Муштарак мақсадлар, эзгу ғоялар фестивали

    Инсон тирик экан, орзулар, истаклар унинг умид билан яшашига хизмат қилади. Эзгу ғоялар эса ҳамиша йўлларни ёритади ва шу ғоя ортидан эргашади. Шу маънода гўзал ҳаётда яшаш учун ғоя эзгу бўлиши керак. Маънавият ҳам аслида эзгуликка йўғрилган ғоялар мажмуи. У қалбни ҳам, ҳаёт йўлини ҳам ёритиб борувчи машъал.

    Бу борада Президентимизнинг "Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони, руҳи маънавиятдир", деган фикрини келтиришнинг ўзи кифоя.

    "Биз бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак Ватанмиз!". Бугун мустақиллигимизнинг 33 йиллиги олдидан республикамиз бўйлаб бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтказилаётган Маънавият фестивали ҳам айни ғояни мужассам этгани билан аҳамиятли. Олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият соҳаси вакиллари юртимизнинг барча вилоятларида, жумладан энг чекка ҳудудлар, олис манзилларда бўлиб, қишлоқларга, гузарларга, хонадонларга бир олам завқ, маънавий озуқа, зиё, бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон руҳини олиб киряпти.

    Минтақамиздаги халқлар азалдан бир тану-бир жон бўлиб яшайди, яхши кунида бир-бирига ошу намак улашади. Уларнинг феълида, урф-одатларида, кўникмалари, яшаш тарзида турфаликни кўрамиз. Мисол учун, Сурхондарёнинг тоғли ҳудудида яшаётган эл билан Қорақалпоғистоннинг оролбўйида истиқомат қиладиган одамларнинг қадриятлари, турмуш тарзи мутлақо ўзгача бўлиши мумкин. Уларни юрт тақдирига дахлдорлик билан боғлиқ ягона ғоя бирлаштириб туради.

    Маънавият фестивали каби йирик тадбирлар мажмуи ана шу ғоялар бирлашувида кўприк вазифасини ўтайди. Орол фожиаси Қашқадарё воҳаси одамларини ҳам ўйга толдирса, қорақалпоқ йигитлари маромини келтириб, Андижон полькасига рақсга тушадилар. Ҳудудий фольклор жамоаларининг чиқишини айтмайсизми! Миллий ғурур тарихий илдизсиз бўлмагани каби санъат ҳам азалий пойдеворсиз ривожланмайди. Фольклор жамоалари, бахшию, оқинлар ўз ҳудудларига хос урф-одат, қадриятларни сингдирган ҳолда, эҳтимол минг йиллардан келаётган халқ термалари, достонларини куйлар экан, халқимизнинг ўлмас, бой мероси бир-бирига туташ томирлар сингари эканини намойиш этадилар.

    Ижодий гуруҳ иштирокчилари турли ҳудудларда турфа таассуротлар олаётганидан бахтиёр. Айниқса, олис қишлоқларнинг тозақалб, кичиккўнгил инсонлари билан учрашиш уларга ўзгача кайфият бағишлаётгани рост. Зеро, ижодкорларнинг барчаси янгидан-янги илҳом манбаларини топаётганини завқ-шавқ билан эътироф этяпти. Тўғрида, ижод аҳли халқнинг ўзидан олиб, унинг ўзига беради. Бу тарзда яратилган асарлар ҳамиша халқчил ва самимий бўлади.

    — Одамларнинг юзидаги, сўзидаги шукроналик руҳини кўриб, яйраб кетаман. Шундай вақтларда менинг бутун санъатим мана шу заҳматкаш элники эканини яна бир бор ҳис қиламан,» — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров. Шоир Ахтамқули эса "Адабиёт, айниқса шеър одамларнинг қалбига кириб борувчи, тингловчиларига ғоя улашувчи муҳим восита", дейди Дарҳақиқат, Ватан ҳақидаги шеърлар ҳамиша инсонни тўлқинлантиради. Аҳамиятлиси, ватан ҳақидаги ҳар қандай асар одамларни бир ғоя атрофида бирлаштиради. У ҳам бўлса — ватанга садоқат, муҳаббат кўрсатиш.

    "Маданият, санъат, адабиёт ва улар билан йўғрилган илм нафақат элни бирлаштирувчи, балки уларни буюк мақсадлар йўлида миллий ғоя ортидан етакловчи муҳим омиллардир. Маънавият фестивалининг мана шундай омиллар воситасида одамлар орасига кириб бориши мафкуралар кураши даврида жамият барқарорлигини таъминлашда, ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштиришда катта ўрин тутади," — дейди фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори, шоира Шаҳло Аҳророва. Демак, фестиваль шунчаки маданий учрашув эмас, катта мақсадларни қамраб олган, кенг қамровли тадбирлар мажмуи ҳамдир.

    Фестиваль иштирокчиларининг тадбир доирасидаги энг хайрли ишларидан бири — иқтидорли ёшлар билан учрашувлар ўтказаётгани. Эртамиз эгаларининг орзу-мақсадлари билан танишиш баробарида улар ёшларга шижоат ҳам улашишяпти. "Инсон қадри" лойиҳаси доирасида эса отахону онахонлар, фахрий ўқитувчилар, шунингдек, эътиборга муҳтож оилалар холидан хабар олиняпти. Сурхондарёнинг энг чекка тумани Сариосиёнинг Кундаи жўвоз қишлоғида яшовчи Саидали ота Муҳаммадиевнинг сўзларига эътибор беринг: "Мен 80 ёшга чиқдим. Шукрким, мустақилликдан кейин юртимнинг номи юксалди. Мана, битта Сурхондарёнинг ўзидан қанча полвонлар чиқди. Улар дунёга ўзбек номини танитмоқда. Миллатим номини улуғлаяпти. Мустақилликнинг битта ғурури шуда!"

    Ҳа, аслида миллий ғурурнинг турли ҳамду-санолардан ҳоли бўлган оддий тавсифи бу. Глобаллашув таъсирида "оммавий маданият" ниқоби остида ёшларимиз онгу-шуурига бўлаётган турли мафкуравий хуружлар даврида Саидали ота каби нуронийларнинг бундай эътирофлари қимматли ўгитдек гап.

    Ўзбекистон халқ ҳофизи Абдунаби Ибрагимовнинг мумтоз қўшиқларини сел бўлиб тинглар экан: "Тўғриси, мен ёшларнинг ҳалиги шўх концерти бўлса керак, деб келишга иккилангандим. Баракалла, халқнинг, айниқса ёшларимизнинг орасига мана шундай мақомларимиз билан ҳам кириб бориш керак", дейди, Андижоннинг Нодирабегим маҳалласида яшовчи, тўқсон тўрт ёшни қоралаган Санъатхон ая Қазақова.

    Тадбир давомида олимларимиздан иборат гуруҳ жойларда маънавий маърифий ишлар бўйича масъуллар билан семинар ўқувларини ҳам ташкил этиб боряпти. Бир сўз билан айтганда, фестиваль том маънода байрамона шукуҳ касб эта оляпти. У кириб борган диллардаги шукроналик ҳисси тилларга, дуоларга кўчяпти.

    Баҳора АҲМEДОВА

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    раҳбарининг Ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates