баннер
13 мар 2025
19:08

    Таълим ва тарбияда коррупциядан ҳоли муҳит яратиш энг муҳим тамойилдир

    Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳалари ривожланишига жиддий путур етказади, тараққиётни секинлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб, халқни хонавайрон этади, ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига сабаб бўлади.

    Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади.

    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 5 март куни коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда «Коррупцияга қарши курашда барчамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий самарага эришамиз» деган гапларида улкан маъно мужассам.

    Дарҳақиқат, коррупция бор жойда ҳақиқат ва адолат бўлмайди. Ҳеч қайси бир соҳанинг ривожланишига, олдимизга қўйган мақсадимизга эриша олмаймиз. Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир. Коррупцияга йўл қўйганнинг куни қисқа.

    Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширадиган, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилдир. Шу боис коррупция билан муроса қилиб бўлмайди.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, одамлар боласини мактаб ёки боғчага жойлаштиришда сарсон бўлган, ишини «бошқа йўллар» билан ҳал қилишга тўғри келган эди. Бундан 7-8 йил аввал олийгоҳларга ўқишга киришда «таниш-билишчилик» авж олган эди. Соҳа рақамлашди, имтиҳонлар онлайн трансляция бўляпти. Аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш тизими жорий қилинди. Олий таълимда 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайди.

    Йиғилишда мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни қадрлаш, кечаги кун билан бугунги кунни фарқини яхши тушуниш, маҳаллада, тўй-маъракада ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ҳалоллик ва шукроналик билан ҳаёт кечиришни тушунтириш ишлари бўйича жамиятимизда яхши тажрибалар етишмаслиги қайд этилди. Яна бир муҳим томони, мактаб директорлари «Тарбия» фани доирасида ўғил-қизларимизга ҳалоллик, бировни ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни содда тилда тушунтириб бориши кераклиги таъкидланди.

    Муҳтарам Президентимизнинг Олий таълим муассасалари Ректорларига талаба ва ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиши зарурлиги юзасидан берилган топшириқларидан келиб чиқиб, масъул мутасаддилар билан амалга оширишимиз лозим бўлган аниқ мақсад ва режаларни белгилаб олдик.

    Университетда бугунги кунгача коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Буларнинг барчаси собиқ институтнинг ҳамма ходимларини, шу жумладан профессор-ўқитувчи таркибини аттестация қилинишидан бошланди. Натижада, профессор-ўқитувчи таркиби сараланиб, ўз навбатида, университет, асосан хорижда таҳсил олган истиқболли ёш кадрлар билан тўлдирилди. Шунингдек, «Коррупциясиз таълим« йўлга қўйилиб, бунда асосий омил устоз-шогирд ўртасида соғлом муҳит яратилишига, очиқлик ва шаффофликка катта эътибор қаратилди. Раҳбар ва ёшлар учрашуви доимий равишда ўтказилиб, индивидуал мурожаатлар билан ишлашнинг янги тизими яратилди.

    Умуман, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, «коррупция – келажакка таҳдид» деган ғоя асосида Янги Ўзбекистон ёшлари қалбидан жой оладиган тизим яратишимиз, коррупцияга «жамият танасидаги саратон» сифатида қарашимиз лозим. Давлатимиз фаровонлиги, халқимизнинг эртанги куни, келажагимиз йўлида бир мақсад сари бирлашсаккина бу иллатнинг илдизини қуритишга эриша оламиз. Барчамиз коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишни аввал ўзимиздан бошлашимиз, бунга қарши маънан ва ҳуқуқий тайёрланишимиз зарур. Ҳар биримиз қўрқмасдан ўз ҳуқуқимизни тўлақонли амалга оширсак, қонун бузилишига йўл қўймасак, лоқайд ва бефарқ бўлмасак, ўз мажбуриятимизни сидқидилдан бажарсак нафақат коррупцияга, балки ҳар қандай жиноятга мукаммал қарши курашиш имкониятимиз юзага келади.

    Худойназар Юнусов,

    Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,

    чорвачилик ва биотехнологиялар университети

    ректори, профессор.

    Телеграм каналимиз
    Text to speech