Заковатли ёшлар дунёга ўз сўзини айтади

    Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллигини кўтаринки руҳда нишонладик. Бу рақам айни пайтда куч-қувватга тўлган, юксак салоҳиятга эга инсон камолотини тасаввуримизда жонлантиради.

    Ўтган даврда мамлакатимиз барча соҳалардаги тараққиёт йўлини мустаҳкамлаб олди. Миллий тараққиётимиз янги сифат босқичига ўтди.

    Жаҳон ҳамжамияти билан барча жабҳаларда дипломатик ва халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ислоҳотларни тубдан янгилаш ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган ечимлар топиш, мамлакат ва жамиятни ҳар томонлама модернизация қилишга доир ишлар бажарилди. Бугун ёшлардаги бунёдкорлик, кашфиётчилик, ихтирочилик, изланувчанлик ва шижоатни кўриб ҳавасимиз келаётир. Касбимиз тақозоси туфайли ёшлар билан кўп мулоқот қиламиз. Асосий вақтимиз улар орасида ўтади. Ёшлар ўз олдига катта мақсадлар қўйган. Бу йўлдаги интилиш ва шижоат ҳар қандай одамни руҳлантириб юборади. “Буни қандай бажараман? Уддалай оламанми? Ўхшамаса-чи?” деган қўрқув, ҳадик йўқ. “Мен бажараман! Уддасидан чиқаман! Қўлимдан келади!” деган қатъий ишонч бор. Уларга бу куч-қувват қаердан келяпти? Жавоб топишга ҳаракат қиламиз: давлатимиз руҳлантиряпти. Шароит яратяпти, чексиз имконият беряпти.

    Ёшлар жуда закий. Етук педагог бўлишдан ташқари бири ёзувчиликка интилади, бошқаси шоир бўламан, дейди. Хорижий тилларни ўрганаётган ёшлар сафи кундан кунга кенгайиб боряпти. Ахборот технологияларини мукаммал билишга ҳаракат қилишади.

    Уларни кузатишни яхши кўраман. Ҳамманинг суҳбатини тинглаб турган Ойша қизимиз боғча тарбиячиси бўлишини, вақтини фақат болалар билан ўтказишини таъкидлайди. Қўлидаги торни тинғирлатиб машқ қилаётган Ўктам эса катта бастакор бўлмоқчи. Улар театр учун келгусида қандай асар топиш, асардаги қаҳрамонлар роллари тақсимоти, талабалар театр жамоаси фаолиятини такомиллаштириш хусусида ёки “Қувноқлар ва зукколар” жамоасининг янги таркибини шакллантириш, репертуарини кенгайтириш ҳақида баҳслашади. “Заковат” клубини янги ўқув йилида янада жонлантириш, кучайтиришни муҳокама қилади. “Мунозара” дебат жамоасининг кейинги ўйинларида қандай қизиқарли саволлар бериш, энг муҳими, ўтган даврда йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқариш, тажрибасизликдан тажрибага, билмасликдан билишга қараб интилиш ва янги марраларни кўзлаш кабилар хусусида суҳбатлашади.

    Албатта, ушбу муҳокамадан “Кеш нолалари” мақом ансамбли ва “Кеш наволари” талаба ёшлар эстрада жамоаси фаолияти, йиллик ҳисобот концертлари, мусиқа асбоблари мавзуси ҳам четда қолмайди. Суҳбат вақтида улгурмай қолган жиҳатларга талабалар фикрларини бизга ёзиб юборади. Кўп таъкидлаймиз: бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас. Улар ҳар томонлама замонавий билимга эга ва шунга монанд фикр юритади. Орзулари ўзларидек мағрур. Мақсадлари улуғ. Ёшларимиз ана шундай орзу-мақсадлар билан илм чўққиларини забт этишга жидду жаҳд қилган. Бу уларнинг фан олимпиадаларидаги ўрнида илк нишона бермоқда. Эзгу мақсад йўлида дадил қадам қўяётган, маррани баланд олаётган ёшлар ҳали билимини, салоҳиятини, иқтидорини намоён этиши, дунёга ўз сўзини айтиши шубҳасиз.


    Жамшид ШОНАЗАРОВ,

    Шаҳрисабз давлат педагогика институти биринчи проректори


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 191-сонида (2024 йил 19 сентябрь) чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates