Ташриф доирасида халқаро кузатувчилар учун Лос Анжелес округида овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида қўлланиладиган замонавий рақамли ечимлар тақдимоти ҳамда давра суҳбати бўлиб ўтди, унда иштирокчилар сайлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича тўпланган тажрибалари билан ўртоқлашди. Бундан ташқари, кўплаб мамлакатларнинг сайлов тизимларида қўлланиладиган муҳим технологик ечимлар ҳам муҳокама этилди.
Халқаро кузатувчилар янги фойдаланишга топширилган Лос Анжелес округидаги сайлов бюллетенлари билан ишлаш маркази фаолияти билан ҳам танишиш имконига эга бўлди. Лос Анжелес округи котиби Дин Логан ва унинг офиси ходимлари халқаро кузатувчиларга Марказ фаолияти, вазифалари ва уни ташкил этиш босқичлари ҳақида ахборот берди.
Калифорния штати қонунчилигига мувофиқ, ҳар бир округда сайлов бюллетенлари марказлашган тарзда ҳисоблаб чиқилади.
Халқаро кузатувчилар сайлов бюллетенларини қайта ишлашнинг ҳар бир босқичи ва Марказ ходимларининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев ва Лос Анжелес округи котиби Дин Логан ўртасида суҳбат бўлиб ўтди, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.
Лос Анджелес округида мазкур праймеризларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 6,5 миллион фуқародан 5,7 миллион нафари овоз бериш учун рўйхатга олинган. Лос Анжелес округи Қўшма Штатлардаги энг кўп сайловчиларга эга бўлган округ ҳисобланади. Мазкур сайловларни ташкил этишга 10 минг нафарга яқин ходимлар жалб этилган.