Ҳар қандай низолар кун келиб, ўз ечимини топар, сиёсий эврилишлар қачондир яхши томонга ҳал бўлар, бироқ инсониятнинг кейинги келажагини шундай вазиятларда ҳам йўлдан оғишмай умуммиллий огоҳлик баробарида болаларининг илм олишини рағбатлантираётган миллатлар белгилайди. Бунга тарих гувоҳ.
Энди эса савол туғилади: биз қандай миллатмиз? Шу ўринда бир даврада китобхонлик ҳақида баҳс кетаркан, зиёли юртдошимизнинг биз тарихан китобхон миллат бўлмаганмиз, ота-боболаримиз қисман чорвадор, қисман зироаткор ўтган, китобни севиш улуши қонимизда анчайин паст, дея тафаккур тегирмонидан ўтказмай айтган гаплари ёдга тушади. Мазкур фикрни давра қатнашчилари, жумладан, мен ҳам мутлақ нотўғри ёндашув сифатида қабул қилган эдик. Ахир қандай қилиб одамзод тафаккурига юзлаб даҳоларни етказиб берган миллат китобни севмаслиги мумкин?!
Балки ўшанда бу инсонга Имом Бухорийнинг ислом тамаддунида тутган ўрни, Ибн Сино-ю Фарғонийларнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси, борингки, Алишер Навоийнинг Шарқ адабиётида қанчайин аҳамият касб этиши ҳақида савол беришимиз керак эди. Бироқ жавоби аниқ бўлган саволни бериш “туяга юк” дедикми, сукут танланди.
Кейин ўйладим: Ҳа, биз китобхон, илмпарвар халқ эдик. Бироқ ҳозир-чи? Кимларнинг қаторидамиз? Ақл маҳсулотлари билан дунёни таъминлаётган мамлакатлар қаторидами ёки шунчаки ўша давлатларнинг хос истеъмолчилари сафидами? Жавобни ўзингизга қолдирамиз.
Хўш, дунёда энг китобхон мамлакатлар қайси? Growth from Knowledge халқаро маркетинг тадқиқотлари институти ўтказган сўровномага асослансак, дунё бўйлаб энг китобхон мамлакатлар рейтингида Хитой ва Ҳиндистон пешқадамлик қилади. Рўйхатни синчиклаб қараркансиз, унда Ўзбекистон номини учратмайсиз. Майли, уларнинг аҳолиси кўп, ҳар бир шаҳрида бизнинг бутун аҳолимиз сонига тенг одам яшайди, деб ўзимизни овутармиз. Бироқ яна бир статистика бор. Бу Буюк Британиянинг Independent нашри томонидан ўтказилиб, унда мамлакатлар аҳолиси ҳафтада ўртача неча соат вақтини китоб мутолаасига сарфлаши таҳлил қилинган. Бу рўйхатда ҳам 10 соату 42 дақиқа кўрсаткич билан Ҳиндистон етакчилик қилади. Статистика ҳафтада 3 соат вақтини китоб ўқишга сарфловчи мамлакат билан якунланар экан, бунда ҳам Ўзбекистон номи йўқ. Демак, биз ҳафтада ўртача 3 соат ҳам китоб ўқимаймиз...
Ростдан ҳам шундайми? Вақтимиз йўқми ёки хоҳишимиз? Катталар-ку вақт йўқлигини рўкач қилар, бироқ асосий вазифаси мактабу ўқиш бўлган ёшлар ва болалар-чи? Улар нима билан банд? Буни бутун мамлакат бўйлаб сўраб чиқа олмасак-да, бир мактаб, бир синф мисолида таҳлил қилиб кўришнинг иложи бор.
Шу мақсадда пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган 285-умумтаълим мактабига бориб, ўқувчилар орасида сўровнома ўтказдик. Сўровнома ўтказиш учун 7-синф ўқувчилари танланди. Сабаби 14-15 ёш болаларнинг қизиқишлари тобора аниқлашаётган палла. Биз кирган синфда ўттиздан зиёд ўқувчи ўқир экан. Уларга дастлаб “2023 йилда ким бир дона китоб ўқиб тугатди?” дея савол бердик. 4 ўқувчи қўл кўтарди — 2 таси эртак китоб, биттаси “Болалар энциклопедия”си, бири эса Тоҳир Маликнинг “Алвидо, болалик” асарини ўқиб тугатибди. Фоизга чақсак, 30 дан зиёд боланинг нари-бери 10 фоизи бир йилда битта китоб ўқиган. Икки ва ундан ортиқ китоб ўқиганлар-чи, деган саволимизга эса қўл кўтарганлар бўлмади.
Икки ўқувчи эса жорий йилдан китоб ўқишни бошлабди. Уларнинг бири — Нозиманинг айтишича, Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссасини ўқиётган экан. Лекин бир жиҳат эътиборимни тортди — бу асар 7-синф ўқувчиси учун мосмикан? Ахир “Жамила” катталар ҳам “бир ёқадан бош чиқариши” қийин асар-ку. Нозимадан бу асарни ўқишни унга ким тавсия қилганини сўрадим. “Ҳеч ким”, дея жавоб берди қиз. Шунда ўйлаб қолдим — балки мактабларимизда ўқувчиларнинг китоб танлашига ҳамда китобга муҳаббатини оширишга хизмат қилувчи алоҳида мутолаа дарслари ташкил этилиши керакдир?!
Мактаб бўйлаб сўровномани давом эттирар эканмиз, болалардан кимларга ҳавас қилиши ҳақида ҳам сўрадик. Аксар ўқувчи таниқли блогерлар ҳамда спортчилар, деган жавобни берди. Умумий кўрсаткичларнинг пастлиги сабаби бир оз ойдинлашгандек бўлди.
Бир китобда ўқиган эдим: “Қайсики жамиятда китобхонлик сусайиб кетса, билингки бу жамиятнинг идеалларида ўзгариш, бал[1]ки бузилиш бор”. Топиб айтилган таъриф. Хўш, бизнинг идеалларимиз соғломми?
Ўзи идеалимиз қандай одамлар? Шу саволлар билан “Akademnashr” нашриёти раҳбари Санжар Назар билан боғланиб, қарашлари билан қизиқдик.
— Менинг фикримча, қачонки, жамиятда китоб ўқийдиган илм эгалари энг обрўли инсонлар ҳисобланса, ана шунда китобхонлик ривожланади, — дейди Санжар Назар. — Ўқитувчилар, профессорлар ҳамда илмга ошно кишилар энг яхши шароитларда юриши, энг яхши машиналарни миниши лозим. Шунда уларга ҳавас қилувчилар кўпаяди. Бироқ жамиятимизнинг асосий қисми даромадининг манбасини аниқ билмаса-да, қиммат моделли автомобилларда юрган инсонларни идеал ҳисоблайди. Мана, муаммо қаерда?!
Биз шундай босқични босиб ўтдикки, ҳатто академик деган унвон ҳам, атама ҳам бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасига борди. Бироқ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илм-фанга эътибор янгидан тус олди. Ўнлаб олимларнинг академик этиб сайлангани бунга бир мисол. Мен илм-фан аҳлига бўлган эътибор бундан-да каттароқ қамровда давом этиши тарафдориман.
Санжар Назардан ноширлик соҳаси вакили сифатида халқимизнинг бугунги китобхонлик даражаси ҳақида ҳам сўрадик.
— Минг афсуски, аҳолининг китобхонлик даража ниҳоятда суст. Бундан 30-40 йил илгари китоблар эллик-юз минг нусхада, энг ками 10 мингта чиқар эди, — дейди С.Назар. — Ваҳоланки, 90-йилларнинг бошида аҳоли сони 20 миллион кишига ҳам етмаган. Лекин ҳозир-чи? Аҳоли сони 40 миллионга яқинлашди, бироқ бугунги кунда китобларнинг энг кўп адади 10 мингдан ошмайди. Оммабопи эса — мингта. Сонимиз ошиб, салмоғимиз камайгани эмасми бу? Абдулҳамид Чўлпондек улуғ жадид бобомизнинг икки мингтагина нусхада чиққан сайланмасини уч йил давомида сотдик. Мана, сизга бугунги китобхонлигимизнинг таққоси!
Санжар Назар айтган рақамлардан ҳолат ҳақида етарлича хулосалар қилиш мумкин. Бироқ бизга ечимлар керак. Ахир кўп соҳаларда фақат хулосалар қилиш билан чекланиб қолганмиз.
Улғаяётган авлоднинг китобга қизиқишида, китобхон бўлишида ота-оналарнинг ҳиссаси катта. Чунки бугунги техника тараққиёти асрида мутолаа билан банд ота-онани кўриш, улардан андаза олаётган ўғил-қизларни кузатиш кишини жуда қувонтиради. Бироқ бу борада ҳам етарлича муаммолар мавжудлиги — бор гап!
— Бугунги давр болаларига “Қишлоғимизда эски кутубхона бўларди. Китоблар кўпмас, борларини ҳам камида икки мартадан ўқиб чиққанман. Ота-онамизнинг китоб сотиб олиб бериш учун пули бўлмаган”, деган гаплар эртакдек туюлади, — дейди Заҳро Нажодова. — Чунки уларда ахборот олиш ва чалғиш учун сабаблар кўп. Моддий ҳаёт ҳам илгаригидек ҳаминқадар эмас. Икки фарзанднинг онасиман. Тўнғичимиз кўп китоб ўқийди, ҳатто маошимиздан унинг китоблари учун пул ажратамиз. У ҳам ўзбек, ҳам рус тилида ўқийди. Бироқ тан олишимиз керак, китоблар нархи қиммат. Шунинг учун онлайн китоб дўконларининг чегирмаларини кузатиб юраман. Кичкина фарзандимиз эса ўқишни истамайди. Ҳар бир бола — алоҳида индивид, уни ҳам айблаш эҳтимол нотўғридир... У табиатан сабрсиз, китобдан оладиган завқни балки бошқа машғулотдан олар?! Бироқ телефон ва гаджетларга қулликдан болаларимни китоб қутқаришига ишончим комил. Кичкина фарзандимизни китобга қизиқтиришнинг кўп йўлларини изладик, қўллаб кўрдик, то ўзим китоб ўқиб бермагунимча, фойдаси бўлмади. Гап шундаки, бир куни Нодар Думбадзенинг “Ҳелладос” ҳикоясини ролга кириб ўқиб бердим. Дастлаб асар қаҳрамони — Янгулидан дарғазаб бўлган болам ҳикоя охирлаб боргани сари унинг табиатидаги мардликни кўра олди. Ҳаяжонини яширмади. Уни энг кулдирган, ғамгин қилган нуқталарни сўрадим. Хулосаси билан қизиқдим. Жавобидан билдимки, ҳикояни тушунди. У эртасига яна бирор ҳикоя ўқиб беришимни сўради. Бир оз ўқигач, “Чарчадим, бир оз сен ўқи”, деб китобни унга узатдим. Демак, ҳар бир болани китоб ўқишга қизиқтириш мумкин. Бунинг учун ўзимиз ҳам китоб ўқишимиз, кундалик муаммоларни четга суриб, фарзандимизнинг қизиқишлари, таълими биз учун муҳим эканини айтиб эмас, хатти-ҳаракатларимиз ва эътиборимиз орқали билдиришимиз шарт.
Таҳлилларимиз бизни таклифлар беришга ундайди.
Биринчидан, китобхонликни янада оммалаштиришимиз учун, аввало, китоблар нархи ҳам оммабоп, яъни арзонроқ бўлиши керак. Бу борада энг мақбул ечим — давлат ҳамда хусусий нашриётларга бирдек субсидия ажратиш. Бироқ енгиллик бор жойда “олибқочарлар” ҳам урчийди. Демак, субсидиялар ажратишнинг ҳам ўз талаблари ҳамда қатъий назорат қилувчи кенгаши ташкил этилиши керак.
Иккинчидан, бугунги даврни интернетсиз, ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кўпчилик бўш вақтини мароқли ўтказиш манзили сифатида телевидениедан интернетга кўчгани бор гап. Телевидениеда-ку маърифий кўрсатувлар баҳоли қудрат етарли, бироқ ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти бундай контентлар борасида анча “камбағал”. Демак, худди шу мазмундаги материаллар тайёрловчи блогерларни қўллаб-қувватлаш ҳамда контентларини тарғиб қилишда рағбатлантиришимиз керак. Шу ўринда, Маданият вазирлиги тизимида айнан шу соҳа билан шуғулланувчи тузилма ташкил этилишини таклиф этган бўлардик.
Учинчидан, бугунги кунда китобхонликни ривожлантириш мақсадида ўнлаб танловлар ўтказилади. Бироқ тизимига кўра, уларнинг якунида фақат бир киши ғолиб деб топилиши белгиланади. Танлов нуқтаи назаридан бу адолатлидир, бироқ бизнинг мақсадимиз бир неча кишининг эмас, бутун миллатнинг китобхонлигини рағбатлантириш бўлиши керак эмасми? Балки бу танловларни ўтказиш механизмларини қайта кўриб чиқармиз...
Тўртинчидан, кутубхона ҳамда китоб дўконлари очишни осонлаштириш лозим. Бозор иқтисодиётидан келиб чиқсак, китобдорлик ҳам тадбиркорликнинг бир соҳаси. Шу ўринда кутубхона ҳамда китоб дўкони очмоқчи бўлган фуқароларга фоизсиз ёки кам фоизли кредитлар ажратиш тизимини ишлаб чиқиш лозим. Кутубхоналар асосан сергавжум жойларда бўлиши ҳамда бу каби ҳудудларда ижара нархлари ҳам қимматлигини ҳисобга олсак, мазкур масалада ҳам тадбиркор маълум субсидиялар олиш имкониятига эга бўлиши керак.
Бешинчидан, давлат кутубхоналари сонини оширишимиз ҳамда барча турдаги замонавий китобларни бепул ижарага олиш имкониятини таъминлашимиз керак. Бугунги кунда бундай кутубхоналар бор, бироқ бу кутубхоналар ресурси замонавий китобларга бўлган талабнинг ўндан бир қисмини ҳам қоплай олмайди.
Истагимиз — халқимиз китобни ўзининг асосий дўсти, деб билсин, халқаро рейтингларда энг китобхон миллатлар қаторида турайлик. Нашриётлар эса китобни қандай тезроқ сотишни эмас, яхши китобларни тезроқ чоп этишни ўйлайдиган бўлсин. Зеро, халқ китобхон бўлса, мамлакат маънавий енгилмас бўлади.
Жонибек АЛИЖОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
(“Янги Ўзбекистон” газетаси
2024 йил 27 январь, № 20)