Бизнес-омбудсман: тадбиркорга 765 миллион сўмлик божхона имтиёзи қўлланилиши таъминланди

    Бизнес-омбудсман мурожаат асосида Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 765,1 миллион сўм божхона тўловини тадбиркордан ундириш тўғрисидаги қарорини ўрганиб чиқди.

    Жамият томонидан хориждан олиб келинган юк транспорт воситаси 2021 йил 28 декабрда мамлакатимизга олиб келинган ва 2021 йил 30 декабрда мавжуд қонунчиликка кўра 765 миллион сўм миқдорида божхона тўловлари (импорт божи, қўшилган қиймат солиғи ва утилизация йиғимлари)дан имтиёз қўлланилган ҳолда божхона постида эркин муомалага чиқариш божхона режимига расмийлаштирилган.

    Бироқ расмийлаштирилган декларация божхона органлари томонидан қайтадан ўрганилиб, транспорт воситасига нисбатан божхона тўловларидан имтиёз нотўғри қўлланилгани асоси билан судга даъво аризаси киритилган ва жавобгардан юқоридаги божхона тўловини ундириш сўралган.

    Хусусан, даъво аризасига Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги қарори билан 2021 йил 19 августдаги қароридаги имтиёзлар бекор қилингани сабабли жавобгар импорт қилган маҳсулотга ПҚ-5225-сонли қарорда кўрсатилган имтиёзлар қўлланилмаслиги асос қилиб кўрсатилган.

    Яъни, божхона расмийлаштируви амалга оширилган кунда мазкур йўналишни тартибга солувчи қонун ҳужжатига ўзгартириш киритилиб, импорт қилинган ускунага имтиёз қўлланилиши бекор қилинган ва импорт божи, қўшилган қиймат солиғи ва утилизация йиғимларини тўлаш мажбурияти юзага келган.

    “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддаси ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 181-моддасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомили мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек, уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши белгиланган.

    Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.

    Бизнес-омбудсман томонидан киритилган илтимосномага кўра, мазкур иш кассация тартибида қайта кўриб чиқилиб, ундирув бекор қилинди.