Ахборот технологиялари — хотин-қизлар учун қулай танлов

    Инсон ўқиб-изланар экан, муваффақият у билан ёнма-ён юради. Юртимизда меҳнати эвазига катта-катта ютуқларга эришаётган хотин-қизлар сафи йилдан йилга кенгаймоқда.

    Tenge Market онлайн савдо платформасида маҳсулот менежери сифатида фаолият олиб бораётган Мафтуна Лутфуллаева ҳам ана шу сафда.

    Мафтуна Тошкент шаҳридаги Ахборот технологиялари коллежида ўқиб юрган кезлари қайси соҳани чуқур ўрганиши кераклигини билмасди. “Technovation Uzbekistan” танловидаги иштироки унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. У ўз иловасини ишлаб чиқиб, бу жараёндан завқланди. Мана шу завқ туфайли соҳага қизиқиши ортди.

    Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ахборот ва коммуникация муҳандислиги бўйича таҳсил олди. ITга қизиқиши талабалик йилларида янада кучайди. Айниқса, интеллектуал кенгликка қиёсланадиган стартаплар уни ўзига тортаверди.

    — Стартап — бир неча кишининг тинимсиз меҳнати. Бу иш таваккалчиликни талаб қилади, — дейди М. Лутфуллаева. — Уч йил давомида Calypso Intelligent Solutions компаниясида маҳсулот дизайнери ва мана шу компанияда асос солинган Coozin стартапида маҳсулот менежери сифатида фаолият олиб бордим. Coozin стартапи аёлларни уйда ўтирган ҳолда иш билан таъминлашга қаратилган, аниқроқ айтсам, уйда пиширилган таомларни етказиб бериш хизмати. У хотин-қизларнинг иқтисодиётдаги фаоллигини ошириш ва салоҳиятини технология орқали ривожлантиришни мақсад қилган. Онлайн платформа уйда пиширилган мазали ва сифатли таомларни арзон нархларда сотиб олиш имкониятини беради. Tenge Market онлайн савдо платформасида маҳсулот менежери бўлиш билан бирга Women TechMakers, GDG Tashkent, ADPList ташкилотларида аёллар ва соҳага янги кириб келаётган мутахассислар учун IT тадбирларини ташкил килишда ёрдам бераман.

    IТ соҳасида қизлар сони ҳали ҳам кам. Баъзи компанияларда бошқарувни қизларга ишонишга ҳамон қўрқишади. Одамлар қизларнинг малакали раҳбар бўла олишига ишонмайди. Менинг ишимга ишончсизлик билан қараганлар бўлган. Фаолиятим давомида хотин-қизларнинг фаоллиги гендер мувозанатни янада самарали қилишини англадим.

    Жамиятимиз менталитетида кўпроқ инсонпарварлик касблари аёлларга мос келади, деган фикр бор. Бу стереотип нотўғри. Аммо ҳозир ижобий ўзгаришлар тез-тез кўзга ташланмоқда. IТ соҳасига қизиқаётган қизлар сони ортиб бормоқда. Чунки бу ерда исталган жойда ишлашингиз мумкин, маълум бир иш жойига боғланиш йўқ. Бундан ташқари, мослашувчан иш соатлари бўлган лавозимларни топасиз.

    Инсон ҳеч қачон янги нарсаларни синаб кўришдан қўрқмаслиги керак. Асосийси, бошлаш ва бажариш. Ҳаракат ва хоҳиш эса ўз мевасини бермай қўймайди.

    Опа-сингилларимизда компьютер графикаси ва дизайнерлик фаолияти бўйича ўқиш, мобил илова, веб-сайт, дастурий маҳсулотларни яратиш ҳамда дастурчи сифатида шаклланишга интилиш кучли. Бунинг учун мамлакатимизда зарур шарт-шароит яратилган. Фақат айрим стереотипларни енгиш, орзу-мақсадлар йўлида дадил одимлаш, имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланилса, бас. Бу билан нафақат даромад топиб, рўзғорига бутлик олиб киради, балки жамият ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшади.

    Зеро, бугун дунёда кун сайин янгидан янги ноу-хаулар юзага келмоқда, жаҳон иқтисодиётининг рақамлашуви ва бошқа омиллар технологиялар соҳаси олдига юксак вазифалар қўймоқда. Шу нуқтаи назардан, жаҳон майдонида мустақил, қатъий фикр ва замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмасига эга етук кадрларга эҳтиёж бўлаверади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА ёзиб олди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates