Бўлғуси педагогларнинг янги авлоди қандай шароитда ўқияпти?

    “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг биринчи йўналиши таълим тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитиш сифатини ошириш орқали инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган.

    Жумладан, педагог кадрлар мақомини ошириш, билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасида аниқ вазифалар белгиланган. Бу чора-тадбирлар таълим тизимининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган педагогларнинг касбий изланишга рағбатини кучайтирди.

    “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилингани соҳа ходимлари қатори Урганч давлат педагогика институти жамоаси ва талабаларини ҳам руҳлантирди. Чунки қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятимизнинг асосий кафолатлари, меҳнатимизга яраша ҳақ тўланиши, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя тамойиллари белгилаб қўйилди. Умуман, ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида бўлишиқонун билан мустаҳкамланди. Бу саъй-ҳаракатлар педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари фаолиятини рағбатлантириш билан бирга бўлғуси мутахассисларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

    Айни пайтда Урганч давлат педагогика институтида ёшлар 15 та бакалавриат таълим йўналиши ва 7 та магистратура мутахассислиги бўйича таълим олмоқда. Янги ўқув йилидан улар қаторига яна 4 та йўналиш қўшилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, институтда таълим ва тарбия назарияси ҳамда методикаси йўналиши бўйича илмий кенгаш очилди. ОТМ таркибида олий таълимдан кейинги таълим босқичида 7 та ихтисослик бўйича таянч докторантура ташкил этилди. Ҳозир институтда иккита илмий журнал чиқарилмоқда.

    Аудиториялар замонавий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. “Беш ташаббус хонаси”, Ахборот технологиялари парки инкубация маркази, мусиқа музейи, психологик тренинг маркази, спорт зали, талабаларнинг ижодий ишлари кўргазмаси музейи, айниқса, яқинда барпо этилган ҳамда ёшларнинг билим ва тажриба алмашиши, дам олиши учун гўзал гўшага айланиб бораётган Жадидлар боғи бўлғуси педагоглар хизматида.

    Институтнинг бугунги ютуқларида халқаро нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, Синьцзян, Шенси педагогика, Нанкин технологиялар, Ланжоу транспорт университетлари (Хитой), Донгшин университети (Жанубий Корея), Эгeй, Бурдур Меҳмет Акиф Эрсой, Нежметтин Эрбакан университетлари (Туркия), Озарбайжон давлат педагогика, маданият ва санъат ҳамда тиллар университетлари билан алоқалар йўлга қўйилган. Шунингдек, Россиянинг Астрахан давлат университети, Новосибирск давлат техника университети, Қозон федерал университети, Беларуснинг Гродно давлат университети, Иорданиянинг Жадара университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

    Дубайда бўлиб ўтган “The 2023 UI GreenMetric World University Rankings” халқаро конференциясида Урганч давлат педагогика институти Times Higher Education (THE) — университетларнинг халқаро рейтингини баҳолаш ташкилоти аъзосига айланди. Ўтган йили августида ЭРАСМУС платформасидан рўйхатдан ўтди.

    Айни кунларда ОТМ ҳудудида 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи қурилиши ниҳоясига етмоқда. Келгуси йилда институтнинг 1000 ўринга мўлжалланган замонавий янги ўқув биносини қуриш мақсад қилинган. Шу тариқа талабалар учун босқичма-босқич муносиб шароит яратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар сифатли мутахассислар тайёрлаш йўлидаги ишлардир. Ҳадемай янгиланиш самара бериб, мактабларимизга иштиёқи баланд педагогларнинг янги авлоди кириб боради.

    Феруза МАДРАҲИМОВА,

    педагогика фанлари доктори,

    доцент

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates