Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Маданият вазири Озодбек Назарбеков маълум қилди.
Қайд этилишича, маданият вазирлиги тизимида жами 367 та таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Жумладан, 325 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 29 та ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби ва мактаб-интернатлари, 2 та коллеж, 5 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиали ҳамда 2 та малака ошириш марказлари мавжуд.
Мазкур таълим муассасаларда 105 703 нафар ўқувчи-талабага 18 683 нафар профессор-ўқитувчилар таълим бериб келмоқда.
Шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 21 нафар талаба Давлат стипендияларини қўлга киритди ва 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ошди.
Бугунги кунда Маданият вазирлиги тизимидаги 837 та маданият марказида 4 171 та тўгарак, студия ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари фаолият олиб бормоқда.
Ташкил этилган тўгарак, студия ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларига 57,3 минг аҳоли, шу жумладан, 49,5 минг ёшлар қамраб олинган. Ушбу муассасалар томонидан 2024 йил биринчи ярим йиллигида 26,8 мингта маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.