Асосий мақсадимиз — баркамол шахсларни вояга етказиш

    Юртимиз тараққиёти, жамият ривожида таълимдаги янгиланишлар муҳим ўрин тутади.

    Шу боис, давлатимиз сиёсатида ўқитиш тизимини ривожлантириш, соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўқув муассасалари фаолиятини илғор хорижий амалиёт асосида ташкил қилиш кабиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Шу йил 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселекторда ҳам таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, техникум ва олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари олдига қатор вазифалар қўйилди. Ҳар бир соҳага доир муаммолар билан бирга уларнинг ечими бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

    Йиғилишда мактабгача, мактаб таълими ва олий таълим билан ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш малакали ва юқори салоҳиятли, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашнинг энг муҳим омили экани таъкидланди. Чунки фан-технологиянинг илғор ютуқларини эгаллаган кадрларни етиштирмай туриб, мамлакат тараққиётига эришиб бўлмайди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги қарори билан тасдиқланган Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ривожланган мамлакатларнинг таълим тизими ўрганилиб, талабалар учун замонавий технологиялар ва дастгоҳлар ёрдамида ўқиш билан бир пайтда корхона ва ташкилотларда ишлаш имкониятини берувчи дуал таълим шакли жорий этилган эди.

    Йиғилишда мазкур соҳага оид вазифалар ҳам белгиланиб, унга кўра, коллеж-техникумларнинг 50 минг ўқувчисини дуал таълим билан қамраб олиш бўйича топшириқлар берилди. Бу ишлар, аввало, тўқимачилик, қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электрон техника саноати, машинасозлик йўналишларида татбиқ қилиниши зарурлиги таъкидланди. Зотан, ёшлар мактаб давридаёқ, ҳеч бўлмаса, битта ҳунарни эгаллаб, катта ҳаётга қадам қўйса, йўлини топиши осон кечади. Аслида, бу фикрлар қон-қонимизга сингиб кетган қадриятдир. Халқимиз буни оддийгина қилиб “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, деган мақол мағзига сингдириб юборган.

    Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилади. Юрт келажаги уларнинг қўлида экани айни ҳақиқат. Шунинг учун мактаблар фаолияти, тарбия ва маънавият тарғиботи масалалари давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан. Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали ўқувчиларда ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет ҳосил қилиш, бунинг учун эса “Мактаб — ота-она — маҳалла” занжири муҳимлиги таъкидланди.

    Юртимизда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони кескин ошди. Бироқ уларда ўқитиш сифатига етарлича эътибор қаратилмаётгани, ҳатто талабаларнинг мустақил ишлаши учун муҳит барча олийгоҳларда ҳам бирдек намунали ташкил этилмагани, аксарият коллеж ва техникумлар ҳам, олийгоҳлар ҳам иш берувчилар талаби билан ҳисоблашмаслиги, айримларида дарслик ва адабиётлар етишмаслиги, бори ҳам бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги қайд этилди.

    Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Илм-фанда “харажат — тадқиқот — маҳсулот” формуласи ишламаяпти”, деган танқидий фикри таълим тизимида фаолият юритаётган ҳар қандай мутахассисни жиддий ўйлантириши шубҳасиз. Чунки таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ўзаги инсон ва унинг манфаатига қаратилган. Сифатли таълимни ташкил қилиш эса тараққиёт пойдеворидир. Боиси, бугун ахборот тизими шиддат билан ривожланаётган, ёшлар маънавияти ва камолотига салбий таъсир кўрсатадиган кўплаб ғайриинсоний ғоя ва мафкуралар атрофимизни ўраб олган бир даврда ватанимизнинг ёруғ истиқболи таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

    Бугун ақлий ва жисмоний имкониятидан қатъи назар, ҳар ким сифатли ва тенг таълим олишга ҳақли. Жорий йил 20 февраль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселекторда бу масала ҳам эътиборда бўлди.

    Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида сўз борар экан, келгусида уларни ўқитиш, ишга жойлаш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим бўлиши таъкидланди.

    Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун уларнинг “меҳнатга лаёқатини белгилаш” амалиётидан воз кечилиши айтилди. Бунда ногиронлик касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгиланади.

    Барча саъй-ҳаракатлар рақобатбардош, малакали кадрларни тайёрлаш, иқтидори ва салоҳиятини намоён қила оладиган, юрт келажаги учун куйиб-ёнадиган, ҳаётда ўз ўрнини топишга қодир бўлган баркамол шахсларни вояга етказишга йўналтирилган.

    Баҳодир МАЪМУРОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор

    “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 1 март, № 44

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates