Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ бу риштанинг янада мустаҳкам бўлиши учун ҳаракат бошлади. Ўзаро алоқаларда улкан ўзгаришлар юз берди. Жумладан, 2017 йилда Тошкент-Душанбе авиақатновининг қайта йўлга қўйилиши, Ғалаба-Амузанг темир йўли тикланиши, Самарқанд-Панжикент халқаро йўли очилиши, икки давлат чегарасида 10 та назорат пункти иш бошлагани тарихий воқеа бўлди. Айниқса, 2018 йили Президентимизнинг Тожикистонга ташрифи ўзбек-тожик халқлари ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик, биродарлик ва ўзаро стратегик шериклик соҳаларидаги муносабатларда янги саҳифа очди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон-Тожикистон ўртасида чегараларнинг очилиши неча йиллардан буён бир-бирини соғинган қанчадан-қанча ота- бола, ака-ука, опа-сингил, қариндош- уруғларни дийдорга етказди. Эсимда, ўша йиллари чегаралар очилишида бир-бирининг дийдорига ошиққан не-не қалбларнинг учрашувига гувоҳ бўлдик. Кўзларимизга ёш қалқди. Ахир жигарининг тўю маъракасига етиб боролмаган, хаста бўлса, ҳолидан хабар ололмаган инсонларга чегаралар очилиши чинакам бахтиёрлик туйғусини ҳис қилиш имконини берди. Меҳр ришталари қайта боғланди.
Бугунги кунда Хўжанд шаҳрида Ўзбек маънавияти ва маърифати маркази, маҳаллий университетда ўзбек филологияси бўйича мутахассислар тайёрлайдиган илмий мактаб фаолият юритмоқда.
Мамлакатимизда барча миллат ва элатлар қатори тожик маданиятини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда тожик миллатига мансуб 1 миллион 600 минг юртдошимиз истиқомат қилиб, иқтисодий тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчилар, шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор.
Мамлакатимизда 15 та тожик миллий маданият маркази миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. 255 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Бир қатор олий ўқув юртларида тожик тилида таълим берадиган факультетлар ва бўлинмалар фаолият юритмоқда. Жорий йилда ушбу йўналишларга қабул ўринлари икки баробар ортади.
Мамлакатимизда кейинги йилларнинг ўзида тожик миллатига мансуб 130 фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.
Бу Ўзбекистонда барча миллатлар қатори тожик халқига ҳам юксак эътибор қаратилаётгани, шароит ва имкониятлар баробар эканини намоён этади.
Тожикистон халқи Ўзбекистон Президентини жуда ҳурмат қилади, доим меҳр билан тилга олади. Ташриф буюрса, юксак эҳтиром кўрсатилади. Бунга куни кеча давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга ташрифи тафсилотларини кузатиб борган ҳар биримиз гувоҳ бўлдик.
Президентимиз Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмонга таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат муносабатлари юксак даражага кўтарилганини таъкидлади.
— Биз ушбу ташрифга жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган аниқ лойиҳа ва шартномалар имзоланди. Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида айтсак, биринчи бор Тожикист онда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтди, яқин орада мамлакатларимиз ёшлари Фарғона водийсида учрашади. Бир сўз билан айтганда, тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда, — деди давлатимиз раҳбари.
Президентимизнинг қўшни давлатга бу галги ташрифи ҳар қачонгидан самарали ва икки мамлакат, ўзбегу тожик халқлари учун манфаатли бўлиши шубҳасиз. Энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланганининг ўзиёқ бу ташрифнинг аҳамияти нечоғли улканлигини кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ўзаро музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса, Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш бўйича ҳам аниқ келишувга эришгани бугунги давр учун муҳим аҳамият касб этади.
Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни Тожикистоннинг юксак мукофоти — I даражали “Зарринтож” ордени билан мукофотлади. Бу давлатимиз раҳбарининг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари эътирофи бўлди.
Мамлакатларимиз раҳбарларининг узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли тақдири туташ икки халқ дўстлиги, ўзаро ҳамкорлиги янада самарали бўлади, дўстлик ришталари мустаҳкамланади ва, шубҳасиз, бу муносабатлар дунё тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
Гуландом СУБҲОНОВА,
Республика тожик миллий маданий маркази раиси








