Ўнта китоб ўқиган одам ўн биринчисини ўзи ёзади, деган гап бор. Бу бежиз айтилмаган. Унинг замирида ўнта яхши китобни ўқиб чиққан кишининг фикрлаш қобилияти ва қандай китобни ўқиш кераклиги ҳақидаги диди шаклланади, китоб ёзмаса ҳам бу борада ўз позициясига эга бўлади, деган қараш ётибди.
Worldometer статистика сайти маълумотларига кўра, 2023 йилнинг ўзида шу кунга қадар 3 миллионга яқин номдаги китоб нашр этилган. Шубҳасиз, бу жуда катта рақам ва инсоннинг умри бир кунда чиқадиган китобларни ўқиб чиқишга ҳам етмайди. Аммо уларни саралаб, кераклиларини ўқиб чиқиш мумкин.
Китоб дўконларига борсангиз, бадиий асарлар билан бирга бизнесга оид, шахсий ривожланишга йўналтирилган адабиётлар, ҳар қачонгидан кўпайганига гувоҳ бўласиз. Албатта, ўзининг шахсий бизнеси, иши ва ҳаётини йўлга қўйиш ниятида юрган, таваккал қилишга чўчиб турган ёшларга ҳақиқий мотивацион китоблар керак. Аммо бу китобларнинг ҳаммаси ҳам ёшлар йўлини топишига кўмак бера оладими? Шарқда анча аввал пайдо бўлган, замонлар синовидан ўтган, ўз устида ишлаш, руҳни тарбиялаш, тўғри йўл танлашга оид асарларнинг ўрнини боса оладими?
Бундай турдаги китобларнинг ўқирманларини, асосан, мустақил ҳаётга қадам қўяётган, коллеж-мактабни тамомлаб, касб-ҳунар ёки илм йўлини тутиш пайида бўлган ёшлар ташкил қилади ва уларнинг асосий мақсади ҳаракатда бўлиш, меҳнат қилиб, муваффақиятга эришишга ундашдан иборат.
Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний бундан бир аср аввал “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарининг нафақат ёшлар, адабиёт мухлислари ва кенг оммага мўлжалланганини таъкидлаб, китобнинг муқаддимасида “Мен бу асари ночизонимни биринчи мактабларимизнинг юқори синфларида таълим бермак ила баробар улуғ адабиёт муҳиблари, ахлоқ ҳаваскорларининг анзори олийларина тақдим қилдим”, дейди ҳамда асар давомида инсоннинг камол топиши, илмий-ижодий юксалишига тўхталиб, саъй ва ғайратда бўлишга чорлайди: “Киши ёш вақтида илм ва маърифат, ҳунар ва санъатга бўйин қўймаса, тараддуд қилмаса, албатта, қора ишчи бўлуб қолур. Шариатга терс, қонунга зид бўлмаган хизматларни қилмак айб эмасдур. Агар бунга ҳам бўйин қўймай, бу кўмирчилик, бу темирчилик менга муносиб иш эмас деб, дангасалик қилуб, ишсиз юрса, зўр айб, ғайратсизликдур”.
Хўш, бугун китобхонлар қандай китобларни ўқийди? Улар сотиб олаётган китоблар Алишер Навоийнинг бутун умр давомидаги англамларию хулосаларидан яралган “Маҳбуб ул-қулуб”, Абдулла Авлонийнинг юқори синф ўқувчиларига, катта ҳаёт остонасида турган йигит-қизларга ҳам ўгит, ҳам дарслик тарзида ёзилган “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асари берган мотивацияни бера оладими? Пойтахтдаги китоб дўконлари, нашриётлар ва китобхонларнинг бу борадаги фикрларига қизиқдик.
Ўқувчи “шўрванинг шўрваси”ни истеъмол қилишга мажбур эмас
— Китобхон сифатида одамларнинг китобга бўлган муносабати ўзгаргани мени хурсанд қилади, — дейди Шавкат Бобомуродов. — Нашр этиш, таржима ва сотув жараёнларида ҳам бир неча йил ишлаганман. Тўғри, аввалгидай китоблар 10-12 минг нусхада чиқмаяпти, Ўртача минг-икки минг нусха атрофида босиляпти. Лекин барибир бозоргир бўлган китоблар бор: бизнесга оид, эсселар, айниқса, турк эсселари ўзбек китобхон ёшлари орасида жуда оммалашиб кетган. Бадиий пухта асарларга эҳтиёж қанчалик катта бўлмасин, турк эсселари, психологик дея урғу берилаётган таржималар энг кўп сотиладиган китоблар рўйхатида юқори ўринда турибди.
Мен Озарбайжонда шу йил Китоб фестивалида иштирок этиб, улардан миллий адабиётга бўлган муносабат борасида кўп нарсаларни ўрганишимиз кераклигини ҳис қилдим. Озар қардошларимиз ўз миллий адабиётига бошқача меҳр, ҳурмат билан қарайди, бу ҳақда озгина суҳбатга тортсангиз, кўзлари чақнаб кетади. Бизда ҳам миллий адабиётга эътиборни оширадиган ислоҳотлар қилиш вақти келган, чамамда.
Шунингдек, китоб расталарида бир қанча тадқиқот (хорижда диссертация учун ёзилган) асарларга ҳам кўзимиз тушади, анча яхши ёзилган ва харидори ҳам кўп. Буни ижобий баҳолаш мумкин. Қувонарлиси, охирги пайтларда аслиятдан таржималар кўпайди. Энди ўқувчи ҳар доим ҳам “шўрванинг шўрваси”ни истеъмол қилишга мажбур эмас.
Илмий-оммабоп асарлар зарурати
— Китобхонда бугун хорижий тильдан таржима қилинаётган энг сўнгги адабиётларни ўқиш имкони борлигининг ўзи катта ютуқ, — дейди “Asaxiy Books” лойиҳаси муҳаррири Муҳаббат Шарифова. — Бундай асарларни ўқиб, ўзимиз билган, лекин жиддий эътибор бермаган айрим одатларимизга бошқачароқ қарашни ҳам ўрганяпмиз.
Айниқса, пул билан муомала қилиш, топаётган даромадимизни қандай сарфлаш, харажатларни қандай тақсимлаш бобида ҳаммамизда ҳам саводхонлик даражаси зўр дея олмаймиз. Натижада кўпчиликда оддий маош тўланадиган ишда ишлаб бой бўлишнинг иложи йўқ, деган қараш шаклланган. Муаммонинг ечими эса оддий – пул билан боғлиқ майда одатларимизни ўзгартириш. Лойиҳамиз доирасида чоп этилаётган китоблар орасида одамлардаги молиявий саводхонликни оширишга ёрдам берадиган асарлар ҳам бор. Илмий-оммабоп тильдаги ушбу асарлар китобхонга мутолаа завқи билан бирга айнан иқтисодий, молиявий масалаларни содда тильда тушунтирувчи яхши маслаҳатчи бўла олади.
“Чаманда гуллар турфа бўлгани маъқул...»
— Бугунги кунда китоб дўконларини айланар эканмиз, асосан мотивацион китоблар кўпайганига шоҳид бўлмоқдамиз, — дейди шоир Алишер Сабрий. — 5-6 йиллар олдин детектив асарлар, олди-қочди қиссалар қандай урчиган бўлса, ҳозир аксар чет тиллардан таржима қилинган яхши яшаш, ўзига ишончни таъминлаш ва ҳоказо мавзулардаги китоблар кўп босилмоқда ва китоб дўконларидаги расталарни тўлдириб турибди. Демак, шу турдаги китоблар хариди яхши, деган хулоса чиқарсак бўлади.
Майли, бунга қаршилигимиз йўқ, аммо касалликнинг симптоми (белгиси)ни эмас, илдизини топиш ва унга нисбатан тўғри чора қўллаш яхши самара берганидек, руҳиятимиздаги кемтикликни асл манбалар ва улардаги маъно дурдоналари билан тўлдирсак, натижаси шоён бўлар эди. Бугун мумтоз адабиётга оид манбалар сотувда жуда кам, борининг аксарияти сифати талаб даражасида эмас. Нашрида камчилик бор, мутахассис кўзидан ўтмаган, дизайни ўзига тортадиган даражада эмас. Бу эса мумтоз асарларга майли бор ўқувчиларнинг ҳам чор-ночор юки енгил китоблар билан кифояланишига омил бўлмоқда. Харидорсиз қолиб кетишидан чўчиб, нашриётлар бундай асарларни нашр этишдан қочаётган бўлиши мумкин. Балки, ечимни чекинишда эмас, яхши рекламани йўлга қўйишда, тарғибот ишини тўғри ташкил этишда кўриш керакдир? Чаманда гуллар турфа бўлгани маъқул — “Кимгадир ёқар лола, ким атиргул шайдоси!».
Таъкидлаш керакки, бугун одамлар китобга қайтмоқда. Метро бекатларида, автобусларда, боғларда китоб ўқиётган кишиларни кўришга кўзимиз ўрганиб қолди. Хориж тажрибаси деган термин китобхонликка ҳам кириб келди. Дунё тан олган олимлар, фан ва давлат арбоблари, машҳур компания эгаларининг тавсияю хулосаларидан иборат китоблар ўзбек тилига таржима қилиняпти. Муваффақиятга эришган кишиларнинг ҳаётий тажрибалари, кўрган-кечирганлари асосида ёзилган асарлар ҳақиқатан ёшларга ғайрат улашмоқда.
Агар китоб одамнинг дўсти бўлса, у дўстининг қандай билим ва савияга эга эканини ҳам кўрсатиб беради. Америкалик ёзувчи Марк Твен айтганидек, маънан етук китобларни танлаб ўқинг. Акс ҳолда, бир даста қоғоз ҳаётингизни заҳарлаши мумкин.
Рашид ХЎЖАМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири