Ҳозирги кунда Ўзбекистон диний бағрикенглик ва динлараро мулоқот борасида бутун дунёга намуна бўлмоқда. Республикамизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансублигидан қатъи назар, ҳамжиҳат, тинч ва осойишта яшаб, юртимиз равнақи учун хизмат қиляпти.
Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилиши учун барча шароит мавжуд.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи, бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий алоқалар қилгани ерли халқларнинг диний ва маънавий ҳаётига, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги урф-одатлар ҳам ўзга юртлар маданияти ривожига салмоқли таъсир кўрсатган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришдаги асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон заминида қадимдан ислом дини билан бирга бошқа динлар ҳам ривожланиб, жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшган.
Мана шундай диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам кўриш мумкин. Буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг қўшини таркибида яҳудий ва яна бошқа динга мансуб аскарлар ҳам хизмат қилган. Соҳибқироннинг ўғли Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинланган. Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан ёдга олади. Сабаби бобурийлар давлатни диний бағрикенглик асосида бошқарган эди.
Бошқа динлар сингари ислом дини ҳам азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайридинлар (исломдан бошқа динга эътиқод қилувчилар)га ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. У ўзидан аввалги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакилларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ғайридин (бошқа диндаги)ларга, аҳли зимма (ислом давлати соясида яшайдиган ғайридинлар)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатишди. Чунки бу Оллоҳ таолонинг амри ҳамда Расулининг умматга берган кўрсатмаси эди. Оллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Оллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!...”.
Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”, деб марҳамат қилганлар. Айнан ана шу ҳадисни эътиборга олган ҳолда Ҳазрати Умар (р.а.) Амр ибн Ос (р.а.)ни Мисрни фатҳ қилишга юбораётиб: “Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўзингизга душман қилиб қўйманг”, деб огоҳлантиргандилар.
Қуръони карим ўзидан олдинги муқаддас китоблар — Забур, Таврот, Инжилни тан олишга, аҳли китобларни, яъни бошқа дин вакилларини ҳурмат қилишга чақиради. Одамларни ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамкорликка ундаб, фитна, нифоқ ва низоларнинг ҳар қандай кўринишини енгиб ўтишга даъват этади. Муқаддас динимиз тарихидан ҳам бағрикенгликнинг юксак кўринишига намуна бўла оладиган мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Жумладан, Хайбар ғазотида мусулмонларга ўлжа тушган нарсалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам бор эди. Яҳудийлар келиб Расулуллоҳдан ўша саҳифаларни қайтариб беришни сўрадилар. Пайғамбаримиз уларни яҳудийларга қайтариб беришга амр қилдилар. Зеро, бошқа дин вакилларининг қадриятларини эъзозлаш ислом динининг гўзал ахлоқларидандир. Шунинг учун яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган саҳифаларга заррача зиён етказилмай ўзларига қайтарилди.
Қуръони карим бизга таълим берган яна бир муҳим ҳақиқат — бу бошқа дин вакиллари, яъни насронийлар ва яҳудийлар ибодат қиладиган жойларга чуқур эҳтиром ва ҳурмат билан муносабатда бўлмоқликдир.
Пайғамбаримиз Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад (с.а.в.) бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар. Масалан, Пайғамбар (с.а.в.) бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари тарихда маълум ва машҳур.
Пайғамбар (с.а.в.) Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. У зот (с.а.в.) Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодат қилишларига рухсат берганлар”.
Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжид, черков ва синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний асосда ҳеч қандай можаро келиб чиқмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради. Шу боис ҳам Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р.Бенеман шу ҳақда тўхталар экан, Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилганини, бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динларига эркин эътиқод қилиш учун ўша пайтдаёқ етарли шарт-шароит яратиб берилганини таъкидлаб, “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик, Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”, деб ёзади.
Ҳозир юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари, 16 та диний конфессия, 2200 дан ортиқ диний ташкилотларнинг диний бағрикенглик асосларига риоя қилган ҳолда ўзаро тинч-тотувликда умргузаронлик қилаётгани сўзларимизнинг яққол далилидир.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
директори ўринбосари