Ботир ҚОБИЛОВ: “Хаёлан ҳар куни Ватандаман!”

    Ёш иқтисодчи жаҳоннинг энг машҳур олийгоҳларидан бири, нуфузли Гарвард университети докторанти мақомига эришди.

    Ҳаётда, касбда муваффақиятга эришиш осон эмас. Хорижий давлатга бориб ҳаммасини нолдан бошлаш эса ўн карра машаққатли. Аммо билим, меҳнат ва интилиш, касбга муҳаббат инсонни дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, ўз мақсади томон олиб боради.

    Юртдошимиз, ёш иқтисодчи Ботир Қобилов ҳам илмий фаолиятини хорижда давом эттириш мақсадида 2014 йили АҚШга йўл олганди. Ҳозиргача ана шу илм йўлидан оғишмай, билим олиш, изланишда давом этмоқда. Яқинда жаҳоннинг энг машҳур олийгоҳларидан бири, нуфузли Гарвард университети докторанти мақомига эришди. Шу тариқа Ботир Қобилов ушбу университетнинг Гарвард Бизнес Мактабида докторлик ишини ёқлаган биринчи ўзбекистонлик бўлди.

    Хушхабарни эшитганимиз ҳамон ёш иқтисодчи билан интернет орқали боғландик. Илмлилар билан гаплашиш доим мароқли. Улар сўзни исроф қилмайди, керакли гапни топиб қўллайди. Манманликдан холи, камтар бўлади. Бундай инсонлар учун энг нуфузли олийгоҳлардан бирида докторлик қилиш ва бу борада мамлакатда биринчилардан бўлиш қанчалик фахрли экани қизиқ, албатта.

    — Илм йўли ва унда муваффақиятга эришиш, бу, аввало катта меҳнат ва машаққат, — дейди Ботир Қобилов. — Бу илм йўлини танлаган инсондан доимий изланиш ва кучли сабрни талаб қилади: меваси эса, шубҳасиз, тотли. Илм билан шуғулланишнинг гашти ҳам ана шунда. Бошқа университетлар каби Гарвардда ҳам докторлик ёқлаш осон эмас. Жараённи тўлиғича ишдек қабул қилибгина одамлар 5 ёки 6 йиллик докторантурани тамомлай олади. Яъни, бунга бутун вақтингиз, қувватингиз ҳамда диққатингизни сарфлашингиз керак. Лекин докторлик мақомига эришиш учун бир неча йил етмайди ва бу фаолиятга одамлар тасодифан келиб қолмайди. Бу даражагача бўлган йўлнинг ўзи узоқ йиллик тайёргарликларни талаб қилади. Доимий ўқиб-изланиш ва тинимсиз меҳнатни сиз учун биров қилиб бермайди. Инсоннинг ўзидагина кучли қизиқиш ва ҳаракат бўлиши лозим. Қилаётган ишидан завқланиши лозим. Мен ҳам ўзимга ёқадиган, роҳатлантирадиган иш билан шуғулланяпман ва бу катта бахт, деб биламан. Иш жараёнида кўпроқ ўзимни қизиқтирадиган саволлар устида ишлайман. Аслида табиатим шундай — болалигимдан жуда қизиқувчанман, кўп савол берардим ва шу саволларга мустақил жавоб излардим. Интеллектуал қизиқишим доим юқори бўлган. Олим бўлишнинг талаби ҳам шу — инсон қизиқувчан бўлиши керак.

    Иқтисодиёт — катта илм

    Одам саволлари қаршисида кўпинча ожиз қолади. Қизиқиш, мақсадимиз бизни қаерга етаклашини, ҳаёт ўзани қай томон олиб кетишини олдиндан билмаймиз. Ботир Қобиловнинг, аввалига, иқтисодчи бўлиш борасидаги қарори қатъий эмасди. Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишга киргач, биринчи курсда ўтиладиган микроиқтисодиёт фани уни соҳага кучли қизиқтириб қўйди. Мақсади қатъийлашиб, илм йўлини давом эттиришга ундади. АҚШнинг Дюк университетида магистратурада таҳсил олиш учун грант ютиб, 2014 йилда океан ортига йўл олди. Дюк Университетида Ботир Кобилов ўқишдан ташқари илмий тадқиқотчи бўлиб ҳам ишлади, профессорларнинг лойиҳаларига ёрдам бериб, жараённи янада яқинроқ ўрганди. Магистратурани тамомлагач, Гарвард Бизнес Мактабида илмий тадқиқодчи бўлиб ишга кирди ва у ерда 3 йил давомида фаолият олиб борди. Ўша ерда докторлик қилишга таклиф олиб, Гарвардда қолишга ахд қилди. АҚШга кетишдан мақсади шунчаки “Америка орзуси” бўлмаган.

    — Мен АҚШга билимимни ошириш, илм-фан билан шуғулланиш ниятида келганман, — дейди олим. — Иқтисодчи, деганда кўпчилик тадбиркор, молия соҳасида катта даромад топадиганларни тушунади. Аксарият одамларнинг кўз олдига пул, рақамлар келади, гўё иқтисодиёт фақат шулардан иборатдек. Аслида иқтисодиёт — жуда катта фан. У инсонлар, корхоналар ва ҳукуматларнинг чекланган ресурсларни қандай тақсимлаши, улардан оқилона фойдаланиши ва бу қарорларнинг таъсирини ўрганадиган фан. Соҳанинг асосий тамойилларидан бири одамлар ва ташкилотларнинг рағбатга жавобан ҳаракат қилишидир. Рағбат кишиларнинг танловини шакллантириб, ресурслардан қандай фойдаланишини белгилайди. Қабул қилинадиган қарорлар иқтисодиёт ва жамиятга бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис, мазкур соҳа рағбатни чуқур таҳлил қилади. Умуман, иқтисодиёт жуда катта соҳа. Илмий жиҳатдан ҳам ниҳоятда кенг. Докторлик ишимда ахборот технологиялари орқали маълумотларнинг яратилиши ва тарқатилишининг капитал бозор ҳамда иқтисодиётга таъсирини ўрганаман. Бу ҳозир энг долзарб мавзулардан бири экани сир эмас. Ахборот технологиялари барча соҳа қатори иқтисодиётга ҳам фаол кириб келган.

    Иқтисодий атамаларни соҳа вакиллари яхшироқ тушунади. Аммо уларни содда тарзда амалиётга татбиқ этиш, илм-фан ютуқларини ҳаётимизга олиб киришда олимларнинг ўрни катта. Ботир Қобилов илм-фан ривожига кўпроқ ҳисса қўшиш, тадқиқотлари амалиётда қўлланишига эришишни касбий фаолиятидаги асосий вазифаси, деб билади. Шу йўлда тиниб-тинчимайди. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида мукаммал сўзлашиш баробарида, француз тилида ҳам бошланғич мулоқот кўникмасига эга. Қандай қилиб шунча ишга улгурасиз деган саволларга эса “Аслида, мен кўп нарсага улгурмайман. Вақтим кўпроқ бўлганида илм-фанни оммалаштириш билан янада кўп шуғулланган бўлардим. Аммо барчамизда вақт чегараланган, ундан оқилона фойдаланиб, фақат фойдали нарсаларга сарфлашимиз керак. Бунда тартиб жуда муҳим”, деб жавоб беради.

    Ботир вақтни тақсимлашда доим талабчан. Аммо бўш вақтини мазмунли ўтказиш, дам олишни ҳам билади. Оиласи билан вақт ўтказишдан завқланади. Югуриш, тоғда сайр қилишни хуш кўради. Ақлий меҳнатни жисмоний ҳаракат билан уйғунлаштирадиган инсонлардан.

    Ўзбекистонда эмаслигим тўсиқ бўлолмайди

    Бир вақтлар юртимиз ёшларининг аксарияти билим олиш, касбий ривожланиш учун хорижга кетса, қайтиб келиш ҳақида ўйламасди ҳам. Аччиқ ҳақиқат шуки, улар билимини бу ерда керак эмас, деб ҳисобларди. Бунинг ортидан қанча билимли, иқтидорли ҳамюртларимиз ватанни тарк этди. Бугун эса бари бошқача. Хориждаги ватандошларимизга мамлакатимиз фахри, интеллектуал бойлиги сифатида қараляпти. Минглаб ёшларимизнинг чет элдаги энг нуфузли олийгоҳларда ўқиб, йирик компанияларда ишлаши учун шароит яратиб бериляпти. Боиси, улар юртимизга халқаро тажрибани олиб келиб, тараққиётимиз ривожига ҳисса қўшади.

    Давлатимиз раҳбарининг чет элда таҳсил олаётган йигит-қизлар билан учрашиб, суҳбатлашаётганида катта ишонч билдираётгани сабаби шунда. Шундай учрашувлардан бири ўтган йили сентябрда Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиш учун АҚШга борганида бўлиб ўтди. Ўшанда давлатимиз раҳбари океан ортида яшайдиган ватандошларимиз билан кўришиб, суҳбатлашган, улар орасида Ботир Қобилов ҳам бор эди.

    — Президентимиз билан суҳбат анча яқин ва самимий бўлганини эслайман, — дейди у. — Давлатимиз раҳбари мен билан ҳам суҳбатлашди. Турли мавзулар кўтарилди. Таклифларимизни айтдик. Баъзи кадрларнинг чет элга чиқиб кетиши масаласи ҳақида гап кетганида хорижий давлатларда билимли ўзбекистонликлар кўпайса, юртимизга фойдаси тегади, деган фикрни айтдим. Давлатимиз раҳбари ҳам гапларимни тасдиқлади ва сизлар билан фахрланамиз, деди. Аслида хориждаги юртдошларимизнинг кўпи муайян мақсад туфайли яшаса-да, қалбан юртдан сира узоқлашмайди. Ўзим Ўзбекистонда бўлмасам ҳам хаёлан ҳар куни ватандаман. Куним мамлакатимиз ҳаётидаги янгиликларни ўқиш билан бошланади. Ўзбекистондаги вазият, жараёнларни доим кузатиб бораман, хабардор бўлиб, баъзан иштирок ҳам этаман. Жисмонан у ерда эмаслигим менга ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Турли семинар, учрашув, суҳбатларга таклиф этишса, онлайн қатнашаман. Ўзбекистонлик талабалар билан учрашиш, суҳбатлашишни хуш кўраман. Уларнинг муваффақиятига озгина бўлсада ҳиссам қўшилишидан қувонаман. Ўзбек тилида блог юритиб, подкастларимизни улашиб тураман. Иқтисодиёт, фан ва ривожланиш ҳақидаги мавзуларда фикрларим билан ўртоқлашиб бораман. Тадқиқотларимнинг бир қисмини доим Ўзбекистон билан боғлашга интиламан. Айни пайтда бир нечта ана шундай тадқиқот-лойиҳа устида ишлаяпман. Ҳозир бошланғич босқичда, тез орада уларни улашиб, амалга оширишга киришаман. Орзуим Ўзбекистон иқтисодиёти янада фаровон, одамлари эркин ва бой бўлишига биргаликда эришишмиз. Нима учундир, юртимиздаги ривожланишларнинг кечикканига айримлар менталитетимизни сабаб қилиб кўрсатади. Мен бунга мутлақо қўшилмайман. Бизнинг ҳам ҳеч бир давлат ва миллатдан кам жойимиз йўқ. Шунчаки, иқтисодиётдаги рағбат ва ҳаракатларни тўғри ташкил этиш керак. Мамлакатимизнинг иқтисодий потенциали юқори, энг катта бойлиги эса давлатимиз раҳбари айтганидек, одамларимиз. Мен ўзбекистонлик эканимдан фахрланаман.

    Гарвард университети докторантлигини қойилмақом уддалаган ўзбекистонлик Ботир Қобилов Техас университетида профессор лавозимида иш бошламоқчи. Унинг мақсадлари ҳам, келажак йўли ҳам илм-фан билан боғланган. Олий мақсад ва ғояларнинг бир қисми эса, шубҳасиз, Ўзбекистон — она юрт билан боғлиқ.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 29.05.24 й, 104-сонида эълон қилинди)


    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates