Божхоначилар ушлаб қолинган қадимий бойликларни музейга топширди

    Божхоначилар «Келес» темир йўл чегара постида тўхтатиб қолинган, тахминий баҳоси салкам 400 млн сўмлик ноёб тарихий бойликларни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейи фондига топширди.

    Бу ҳақда Қўмита ахборот хизмати маълум қилди.

    Қайд этилишича, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Келес» темир йўл чегара божхона постида мамлакатимиз ҳудудидан яширин тарзда ноёб тарихий бойликларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс фош қилинди.

    Хусусан, «Тошкент-Новосибирск» рейси бўйича йўловчи поездида республикамиздан чиқиб кетаётган фуқаронинг қўл юки ва сумкалари ичида божхона ходимларининг оғзаки сўрови вақтида маълум қилинмаган 325 дона қадимий тангалар, заргарлик буюмлари, артефактлар, гиря ва камон ўқи учлари борлиги аниқланди.

    Ушбу тарихий ашёлар таркибидаги 210 дона тангаларни ўзбек давлатчилиги тарихида вужудга келган деярли барча давлатларга тааллуқли тангаларнинг ўзига хос коллекцияси дейиш мумкин.

    Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг санъатшунослик экспертизаси хулосасига кўра, мазкур қадимий ашёлар эрамиздан аввалги II-I асрлардан тортиб токи XX асргача бўлган даврни қамраб олади.

    Шу боисдан мазкур ашёларнинг барчаси тарихий ва маданий қийматга эга деб топилди ва уларнинг тахминий баҳоси салкам 400 млн сўмга баҳоланди.

    Амалдаги тартибларга кўра, мазкур маданий бойликлар далолатнома бўйича давлат музейлари ва илмий муассасаларга беғараз топшириб келинмоқда. Жумладан, юқоридаги ҳолатда олиб қўйилган 325 дона тарихий буюмлар Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейи фондига вақтинча сақловга топширилди.