Қарийб уч йилдан буён жигар церрози билан курашиб келаётган она сифатида бунга мен қатъий ишонч ҳосил қилиб, бошимдан ўтганларини юртдошларимиз билан баҳам кўришни, мени ҳаётга қайтарган барча яхши инсонларга миннатдорлик билдиришни лозим топдим.
Ўзим тиббиёт ходимиман. Ўша йил декабрь ойида қулоқларим олдида чурра пайдо бўлди. Топширган таҳлилларим жигар церрози ривожланаётганини аниқлади. Шунгача билмаганман. Шифохонада даволандим. Ҳар бири бир миллион сўмлик, ҳаттоки ундан ҳам қиммат бўлган дори-дармонлардан ҳафтасига уч-тўрт марта қабул қилдим. Шу дориларни қабул қилмасам аҳволим оғирлашиб, қоринда шиш пайдо бўла бошларди. Узоқ вақт шифохоналарда даволандим. Лекин, аҳволим ўзгармади.
Шу даврда фарзандларим кўзида бу дарднинг давоси йўқ, деган нигоҳларни жон-жонимдан ҳис этганман. Шу боис ҳам болаларим мендан кейин мени соғиниб, ўксимасин, деган хаёлда уларга бақирардим, кези келса уларни ўзимдан совитиш учун уришардим ҳам. Улар жонимнинг бўлаги, ҳаётим мазмуни. Аммо, нетайки, менга қаттиқ боғланиб қолиши уларни қийнаши аниқ, дея ўйлардим…
Бу ёғи турмуш ўртоғим Россияда ёлланма ишчи сифатида ишлаётганди. Унинг иш ҳақи уч фарзандим билан тинч-тотув, эл олдида кам ҳам, ортиқ ҳам эмас — кўнгил тўлар даражада яшашимизга етаётган эди.
Ўтган йили пандемия бошланиб, турмуш ўртоғимнинг иши юришмай қолди. Қизим Соҳиба менинг азиятимга қўшиб, оила ташвишларини ҳам бўйнига олди. Сингилларига меҳр, менга далда, отасига суянч ва юпанч бўлган Соҳиба бир куни «Маҳалла» телерадиоканалида «Одамийлик» кўрсатувини кўриб қолади. Унда жигарининг ярмини бериб, волидасининг ҳаётини сақлаб қолган қиз ҳақида ҳикоя қилинади. Шу бўлдию, ороми қочди. Ўша қизнинг телефон рақамини топди. Қарз-қаволаю, яхшиларнинг кўмаги билан пул тўплаб, Ҳиндистонга кетдик. Афсуски, йиққан маблағимиз қон таҳлилларигагина етди, холос. Даволаниш пулию, ватанга қайтиш харажатлари учун эса маблағимиз қолмади. Бундан қаттиқ ўйга чўмган Соҳиба «Одамийлик» кўрсатувига видеохабар йўллади, вазиятни тушунтирди. Ўзга юртдаги аҳволим ҳақида гапирди. Қарангки, бу лавҳа бир неча бор эфирга узатилибди.
Кутилмаганда қизимга тунда «Одамийлик» кўрсатуви муҳаррири қўнғироқ қилиб, кўрсатувнинг тунги эфирдаги такрорини Президентимиз кўриб қолганини, биз ҳақимиздаги маълумотларни билиб, кўмак бериш кераклигини айтганидан хабардор қилибди. Шахсан ўзлари бу иш билан шуғулланаётганини билиб, юртимизда ҳақиқатан ҳам инсон қадри ҳар нарсадан устунлигию, давлат раҳбарининг диққат-эътиборида эканимни ҳис этдим, ўшанда. Бегона давлатда бўлсамда Юртбошимизнинг оталарча меҳрибонлигини яна бир бор чин дилдан туйдим. Бу оғир дардни енгишимга ишонч туйғумни, ҳаётга интилишимни кучайтирди. Оталарча меҳрибонликни ҳис этдим.
Буни қарангки, менга донорлик керак экан. Буни Соҳиба ўз зиммасига олган. Бироқ, унинг жигар ҳужайралари тўғри келмаганлиги боис тоғаси Одил Яқубовни Ҳиндистонга чақирган.
Элчиларимиз мен ётган шифохонада аҳволимдан шахсан хабар олиб, операция учун керакли маблағлар ажратилганини билдирган куни ҳаёт эртакка айланиб қолгандек бўлди. Президентимиз вилоятимизга ташрифлари чоғида Соҳибанинг бу ишини эсга олиб, меҳрибон ва жасоратли қизларимиз кўпайсин, дея алоҳида эътироф этибди.
Шундай қилиб, давлатимиз раҳбари ғамхўрлиги ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси вакиллари ёрдами билан тезда жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Зарур маблағни вилоят ҳокими тўлаб берибди. Қизимнинг кейинчалик айтишича, аслида операция 12 соатлаб давом этиши керак экан. Мен эса беш соатда жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиққанман. Ҳиндистонда бўлиб турган кунларимизда элчихонамиз ва вилоят раҳбарлари ҳолимиздан ҳар куни хабар олиб турди. Улардан жуда миннатдорман.
Муваффақиятли ўтган бу жарроҳлик амалиётим ортида Президентимизнинг шахсан ўзлари, жонкуяр фарзандларим, яқинларим, меҳрибон элимиз турганини кўрдим.
Бугун ўз уйимда хотиржам, фарзандларим қувончига шерик бўлиб яшаяпман. Ҳаётим буткул ўзгарган. Ўтган йиллардаги турли ҳаёллар ва қўрқувдан асар ҳам йўқ. Энди болаларимнинг юз-кўзларидан ўпиб, ҳар куни меҳр билан эркалаяпман. Вилоят ҳокими Соҳиба қизимни ўз мутахассислиги бўйича тиббиёт муассасасига ишга ҳам жойлаштирди.
Эндиликда ҳар кун эрта тонгда мендек оддий инсонларга ҳам меҳр улашаётган, ширин ҳаётга қайтариш учун дардимизга шерик бўлиб, зарур пайтда моддий-маънавий қўллаб-қувватлаётган юртбошимизни дуо қиламан. Яратгандан Ватанимизга тинчлик, тўкинлик, қалби дарё халқимизга соғлик, осуда ҳаёт сўрайман. Олис ва бегона юртда бўлсамда, менинг ҳаётга қайтишимга сабабчи бўлган Президентимиз ҳамда барча яхши инсонларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Саодат Ёқубова,
Термиз шаҳри Чегара маҳалласи.









