Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадларга эришиш борасида яхши натижалар қайд этиляпти. 2023 йилда БМТ томонидан эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг давлатлараро рейтингида (SDG) Ўзбекистон ўз рейтингини 8 поғонага ошириб, 166 та мамлакат орасида 69-ўринни (2022 йилда 77-ўрин) эгаллагани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
SDG Index ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда 16 та мақсаддан 11 таси бўйича барқарор ривожланиш кўрсаткичларининг ижобий ўсиши қайд этилди. Булар: камбағалликни қисқартириш (1-мақсад), озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш (2-мақсад), саломатлик ва фаровонлик (3-мақсад), гендер тенглиги (5-мақсад), сифатли таълим (4-мақсад), тоза сув ва санитария (6-мақсад), саноатлаштириш, инновациялар ва инфратузилма (9-мақсад), шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг барқарор ривожланиши (11-мақсад), иқлим ўзгаришига қарши кураш (13-мақсад), тинчлик, адолат ва кучли институтлар (16-мақсад).
Ўзбекистоннинг 2023 йилгача Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасидаги биринчи (2022) ва иккинчи (2023) Ихтиёрий миллий ҳисоботлари БМТ томонидан ижобий баҳоланди.
Демак, 1-мақсад, яъни Ўзбекистонда камбағалликни сезиларли даражада қисқартириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижасини кўриб чиқамиз. Аввало, ушбу мақсадни амалга ошириш учун камбағалликка қарши курашишнинг зарур қонунчилик, институционал ва иқтисодий механизмлари шакллантирилди. Қуйида 1-мақсад бўйича Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги айрим натижалари келтирилган:
– Ушбу мақсад доирасида 2015-2022 йилларда миллий мезон бўйича камбағаллик даражаси 30,4 фоиздан 14,1 фоизга, яъни 2 маротаба пасайди.
– Бу даврда ижтимоий нафақа олувчи аҳоли қамрови 0,8 фоиздан 1,7 фоизга ошди.
– Айни чоғда Ўзбекистон халқаро камбағаллик чегараси бўйича кўзланган мақсадга эришган ва бу кўрсаткич кунига 2,15 долларни ташкил этади. Шунингдек, ушбу кўрсаткичнинг қиймати 19,74 фоиздан тахминан 7,4 фоизгача қисқарди.
– Ёшга доир пенсия олувчи аҳоли улуши 7,2 фоиздан 8,7 фоизга ошди.
– 2023 йилги миллий ҳисоботга кўра, ушбу даврда шинам уй-жойларда яшовчи аҳоли улуши 43,1 фоиздан 86,5 фоизга ортган.