Араб мувофиқлаштириш гуруҳи билан ҳамкорликни кенгайтирилади

    Жорий йил 4 мартда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Тошкент шаҳрида ўтказилган Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг (АМГ) давра суҳбатида иштирок этди.

    Тадбирнинг асосий мақсади – АМГга киритилган ташкилотлар иштирокида жорий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини кўриб чиқиш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларида янги истиқболли ташаббусларни аниқлаш.

    Тадбирда, шунингдек, Халқаро Ислом савдо ва молия корпорацияси, Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, Қатар тараққиёт жамғармаси, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси, Қувайт иқтисодий тараққиёт жамғармаси, ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарлари иштирок этдилар.

    — Бугунги кунга қадар 40 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган бўлса, 21 та лойиҳа амалга ошириляпти, 8 таси ишлаб чиқиляпти, — деди Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов. — Тошкентда АМГ давра суҳбатлари аввалроқ – 2014 ва 2018 йилларда ўтказилган бўлиб, бу ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатнинг энг муҳим лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилди.

    Тадбирнинг иккинчи сессиясида вазирлик ва идоралар томонидан транспорт, логистика, туризм, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, таълим, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш соҳаларида 20 та янги истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.

    Араб мувофиқлаштириш гуруҳи делегацияси вакиллари – АМГ таркибига кирувчи тузилмалар раҳбарлари, ўз навбатида, лойиҳаларнинг юқори даражада ишлаб чиқилиши, уларнинг мамлакат саноатини модернизация қилиш ва инфратузилмани ривожлантиришдаги муҳим ролини таъкидладилар ва уларни эксперт даражасида батафсил ўрганиш ва кейинчалик амалга оширишда ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар.

    Давра суҳбати кун тартибига мувофиқ, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармаси томонидан Оролбўйи минтақаси аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш учун ресурсларни сафарбар этишнинг қўшимча имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларни амалга ошириш ва атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатиш масалалари муҳокама этилди. АМГ делегацияси долзарб экологик муаммоларни ҳал этиш ва маҳаллий ҳамжамиятлар манфаати учун барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга содиқлигини билдирди.

    Шунингдек, учрашув доирасида, АМГ делегациясига жорий йил 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форуми ва жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган АИИБ йиллик йиғилишида иштирок этиш таклиф этилди.

    Учрашув якуни бўйича томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг аниқ механизмини ўз ичига олган Давра суҳбатининг Якуний баённомасини имзоладилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.