Барча даврларнинг буюк математиги

    "Мен ҳисоб олимларининг китобларини кўп ўқидим. Бу китоб орасида Муҳаммад Мусо Хоразмийнинг “Ал-жабр вал муқобала” китобини энг соғлом қоидали ва энг тўғри қиёсли деб топдим. Шундай бўлгач, Хоразмий китобини олдинга қўйиш, унинг билим ва фазилатига иқрор бўлишимиз лозим..."

    Президентимиз Ўзбекистон ёшлари форумида “...Аждодлардан ибрат олиб, ҳаётда мўъжизалар яратишга астойдил интилишингиз керак. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!

    ...Сиз Хоразмийлар, Фарғонийлар, Беруний ва Ибн Сино, Улуғбек, Навоий ва Бобурлар, Бухорийлар, Термизийлар авлодисиз. Ана шундай буюк ватандошларимиз яратган бебаҳо билим ва кашфиётлар бугун ҳам бутун инсониятга хизмат қилмоқда.... Бу ўринда қомусий олим Муҳаммад Хоразмий асос солган илм — “алгоритм”ни инсоният ҳамон миннатдорлик билан эсламоқда. Унинг оламшумул кашфиётлари бугунги ахборот технологияларини яратишда ҳам асос бўлган”, дея боболаримизнинг юксак салоҳиятига алоҳида урғу берди. Бу, албатта, бежиз эмас.

    Чунки айни пайтда янгиланаётган Ўзбекистонда аллома аждодларимизнинг фанлар соҳасида яратган кашфиётлари билан ёшларни кенг таништириш, илмий изланишларида таянч манба сифатида мурожаат қилишга йўналтириш мақсадида қатор амалий ишлар бажариляпти. Жумладан, юртимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Таълим муассасасида иқтидорли ёшларга математика ва ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштирилган дастурлар асосида ўқитиш, миллий ва дунё илм-фанининг янги ютуқларини ўргатиш, келгусида юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлишларига замин яратилди.

    Президентимизнинг 2017 йил 15 мартдаги “Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан мазкур олий ўқув юртига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди. Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги давлат стипендиясининг жорий этилиши ва “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” илмий журналининг таъсис қилиниши бобомизнинг бебаҳо илмий меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, у каби фанлар соҳасида илмий тадқиқот билан шуғулланувчи ёш олим ва илмий изланувчиларнинг ишлари натижаларини, илмий мақолаларини эълон қилиши учун кенг имкониятлар яратди.

    Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг шу йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, математика соҳасидаги фундаментал ва амалий илмий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимларни мукофотлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этиладиган бўлди. Мукофот билан Ўзбекистон Республикаси, чет фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши таъкидланган. Мукофот икки йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашининг таклифига кўра учта йўналиш (фундаментал соҳадаги тадқиқот, ёшлар ўртасидаги тадқиқот ва иқтисодиётнинг реал секторидаги муаммонинг ечимини таъминлаган тадқиқот) бўйича берилади. Ҳар бир йўналиш бўйича мукофот совриндорларига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги пул мукофоти берилиши назарда тутилган.

    Илм-фан соҳасига алоқадор кенг кўламли ишларга буюк бобомиз номи берилгани замирида улкан маъно-мазмун мужассам. Жумладан, улуғ аждодимиз номи билан юритиладиган таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўз зиммасида атоқли ватандошимизга муносиблик масъулиятини туяди. Қомусий билимлар соҳиби бўлган аждодимиз илмий меросини чуқур ўрганишга интилади. Зеро, жаҳонда Хоразмий бобомиз номи ва асарлари етиб бормаган жой жуда оз. У таратган илм нурлари асрлар оша дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида ҳам шуъла сочмоқда.

    Шарқнинг Хоразмийдан кейин яшаган машҳур математиги Абу Комил Фужо ибн Аслам бундай деган эди: “Мен ҳисоб олимларининг китобларини кўп ўқидим. Бу китоб орасида Муҳаммад Мусо Хоразмийнинг “Ал-жабр вал муқобала” китобини энг соғлом қоидали ва энг тўғри қиёсли деб топдим. Шундай бўлгач, Хоразмий китобини олдинга қўйиш, унинг билим ва фазилатига иқрор бўлишимиз лозим. Чунки Хоразмий бу китобни биринчи бўлиб ёзган кишидир. У ихтиро қилган қоидалар орқали “ал-жабр вал муқобала”нинг яширин қолган жойларини ўргандик, ақлдан узоқларини ақлга мувофиқлаштирдик, қийинларини осонлаштирдик...”.

    Хоразмий ўз алгебрасида қандай манбаларга асослангани маълум эмас. Хоразмий келтирган қоидалар (алгоритмлар) бўйича квадрат тенгламаларнинг ечимини топиш усули деярли ХVI асргача қўллаб келинди.

    Президентимиз Ёшлар форумида “Куни кеча олис Испаниянинг Мадрид шаҳридаги Комплутенсе университетида аллома бобомизнинг ҳайкали ўрнатилгани ҳам бу халқаро эътирофнинг яққол исботидир. Машҳур аждодимиз хотирасига кўрсатилган бундай улкан эҳтиромни, биз айни вақтда халқимизга, унинг қадимий тарихи ва бой маданиятига кўрсатилган юксак ҳурмат рамзи сифатида қабул қилишимиз керак”, дея эътироф этгани бу буюк алломанинг илм-фан йўлидаги беқиёс хизматлари нақадар юксаклигини кўрсатиб турибди.

    Акрам АКМАЛОВ,

    педагогика фанлари номзоди, доцент

    Аббос АКМАЛОВ,

    педагогика фанлари номзоди, доцент

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates