Президентимиз ўтган йил 14 январда Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига ташрифи давомида Иттифоқ маҳалласи ҳудудида имкониятлардан фойдаланиб, томорқадан мўл ҳосил етиштириш, уни халққа етказиб беришда жонбозлик кўрсатиб, юқори самарага эришиш мумкинлигини туман аҳолиси эътиборига ҳавола қилди. Ушбу туманда амалга оширилаётган тажриба натижаларини давлатимиз раҳбари бошқа вилоятларда ҳам кенг жорий қилиш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун қандай йўл тутиш борасида аниқ ҳисоб-китоблар билан асосланган топшириқлар берганди.
Сайхунобод тажрибаси, дея эътироф этилган мазкур ташаббус бугун нафақат маҳаллалар ва қишлоқ ҳудудлар, балки бутун иқтисодиётимиз инклюзив ривожи учун ҳам муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга катта ҳаракатга айланди. Давлатимиз раҳбарининг жуда қисқа вақт ичида Сайхунобод тажрибасини ҳар бир маҳаллага жорий қилишни қатъий белгилаши тажрибага «яшил маҳалла»ни ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий модели сифатида қараш имкониятини беради.
Кенг кўламли тавсифга эга бўлган ушбу тажриба модели нафақат мамлакатимиз ичида, балки хорижий давлатлар ҳудудларининг кичик тузилмаларида ҳам қўллашга йўл очади. Яъни Сайхунобод тажрибаси ишсиз одамлар бандлигини таъминлаш, камбағалларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, даромадларини оширишнинг асосий мақсади ва манбаига айланди. Шу маънода, мазкур ташаббусни бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзаётган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнидаги ҳақиқат, десак тўғри бўлади. Бинобарин, унинг замирида меҳнаткаш халқимизни иш билан тўлиқ банд қилиш орқали фаровон ҳаётни таъминлаш ётади.
Сайхунобод илгари Мирзачўл текислигида жойлашган ҳосилсиз ҳудуд эди. Ерлар ўзлаштирилгач, ҳозир аҳолиси зич яшайдиган обод деҳқончилик ва чорвачилик туманига айланди. Туманнинг асосий бойлиги ер-суви ва меҳнаткаш халқидир. Ер инсонни боқади. Ундан тўғри фойдаланган одамни эса бой қилади.
Мамлакатимиз аҳолиси 37 миллион кишидан ошди. Бу ишлайман, яхши яшайман деганлар сафи ҳам тобора кенгайиб боряпти, дегани. Ўрганиш ва тадқиқотларга кўра, маҳаллалардаги 20-25 фоиз аҳоли ўз бизнеси бўлишини истайди. Бунинг учун бўлғуси тадбиркорга дастлаб ўз маблағи ёки имтиёзли банк кредити ҳамда «маҳалла еттилиги» кўмаги, қолаверса, тижорат банкининг хайрихоҳлик билан ёндашуви зарур. Шу боис, бугунги кунда ҳамма вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалар бошқарув тизимларида бунга муносиб эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз тадбиркорлар билан 2023 йилги очиқ мулоқотида иқтисодий тараққиётимизнинг янги даврини бошлаб берадиган муҳим ташаббуслар ҳақида гапириб, тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтаришнинг устувор 5 та йўналишини асослаб берган эди. Унда маҳалла тизимида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш орқали юқори даромадли йирик корхоналарни кўпайтириш, янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан кириш, қишлоқ хўжалигида кластер тизимига ўтиш муҳим ташаббус сифатида илгари сурилганди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш, унинг жамиятдаги ролини тубдан ошириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва маҳалла бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳукуматимиз, шахсан Президентимиз диққат-марказида турибди. Шуларни ҳисобга олсак, бугунги кунда кичик бизнес маҳаллаларга амалда янги муҳит олиб кирмоқда. Одамларни меҳнатга ундаб, фаровон ҳаёт кечиришга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 9 мингдан зиёд маҳалла мавжуд. Сирдарё вилоятида эса улар 236 тани, уй хўжалиги аъзолари сони 173,3 минг нафарни ташкил этади. Уй хўжаликларининг 57 фоизида 5 ва ундан кўп киши истиқомат қилади. Республика миқёсида бу кўрсаткич 61,4 фоизга тенг. Ушбу рақамлар Сирдарё вилояти оилаларида яшовчи аҳолининг ўртача катталиги қисқариб бораётганини кўрсатади.
Вилоятда аҳоли жон бошига 2023 йилда умумий даромад 16,8 миллион сўмга, реал даромад эса 15,3 миллион сўмга тенг бўлган. Бу кўрсаткичлар 2022 йилдагига нисбатан мос равишда 2,2 ва 2,1 мильлион сўмга ошган. Аммо республика бўйича аҳоли жон бошига умумий даромадни ушбу вилоят билан солиштирсак, 2023 йилда 3,2 миллион сўмга, реал даромад эса 2,9 миллион сўмга кўплиги аён бўлади.
Тажриба олиб борилаётган Сайхунобод туманида 19 та маҳалла бор. Уларнинг ҳар бири биттадан кичик тракторга, 4 донадан культиваторга эга. Маҳаллада 1 сотих ердан 1-2 миллион сўм даромад олиш мезон тариқасида қабул қилинган. Томорқа ерларни ҳайдаш ва экин экиш хизматлари агрономлар билан бирга амалга оширилади.
Шунингдек, туманда экспортга кўмаклашувчи корхона очилиб, уставига 1 мильлиард сўм киритилиши режалаштирилган. Бу корхона 4 минг хонадонга серҳосил қовоқ, мош, ловия, розмарин, брокколи, тимян уруғини етказади, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади.
Сайхунобод тажрибаси ердан янада самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, уларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни ўз ичига олади.
Мамлакатимизда Сайхунобод тажрибаси дастлаб аҳолиси зич яшовчи Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида кенг йўлга қўйилган бўлса, энди бутун республика бўйлаб оммалашмоқда. Буни Бухоро вилоятида бажарилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Сайхунобод тажрибаси асосида Бухоро вилоятида ҳар бир маҳалладан камбағал, даромадли меҳнат билан шуғулланишга иштиёқи бор 7 тагача ночор хонадон танлаб олинган. Уларга ҳудуддаги етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда лаёқатига мос равишда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик кабилар билан бирга томорқа хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, 3 сотихли иссиқхоналар ташкил қилиб, оилаларнинг бир йилда 50 миллион сўмдан ошириб даромад топишига кўмаклашиш чора-тадбирлари кўрилган.
Маҳаллаларга бириктирилаётган тижорат банклари масъуллари жойлардаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида сараланган хонадонларда даромад манбаини яратиш, томорқа маданиятини шакллантириш, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш, кўчат ўтқазиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, бошқа хизматлар кўрсатишга шахсан жавобгар ҳисобланади. Ушбу таҳлиллар Сайхунобод тажрибасини «яшил маҳалла» тизими сифатида инклюзив ривожлантириш имкониятлари кенглиги ва давлат томонидан тажриба кенг қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.
Маҳалла тизимини ҳар томонлама ривожлантириш давлатимиз раҳбари фармонлари, қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси расмий ҳужжатларида белгилаб қўйилган институционал қоида ҳамда мезонларга асосланган. Булар хорижий тажрибалар, шунингдек, Сайхунобод тажрибаси бўйича яратилган шарт-шароит каби қатор омилларни ўз ичига олади. Маҳаллада аҳолининг демографик таркиби ва ўсиши, инсон капитали самараси, аҳоли бандлиги ҳамда камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятига инвестиция киритиш, инновацион технологияларни кенг жорий қилиш, маҳалла миқёсида шартнома муносабатларини кучайтириш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда қонунчилик талабларини сўзсиз бажариш шулар сирасига киради. Уларда маҳалланинг ривожланиш жараёнига бевосита таъсир этиш баробарида «Камбағалликдан фаровонлик сари» лойиҳалар ижросини таъминлаш кўзда тутилган. Бунинг учун туман (шаҳар)ларда инклюзив ўсишни таъминловчи ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларига 2025 йилда давлат бюджетидан 1 триллион сўм ажратиш белгиланган.
«Бизнесга биринчи қадам» дастури орқали вазирлик ва идоралар билан биргаликда камбағал оилаларга 2025 йилда 15 триллион сўм кредит ажратилади.
Маҳаллалар ривожи, асосан, тўрт жиҳатга боғлиқ. Биринчиси, ўша ҳудуддаги меҳнаткаш, ўз ишини яхши биладиган инсонлар бўлса, иккинчиси сув ресурсларидир. Учинчиси сармоя, тўртинчиси эса, албатта, ҳудудда тадбиркорлар мавжудлиги. Уларнинг ҳар бири маҳалла иқтисодиётининг таянч нуқталаридир. Сайхунобод тумани тажрибасида ана шу фундаментлардан самарали фойдаланишга асосий эътибор қаратилмоқда.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурида камбағал оилалар рўйхатини тузиш, оилаларнинг камбағалликка тушиш сабабларини билиш ва шу асосда туман (шаҳар) маҳаллалари кесимида оилаларни камбағалликдан чиқариш, шундай оилалар ижобий тажрибаларини оммалаштириш ва рағбатлантиришга энг устувор ташкилий вазифа сифатида қаралади. Шу ишлар туфайли жорий йилда мамлакатимиз бўйича 2024 йилдагига қараганда 2 баробар кўп аҳоли камбағалликдан олиб чиқилади. Раҳбарларни 5 тадан камбағал оилага бириктириш 2025 йилда 2024 йилдагидан 2 карра ёки 70 мингдан 140 мингтагача ошади. Ушбу чора-тадбирлар Сайхунобод тажрибасига таяниб кенг ривожланишни тезлаштириш ҳамда ҳар бир оиланинг иқтисодий барқарор яшашини таъминлашга йўл очиб беради.
Ўзбекистонда кейинги йилларда босқичма-босқич олиб борилган ислоҳотлар туфайли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи — маҳалланинг халқ билан давлат ўртасида ишончли кўприк бўлиши амалда таъминланди. Бунинг учун маҳаллалар фаолияти изчил қўллаб-қувватланяпти. Улар манфаати ҳимоя қилиняпти. Маҳалла тизимини ривожлантиришнинг қонунчилик асослари ҳамда институционал механизмлари ишлаб чиқилиб, амалиётга киритилмоқда.
Қишлоқ маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли яшаш шароитини яхшилаш ва даромадларини кўпайтиришга қаратилган ҳамда тадбиркорликка янада кенг йўл очиш учун Сайхунобод туманида ўтказилаётган агросаноат тажрибаси муносиб натижаларга етаклаётгани билан аҳамиятли.
Бозорбой БEРКИНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,
Институционал ва иқтисодий тадқиқотлар маркази
илмий раҳбари