Асосий мақсад – яхлит тизимни яратиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш

    "Янги Ўзбекистон" газетасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат БОБОЖОНОВ билан суҳбат эълон қилинди.

    Бугун юртимизда халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги давлат барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда, аввало, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга энг муҳим вазифа сифатида устувор аҳамият қаратилаётир.

    Шу билан бирга, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури билан адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакат хавфсизлигини кучайтириш борасида ички ишлар органлари олдига ҳам бир қатор долзарб вазифалар қўйилди.

    Шунингдек, жорий йилнинг 17-19 август кунлари Тошкентда Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида тузилмага аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи кенгаши бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат БОБОЖОНОВ билан суҳбатимиз ҳам ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар, давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари кенгаши ишига оид масалалар юзасидан бўлди.

    — Яқинда пойтахтимизда ШҲТга аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши бўлиб ўтди. Суҳбатимиз аввалида ушбу нуфузли тадбирнинг мақсади ва вазифалари, шунингдек, эришилган натижалар бўйича маълумот берсангиз.

    Ўзбекистон томони раислигида ўтган кенгашда ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликлари раҳбарияти ва вакиллари, шунингдек, ШҲТнинг доимий органлари иштирок этди. Ташкилотдаги кузатувчи давлатлар, халқаро ташкилотлар, жумладан, Интерпол, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси, МДҲга аъзо давлатларнинг терроризмга қарши курашиш маркази вакиллари юртимиз меҳмони сифатида ташриф буюрди.

    Самимий ва дўстона руҳда ўтган кенгаш давомида делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий хавфсизлик, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалалари борасида ўзаро фикр алмашди. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги тўғрисида юқори даражадаги келишувларга эришилди.

    Халқаро майдонда юзага келаётган бугунги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликлари йўналиши бўйича ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш масаласи ҳам кенгаш кун тартибидан ўрин олди.

    Терроризм, экстремизм ва сепаратизм, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси каби жиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш долзарб ҳисобланиши қайд этилди. Вазирлар бир овоздан “Шанхай руҳи” тамойилларига мувофиқ трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.

    Томонлар 2010 йил 11 июнда ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида Тошкентда имзоланган битимни амалга ошириш доираси, Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги орқали ШҲТнинг келишув-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди.

    Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон томони ШҲТга аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи кенгашига пухта тайёргарлик кўрганини ва тадбирлар юқори ташкилотчилик даражасида ўтганини эътироф этди. Тадбир сўнггида кенгаш баённомаси имзоланди.

    Шунингдек, аввал эришилган келишувларга мувофиқ, тадбир доирасида ШҲТга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирликлари делегациялари раҳбарлари ўртасида алоҳида икки томонлама учрашувлар ҳам ташкил этилди.

    Хусусан, Ҳиндистон ички ишлар давлат вазири Нитянанд Рай, Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазири Марат Аҳметжонов, Тожикистон Республикаси ички ишлар вазири Раҳимзода Рамазон Ҳамро, Эрон Ислом Республикаси ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий ва Қирғиз Республикаси ички ишлар вазири Улан Ниязбеков билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

    Музокаралар чоғида жиноятчиликка қарши курашиш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасида икки томонлама идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

    Жиноятга қарши курашиш соҳасида, хусусан, трансчегаравий характердаги жиноятларга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Учрашувларда ҳозирги замондаги жиноятчилик турлари, хусусан, ахборот соҳасидаги жиноятчилик, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграция, наркотик ва қурол-яроғ савдоси, одам савдоси каби жиноятларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон Ички ишлар вазирликлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик чора-тадбирларини назарда тутувчи идоралараро алоқалар борасидаги битим имзоланди.

    Умуман олганда, Тошкентда ташкил этилган барча тадбирлар ишчанлик ва конструктив руҳда, дўстлик, ўзаро ишонч муҳитида ўтгани давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

    – Албатта, ички ишлар органларида қўлга киритилаётган ютуқларни, аввало, тизимда кечаётган ислоҳотлар самараси сифатида баҳолаш лозим. Юртимизда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

    – Жорий йилнинг биринчи ярмида ички ишлар органларидаги туб ислоҳотлар Президентимизнинг фармон ва қарорлари ҳамда соҳага оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида изчил давом эттирилди. Бунда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит, мутлақо янги тизимини шакллантириш ва замонавий иш услубларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Авваламбор, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш, бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга доир муаммоларни бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиш чоралари кўрилди.

    Мисол учун, турли низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ижтимоий-маиший муаммоларни бевосита маҳалланинг ўзида манзилли ҳал этиш ишларига профилактика инспектори, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли жалб этила бошланди.

    Натижада 8348 та оиладаги нотинчликка барҳам берилди, 3182 оила ажралиб кетишдан сақлаб қолинди, ичкиликка ружу қўйган 1938 киши, 218 гиёҳванд ва 1828 руҳий бемор даволатилди, уйма-уй юриб, 8503 аёлнинг муаммолари ҳал этилди.

    Ҳудудлардаги криминоген вазиятдан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалла “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилди. Криминоген вазият оғир ҳудудларга ҳокимликлар, секторлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда жиноят ўчоқларини бартараф этиш учун қўшимча куч ва воситалар жалб қилинди.

    Шунингдек, сектор раҳбарлари томонидан жиноятлар сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” ҳамда жиноят содир этган шахсларнинг қилмишларини суд ҳукмлари асосида муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада мамлакатимиздаги ҳар иккинчи ёки 4951 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

    Ўтган даврда жиноятчиликни жиловлаш, содир этилган жиноятларни фош этиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, содир этилган жиноятларнинг 94 фоизи фош этилди, тергов органларидан яширинган 2841 шахс қўлга олинди, бедарак йўқолган 252 киши топилди.

    Ходимлар ташаббуси билан биргина коррупция соҳасида 817 та жиноят аниқланиб, улар оқибатида етказилган 116,5 миллиард сўм миқдоридаги зарар ундирилди. Шунингдек, 1 тоннадан зиёд ёки ўтган йилдагига нисбатан 4 баробар кўп гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди ҳамда 220 минг донага яқин кучли таъсир қилувчи психотроп таблетка олинди.

    Бу борадаги ишлар бундан буён ҳам кучайтирилган тарзда олиб борилади.

    – Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика ишлари муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қилинаётган ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз.

    – Жуда тўғри таъкидладингиз. Тизимда бу йўналиш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ўтган давр мобайнида профилактика инспекторлари томонидан 887 мингдан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди.

    Бундан ташқари, республика миқёсида “Хавфсиз ҳудуд”, “Турмуш” ва “Назорат” тезкор-профилактика тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирлар давомида 11 мингдан ортиқ оиланинг муаммолари, турмуш тарзи ўрганилиб, улар билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилди.

    Ёшлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чоралари кўриляпти. Жумладан, кўчаларда назоратсиз юрган вояга етмаганлар аниқланиб, оилаларга қайтарилди ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун спорт секцияларига, факультатив тўгаракларга жалб этилди.

    “Хавфсиз таълим муассасаси” тамойили асосида умумий ўрта таълим мактабларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар фаолият кўрсатмоқда. Улар ўқувчилар билан мунтазам махсус профилактик тадбирлар ўтказиб келмоқда.

    Биргина жорий йилнинг биринчи яримида 80 минг 274 ўқувчининг яшаш шароити ўрганилди. Фарзандларини тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятини бажармаган ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди.

    Жорий йилда республиканинг 3-секторларида ёшлар ўртасида волейбол бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақалари ўтказилди. Бунда ҳар бир маҳалладан волейбол ўйинига қизиққан ёшлар танлаб олиниб, улар туман, сўнгра вилоят босқичида ўтказилган қизғин ўйинлардан ўтгач, “Жар” спорт мажмуасида республика босқичида беллашди. Бу ҳам ёшларнинг спортга қизиқишини оширишга хизмат қилади, албатта.

    Шу билан бирга, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида қатор ишлар қилинди. Хусусан, оилавий зўравонлик ва тазйиққа учраган аёллар оилаларида олиб борилган профилактик ишлар ва кўрсатилган психологик ёрдам орқали 12 минг 843 оила яраштирилди, 11 минг 640 та оиладаги низолар бартараф этилди.

    Шу ўринда яна бир янгиликни алоҳида қайд этиб ўтишни истардим. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати таркибида 2022 йил 10 январдан қисқа “1259” ва “1286” рақамли “ишонч маркази” ташкил этилиб, унга қўнғироқ қилган 5 минг 976 аёлга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

    – Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича республикада яхлит ҳуқуқий тизим яратилган бўлиб, унда ички ишлар органлари муҳим ўрин эгаллайди. Шундай экан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қандай янги услуб ва минтақавий амалиётлар қилинмоқда?

    – Республиканинг ҳар бир ҳудудида Жамоат хавфсизлиги концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида “соҳабай” чора-тадбирлар амалга оширилди. Айтиш жоизки, ҳар куни патруль-пост хизматининг 4 мингга яқин ходими пиёда ва автопатруль йўналишларига хизматга жалб этилади. Улар ярим йил ичида жамоат жойида содир этилган 651 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликни аниқлади. Айнан ушбу соҳа вакилларининг касб маҳорати туфайли республика миқёсида ўтказилган юз мингдан ортиқ оммавий-маданий тадбир давомида жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги тўлиқ таъминланди.

    Жорий йил 11 февралда давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди.

    Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида барча светофорлар ва йўл белгиларини ўрнатиш ҳамда йўл чизиқлари чизиш вазифаси вазирликнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати зиммасига бевосита юклатилиб, унинг ҳузурида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ташкил этилди. “Йўл ҳаракати қоидалари” янги таҳрирда қабул қилинди.

    Барча ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш ва хавфсиз ҳаракатланиш учун шароитларни яратиш мақсадида “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури тасдиқланиб, 2022-2026 йиллар мобайнида ҳар бир ҳудудда автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини ҳамда жамоат транспортини рақамлаштириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

    Ушбу соҳада ҳам профилактик чораларга катта эътибор қаратилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда хизмат олиб борадиган катта инспектор лавозими жорий этилди. Шунингдек, таълим муассасаларида “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби ташкил этилди.

    Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бундан буён мазкур таълим ташкилотлари фаолиятини рейтинг баҳолаш йил якунлари бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан инсон омилисиз таълим ташкилотларига доир маълумотлар асосида уларнинг рейтингини ҳисоблашнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади ва унинг натижалари жамоатчиликка эълон қилинади.

    – Ички ишлар органларининг фаолиятига рақамли ва ахборот технологияларини фаол жорий этиш, аҳолига электрон давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш, бюрократик тўсиқ ва ғовларга йўл қўймаслик ҳамда идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

    – Президентимиз жорий йил 3 май куни Ички ишлар вазирлигида бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятда барқарорликни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олишга замонавий рақамли технологиялар жорий қилиниши, куч ва воситаларни марказлашган бошқарув тизимлари билан танишган эди.

    Давлатимиз раҳбари топшириғига мувофиқ, ички ишлар органларининг кунлик фаолиятига иновацион ёшндашувлар ва илм-фан ютуқларига таянган ҳолда янги иш услубларини татбиқ этиш, инсон омилини камайтириш ҳамда фаолиятни рақамлаштириш чоралари кўрилмоқда.

    Жумладан, 4 минг 670 та таянч пункти оптик толали алоқа тизимига уланди. Бунинг натижасида онлайн суд ўтказиш учун 3 минг 805 та жой ташкил этилиб, 40 мингдан ортиқ маъмурий иш суд биносига бормасдан туриб онлайн тарзда кўриб чиқилди. Шу тариқа олис ҳудудларда яшовчиларнинг ҳам вақти, ҳам маблағи тежалди. Айни вақтда ходимлар бодикамера, планшет ва замонавий радиостанция воситалари ёрдамида кунлик хизмат вазифаларини бажариб келмоқда. Шунингдек, “102” тизими тўлиқ ишга туширилиб, унга келган ҳар бир хабарни тизимга киритиш ва ижросини электрон тарзда назорат қилиш имконияти яратилди.

    Бугунги кунда республиканинг деярли ҳар учинчи туман ва шаҳар марказидаги аҳоли гавжум жойларга ўрнатилган видеокамералар ички ишлар органларининг “Ситуацион марказлари”га интеграция қилинган бўлиб, вазиятни узлуксиз кузатиш имкони мавжуд. Мазкур тизимлар босқичма-босқич ўзаро интеграция қилиниб, жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш жараёнига сунъий интеллект имкониятлари жорий этилмоқда.

    Бундан ташқари, “E-вояга етмаганлар” ягона ахборот тизими яратилиб, синов тариқасида Тошкент вилоятидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида жорий этилди. “E-инспектор”, “E-ҳисобот”, “Профилактика инспектори фаолиятини баҳолаш тизими” ва “Е-ҳуқуқ-тартибот” каби жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фойдаланиш учун қатор ахборот тизимларини яратиш юзасидан техник топшириқ лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

    Пробация хизматининг реал вақт режимида озодликни чеклаш жазо муддатини ўтаётган шахсларни масофадан турган ҳолда назорат қилиш тизими техник топшириғи лойиҳаси тасдиқланди ва ҳозир ишлаб чиқилган ахборот тизими вазирлик томонидан яратилган Ягона бошқарув платформасига интеграция қилинди.

    “Оилавий зўравонликлар тўғрисидаги хабарлар” телеграм-боти орқали аризалар қабул қилиниши йўлга қўйилди. “Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар” ахборот тизими яратилиб, ҳимоя ордерини бериш механизмлари рақамлаштирилди. Хотин-қизларга ҳимоя ордери берилишини электрон назорат қилиш амалиёти ишга тушди. Маиший зўравонликлар ва профилактика инспектори мурожаатини қабул қилиш бўйича алоқа маркази ташкил этилиб, рўйхатга олиш ва назорат бўйича веб платформалар жорий қилинди.

    – Келгусида вазирлик олдида турган муҳим вазифалар хусусида ҳам маълумот берсангиз.

    – Энг асосийси, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз. Хусусан, жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш борасида илмий нуқтаи назардан асослантирилган янги услуб ва усулларни амалиётга жорий этган ҳолда ҳар бир ҳудудда комплекс тезкор-профилактик тадбирларни “хонадонбай” ва “фуқаробай” усулида амалга оширамиз.

    Бу борада “қизил” тоифадаги маҳаллаларда содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган манзилли профилактик тадбирлар кучайтирилади. Келгусида доимий эътибор қаратилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхати шакллантирилади ва “Ҳуқуқий эътибордаги шахслар реестри”га киритилади. Шу тариқа ҳуқуқбузарликларнинг психологик ва ижтимоий профилактикаси ташкил этилади.

    Пробация ҳисобидаги маҳкумлар, алимент тўловчи ва ишсиз фуқароларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори касб-ҳунарга ўқитиш орқали улар доимий иш ўринлари билан таъминланади. Наркология соҳасини ривожлантириш борасида белгилаб олинган комплекс чора-тадбирлар ижросини тўлиқ таъминлаш орқали ичкиликка ружу қўйган, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволатиш ишлари кучайтирилади. Жамоат жойларида ўткир маст ҳолатида бўлиб, атрофидагиларга хавф туғдирувчи шахсларга туманлараро тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланади.

    Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишда профилактика инспекторларига кўмаклашувчи “Фаол нуронийлар” жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини йўлга қўймоқчимиз. Профилактика инспектори лавозимидан пенсияга чиққан тажрибали мутахассисларни ёш профилактика инспекторларига жамоатчилик асосида маслаҳатчи сифатида бириктириш ҳам режамизда бор.

    Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳар бир ҳудуд кесимида йўл инфратузилмасини яхшилаш, ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш бўйича “Хавфсиз ва равон йўл” концепциясида белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси тўлиқ таъминланади.

    Ички ишлар вазирлигининг Ситуацион-таҳлилий маркази платформасига давлат органлари ахборот базаларини интеграция қилиш, ахборот технологияларини ички ишлар органлари хизмат фаолиятига кенг татбиқ этиш ва рақамлаштириш даражасини ошириш чоралари кўрилади. Хусусан, жиноятчиликни жиловлаш, жамоат тартибини сақлаш ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамли таҳлил ва ситуацион бошқарув тизимлари республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади. Натижада содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар ҳамда криминоген вазиятни сунъий интеллект ёрдамида “маҳаллабай” ситуацион таҳлил қилиш ва прогнозлаш тизими яратилади.

    Бир сўз билан айтганда, келгусида ҳам жиноятчиликни жиловлаш орқали халқимизни рози қилиш борасида масъулият ва шахсий жавобгарликни ҳис қилган ҳолда фаолиятимизни такомиллаштириб бориб, ходимларнинг ишга муносабатини тубдан ўзгартиришга ва ўз касбига виждонан ёндашиб, садоқат билан хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратамиз.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates