Ахборот маконидаги долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари жамоатчилик муҳокамасида кўриб чиқилди

    Мамлакатимизда 1 феврал 2024 1105

    Жорий йил 30 январда “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Ўзбекистоннинг ахборот макони: долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари” мавзусида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Унда тегишли давлат идоралари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти, ОАВ вакиллари ҳамда миллий ва хорижий экспертлар иштирок этди.

    Ўзбекистонда сўз эркинлигини ва ОАВ фаолияти эркинлигини таъминлаш бўйича бир қатор ижобий қадамлар ташланди. Бугун миллий медиаландшафтга назар солсак, сўнгги 7-8 йилда рўйхатдан ўтган ОАВлар сони 41 фоизга ошганини кўриш мумкин. Агар 2016 йилда 1 514 та ОАВ рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2023 йилга келиб уларнинг сони 2 100 тадан ошди, 65 фоизи нодавлат ОАВлардир.

    Рўйхатдан ўтган телеканаллар сони 65 тадан 84 тага (+29%), интернет-нашрлар 395 тадан 745 тага (+88%) ошган, газеталар сони эса 691 тадан 631 тага камайган (-9%).

    Бу рақамлар, маълум маънода, юртимиздаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий манфаатларни тарғиб қилиб, уни халққа етказишда, фаол фуқаролик позициясини билдиришда журналист ва блогерлар фаоллашганидан дарак.

    — Давлат миллий контент бўлишига маълум бир шароитларни яратди. Буни солиқ имтиёзларида, ОАВларни рўйхатдан ўтказишда енгилликлар берилишида кўриш мумкин. Ҳозирда Ахборот кодекси ишлаб чиқилиб, халқаро ҳамжамият билан биргаликда кўриб чиқиляпти. Журналистик фаолиятга аралашмаслик бўйича махсус қонун лойиҳаси ҳам тайёрланган, — дейди АОКА Таҳлил ва режалаштириш бошқармаси бошлиғи Марат Аитов.

    Шундай бўлишига қарамасдан мамлакат ахборот маконида миллий контентнинг ҳолати қониқарли аҳволда эмаслиги, айниқса, турли ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларда миллий манфаатлар нуқтаи назаридан сифатли контент камлиги таъкидланди.

    Сўнгги вақтларда Ўзбекистон жамоатчилигини ташвишга солган бир қатор ташқи “ахборот хуружлари” содир бўлгани, бу каби хуружлар орасида мамлакатимиз суверенитети, давлатчилигимиз тарихини шубҳа остига олиш каби ҳолатлар ҳам учраётгани қайд этилди.

    Шунингдек, муҳокамада миллий контентни ривожлантириш йўналишидаги муаммоларга, масалан, миллий мавзудаги ресурсларни яратиш учун маблағ ёки кадрлар етишмаганлиги сабабли бўшлиқлар чет давлатларникидан кўчириб тўлдирилаётганига тўхталиб ўтилди.

    Тадбирда адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова, ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев, сиёсатшунос Камолиддин Роббимов, Gazeta.uz интернет-нашри бош муҳаррири ўринбосари, журналист Муҳрим Аъзамхўжаевлар миллий контент яратувчиларининг камлиги, креатив индустрия ва кадрлар етишмаётганлиги, телеканалларда миллий контент қониқарли эмаслиги, уларда ижтимоий тафаккурни шакллантириш, жамият билан давлатнинг узвийлигини таъминлаш даражаси жуда пастлиги, баҳс-мунозара йўқлиги танқид остига олинди. Шу билан бирга расмийларнинг кўпроқ чиқиши контентни ривожлантиришнинг йўлларидан бири эканлиги, сўз эркинлигига тўлақонли эришишимиз учун давлатнинг ўзи, институтлари, жамият билан ишлаш, жамиятни эшитиш ва ечим топиш қобилиятларини ошириш кераклиги ҳақида фикрлар билдирилди.

    Муҳокама иштирокчилари томонидан тобора авж олаётган “ахборот хуружлари”га муносиб жавоб қайтариш, ахборот суверенитетини таъминлаш ва сифатли ахборотлар оқимини кўпайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

    “Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates