинг 33 фоизи йўқотилмоқда.

    Ҳозирги кунда глобал миқёсда инсон фаолиятининг деярли барча соҳаларида рақамли технологиялардан фойдаланиш тез суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги ҳам бундан мустасно эмас. Шу боис мамлакатиизда ҳам сўнгги йилларда тармоқда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида аҳамият бериляпти. Президентимизнинг мазкур йўналишга доир фармонларида, Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 17 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси агросаноат мажмуи ва қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тармоқнинг устувор вазифалари ўз ифодасини топган.

    Таҳлилларга қараганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи мавсум давомида (қисқа муддатларда) 40 тадан ортиқ турли ечимларни қабул қилишига тўғри келади. Унинг аксарияти рақамлаштириш объекти ҳисобланиб, бевосита ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсир кўрсатади. Ҳисоб-китобга кўра, экиш, етиштириш, сақлаш ва ташишда ҳосилнинг 33 фоизи йўқотилмоқда. Шундай бир шароитда мавжуд ер, сув, моддий-техника ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминловчи “smart” ёки “ақлли қишлоқ хўжалиги” технологиялари муҳим аҳамият касб этади.

    Соҳанинг техник ва технологик базаси эса, асосан агросаноат мажмуасининг умумий ривожланишини белгилайди. Бу чорвачилик ва ўсимликларни етиштиришни технологик такомиллаштириш, ер унумдорлигини ошириш ва қўл меҳнатини механизациялашган фаолият билан алмаштиришда намоён бўлади. Техникаларининг етишмаслиги фермерларнинг имкониятларини чеклайди ва маҳсулот таннархида меҳнат сарфини оширади. Мавжуд техник воситалардан самарали фойдаланиш унинг қопланиш муддатини қисқартиради ва инновацион технологияларни қўллаш билан бирга, такрор ишлаб чиқариш жараёнини тезлаштиради.

    Яқинда Инспекциянинг мутасадди бўлими ва унинг қуйи бўғинлари томонидан рақамли технологиялар қўлланган ҳолда, республикадаги мавжуд барча қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларининг ягона электрон базаси ишга туширилди. Унда 295 минг донадан зиёд техника, жумладан, 12 минг дона ҳайдов, 49 мингдан ортиқ чопиқ, 71 мингга яқин транспорт тракторлари, 5 минг 600 та ғалла ўриш комбайни, мингдан ортиқ замонавий юқори унумли пахта териш машиналари ва бошқа техникалар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ жамланган. Натижада, авваллари уларнинг биронтаси ҳақида ахборот эгаси бўлиш учун барча рўйхатга олиш дафтарлари бирма-бир кўздан кечирилиб, бир неча кунлаб вақт сарфланган бўлса, эндиликда буни электрон база орқали бир неча дақиқада амалга ошириш имконияти яратилди.

    Ушбу база Давлат хизматлари агентлиги ва Мажбурий ижро бюроси электрон хизматлари билан интеграция қилинган. Бугунги кунда Давлат солиқ инспекцияси, Адлия вазирлиги ва Марказий банк ғазначилиги билан уйғунлаштириш ишлари якунланиш босқичида турибди.

    Электрон ҳужжат айланишининг таъминланиши қоғоз шаклидаги сўровларни бартараф этиш, хат орқали мурожаат этиб, шу тариқа жавоб олишга сарфланадиган ортиқча вақт ва қоғоз сарфининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Берилган сўровларга ўша вақтнинг ўзидаёқ электрон тарзда жавоб қайтариш имконияти яратилди ва бу инспекторлар иш самарадорлигининг кескин ошишига олиб келди.

    Бундан ташқари, техникаларни рўйхатга олиш, ҳисобдан чиқариш, техник кўрикдан ўтказиш, тракторчи-машинист гувоҳномасини беришни он-лайн назорат қилиш йўлга қўйилди. Соҳани рақамли технологияларга ўтказиш жараёнида инспекциянинг туман (шаҳар) бўлимлари 174 та замонавий компьютер технологиялари жамланмаси билан таъминланди.

    2020 йил 1 мартдан бошлаб республика бўйича техник паспорт, техник ва тракторчи-машинист гувоҳномаларининг янги пластик шаклдаги намуналари амалга киритилди. Бу, ўз навбатида, техникаларнинг аниқ электрон ҳисоби юритилишига хизмат қилади. Шунингдек, ҳудудлардаги бўлимларимиз техникаларни ўз жойида мажбурий кўрикдан ўтказиш учун 9 турдаги диагностика анжомлари ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 14 та махсус транспорт воситаси билан таъминланди. Бу иш давом этади. Ушбу замонавий технологиялардан фойдаланишни ўргатиш ва ходимлар малакасини ошириш мақсадида масофавий ўқишлар ташкил этилган.

    Инспекциянинг мазкур бўлими мутахассислари қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига техникалардан самарали фойдаланиш, сервис хизмати кўрсатиш, таъмирлаш ва сақлаш бўйича ўқув-амалий семинарлари ўтказиш орқали ҳам амалий ёрдам бериб келяпти, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари ҳам кўриб бориляпти. Жумладан, жорий йил ҳосили учун 1 миллион 80 минг гектардаги кузги шудгорлаш ишларида қатнашган 5 минг 400 дан ортиқ ҳайдов тракторлари мавсумга ўз вақтида ва сифатли тайёрланиши натижасида кунига 4-6 фоиз майдон шудгорланди ва агротехник тадбирларнинг қисқа муддатларда сифатли ўтказилишига эришилди.

    Баҳорги дала ишларида қатнашадиган техникалар, жумладан 3000 та, шундан 700 донаси лазер бошқарувли ер текислагичлар ва 10 мингга яқин чигит экиш сеялкаларининг талаб даражасида созланиши чигит экиш мавсумини қисқа муддатларда ўтказиш имконини беряпти.

    Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тармоқда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларининг самарадорлигини ошириш, суғориладиган майдонларни обиҳаёт билан барқарор таъминланишига эришишни кўзда тутади. Жумладан, қарорда 2021 йилда суғориладиган 200 минг гектар майдонни лазерли ускуна ёрдамида текислашни ташкил этиш учун маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган худи шу турдаги агрегатларни сотиб олган агросектор вакилларига мазкур техника қийматининг
    30 фоизи Давлат бюджетидан қопланиши белгиланган.

    Бу фермерларга жуда қўл келади. Шу боис жойларда мутахасисларимиз бу каби имтиёз ва янги технологияларнинг имконият, афзалликлари бўйича тушунтириш ишларини олиб боришга ҳам катта эътибор қаратяпти. Чунки, ерларнинг лазерли қурилмалар асосида текисланиши сув сарфини 20-25 фоизга тежайди, ундан фойдаланиш самарадорлигини эса, 30-40 фоизга оширади. Суғоришга кетадиган вақт, ишчи кучи ва энергия тежалиши баробарида экинлар турига қараб гектар бошига қўшимча 5-10 центнер ҳосил олишга эришилади.

    Айни пайтда жорий йилда 1 миллион 038 минг гектар майдонда етиштирилаётган ғалла ўрим мавсумида қатнашиши режалаштирилган 3 минг 389 та ғалла ўриш комбайнини сифатли ва ўз муддатида тайёрланиши юзасидан амалий ёрдамга асосланган назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

    Табиийки, бу юмушлар белгиланган талаб ва мезонларга биноан, масъулият билан амалга оширишни тақозо этади. Лекин аксинча иш тутилган ҳолатларга ҳам дуч келинмоқда. Масалан, 2021 йилнинг январь-март ойлариида тармоқ инспекторлари томонидан ҳудудларда ўтказилган 6464 та тадбир натижасида жами 3617 та, шундан 3427 та қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, 10 дан ортиғи уларга кўрсатилган таъмирлаш ва сервис хизматларининг сифати, 179 таси бошқа йўналишлар бўйича қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. Уларнинг аксарияти жисмоний шахслар томонидан содир этилган бўлиб, 379 та ёзма кўрсатма, 69 та тақдимнома киритилди, 3150 та ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилиб, 76 тасига доир ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Мазкур жараёнлар ҳам электрон базага жойланиб бориляпти.

    Инспекциянинг иш жараёнида ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, жумладан, манфаатдор идоралар билан электрон ахборот алмашинувининг йўлга қўйилиши, ҳужжатларнинг электрон шаклда расмийлаштирилиши, албатта, фуқаролар ва юридик шахсларнинг вақти ва маблағлари тежалишига , ходимлар иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

    Музаффар РАСУЛОВ,

    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

    Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш

    инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates