Австрияда таниқли ўзбек олими Мулла Исҳоқ Иброҳим ҳақида салмоқли мақола эълон қилинди

    Маълумки, таниқли ўзбек олимлари ҳаёти ва фаолияти ҳамда уларнинг бой маънавий меросини хорижий элларда кенг тарғиб этиш мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатия ваколатхоналари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

    Яқинда Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонаси ташаббускорлиги ва Австрия Фанлар академиясининг Марказий Евроосиёда исломни ўрганиш қўмитаси билан ҳамкорлигида “Мулла Исҳоқ: XIX асрда Венгриядаги ўзбек фарзанди” сарлавҳали мақоланинг чоп этилиши ташкил қилинди.

    Ушбу мақола Венгриянинг Этвош Лоранд университети туркийшунослик кафедраси мудири, Шарқшунослик институти директори Бенедек Перининг қаламига мансуб.

    Унда ўзбек олими Мулла Исҳоқ Иброҳимнинг (Мулла Содиқ) (1836-1892йй.) машҳур венгер туркийшунос олими ва саёҳатчиси Армин Вамбери билан учрашиши ҳамда биргаликда Венгрия давлати бўйлаб сафари, шунингдек, ўзбек олимининг ушбу давлатда кечган ҳаёти ва ижоди тўғрисидаги муҳим маълумотлар тарихий манбаларга асосланган ҳолда ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

    Мақолада Мулла Исҳоқнинг Венгрияга келиши ва бу мамлакатда қўним топиши фавқулодда воқеа бўлгани, 1864 йил июнь ойида маҳаллий нашрларда Вамбери Венгрияга ўзбек олимини «венгер ва шарқ тиллари ўртасидаги генетик алоқаларнинг жонли далили» сифатида олиб келгани билан боғлиқ маълумотлар атрофлича қаламга олинган.

    Шу тариқа Мулла Исҳоқ Венгрияда ўзига хос машҳур инсонга айлангани ва 1860 йилларнинг ўрталарида ўша даврнинг етакчи газета ва журналларида у ҳақда тез-тез хабарлар чоп этилгани қайд қилинган.

    Мақола муаллифининг маълум қилишича, Мулла Исҳоқ венгер тилини жуда яхши ўзлаштирган. У Венгриянинг машҳур шоири Янош Aрани (1817–1882) ижодига мансуб «Ажойиб оҳунинг ҳикояти» шеърини можар имлосида ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

    У ўзбек халқ эртакларининг венгер тилига таржимасини китоб ҳолида нашр этгани баробарида Бухоро ва Хивада ўтказиладиган тўй маросимлари ҳақидаги батафсил маълумотларни ҳам даврий нашрлар саҳифаларида эълон қилиб борган.

    Шу боис венгерлар ҳамюртимизга «Ўрта Осиёнинг кўп жабҳалари, унинг табиати, қишлоқ хўжалиги, тили ва урф-одати бўйича бой ва нуфузли билим манбаи», дея таъриф беришган.

    «Мулла Исҳоқ ўз ватанини соғинган ва уни зиёрат қилишни доим ўйлаб юрган. Афсуски турли ноқулай шароитлар туфайли ўзбек олими ҳеч қачон ўз ниятига эриша олмаган», деб ёзади муаллиф.

    Тарихдан маълумки, Мулла Исҳоқ 1892 йил 22 май куни Венгриянинг Фейер вилояти Веленце шаҳарчасидаги қабристонда исломий анъаналар билан дафн этилган.

    Ушбу мақола муаллифи Бенедек Пери Венгрияда туркий адабиётни тадқиқ этиб келаётган олимларнинг кўзга кўринган вакилларидан бири ҳисобланади. У 1966 йили Венгрияда туғилган. Ҳозирги пайтда Венгрия Шарқшунослик институти директори ҳамда Этвош Лоранд университети туркийшунослик кафедраси мудири сифатида фаолият кўрсатмоқда.

    Бенедек Пери мазкур университетда инглиз, форс ва туркий тилларни ўрганган. Сўнгги йиллар давомида Алишер Навоий ижодини тадқиқ этаётган ушбу олим бу йўналишдаги қатор мақолаларини инглиз тилида эълон қилмоқда. У, шунингдек, ҳозирги пайтда “Бобурнома”ни венгер тилига таржима қилиш устида иш олиб бормоқда.

    Мақоланинг тўла матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:

    https://www.oeaw.ac.at/sice/sice-blog/becoming-mullah-ishaq-an-uzbek-man-in-19th-century-hungary

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates