Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун гендер масалаларига боғлиқ минтақавий ёндашув ишлаб чиқилмоқда

    Халқаро ҳамкорлик 28 октябр 2021 1038

    2021 йил 28 октябрда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасида «Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва аёллар етакчилиги» мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтди.

    Тадбир БМТ Тараққиёт дастури, «БМТ-Аёллар» ташкилоти ва БМТ Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ташкил этилди.

    Конференция Марказий Осиёда барқарор ривожланиш, гендер тенглиги ва аёллар етакчилиги бўйича Минтақавий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, ёш аёл депутатларнинг етакчилик фазилатларини ошириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) илгари суришда уларнинг иштирокини ошириш мақсадида ўтказилди.

    Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти Раиси Танзила Нарбаева ва Мулоқотнинг бошқа аъзолари, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Миряна Сполярич Эггер, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталя Герман, «БМТ-Аёллар» ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алиа Эл-Яссир, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Ю Ю, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска иштирок этдилар.

    Конференцияда шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги юқори мартабали вакиллари, Халқаро қизил хоч қўмитаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ҳамда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги аёл элчилари ҳам қатнашди.

    Алоҳида сессиялар тарзида ўтган тадбир Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширилиш жараёнига бағишланди. Иштирокчилар 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартиби доирасида гендер масалалари бўйича БРМга эришишга минтақавий ёндашувни ишлаб чиқиш истиқболларини кўриб чиқдилар.

    Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари ўртасида гендер тенгликни таъминлаш, айниқса қонун чиқарувчи органларда тажриба алмашиш, шунингдек, БРМни илгари суриш ва норматив, парламент назорати ва гендер тенглиги соҳасидаги илғор тажрибани ўрганиш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларни амалга оширишдаги ҳамкорликнинг аҳамияти қайд этилди.

    Т.Нарбаева Ўзбекистонда БРМнинг амалга оширилиши Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади. БРМ Ўзбекистонни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясига интеграция қилиняпти.

    — Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари фаол иштирокисиз, минтақа аёллари ўртасидаги ҳар томонлама амалий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги ишларимиз кутилган натижани бермайди, — деди Т.Нарбаева.

    М.С. Эггер аёлларни жамият ва иқтисодиётнинг барча жабҳаларига тўлиқ қамраб олмасдан туриб, БРМга эришиш имконсиз эканлигини инобатга олган ҳолда умумий саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

    — БМТТД сиёсат, бошқарув ва иқтисодда аёллар етакчилигини рағбатлантиришга кўпроқ эътибор қаратишда давом этади. Гендер тенгсизлигининг барча шаклларини бартараф этиш ва аёлларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш орқали биз тинчлик ўрнатишимиз, жамиятларимиз барқарорлигини таъминлашимиз ва БРМ сари тараққиётни фаоллаштиришимиз мумкин, — деди М.С. Эггер.

    М.Димовсканинг таъкидлашича, бутун дунё, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам барча соҳаларда – иқлим ўзгаришига қарши курашишдан тортиб, иқтисодиёт ва жамиятлар тикланишигача – энг катта муаммоларини ҳал этишда аёллар етакчилиги ва маҳоратига, истеъдодларига, инновацияларига муҳтождир ва шу билан БРМга эришади.

    Шу билан бирга, конференция иштирокчилари Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида трансформацион ўзгаришларни рағбатлантириш, шунингдек, аёллар етакчилиги орқали гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Марказий Осиёдаги истиқболли етакчи аёлларни қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилдилар.

    Куннинг иккинчи ярмида «БМТ-Аёллар» ташкилоти экспертлари 40 ёшгача бўлган Марказий Осиёдаги аёл парламентарийлар учун самарали мулоқот бўйича тренинглар ўтказдилар. Ушбу сессиялар турли алоқа каналлари орқали гендер тенглигини самарали тарғиб қилиш, мулоқот стратегияларини ишлаб чиқиш бўйича кўникмаларни оширишга қаратилган эди.

    Муҳокамалар чоғида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича стратегия ва чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш бўйича умумий минтақавий мақсадларга эришиш юзасидан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва шериклар белгилаб олинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Тадбир якунлари бўйича келиб тушган таклиф ва тавсиялар асосида Марказий Осиёда барқарор ривожланиш, гендер тенглик ва аёллар етакчилиги бўйича Минтақавий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates