“Ўзенергоинспекция“нинг берган маълумотига кўра, 2024 йил 1 декабрдан жорий йил 15 февралгача табиий газдан ноқонуний фойдаланишга оид 167 та ҳолат аниқланган. Бу орқали 82 миллион 158,9 минг куб метр табиий газдан асоссиз фойдаланилиб, давлат манфаатларига 210 миллиард 428,2 миллион сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот“ АЖнинг берган маълумотига кўра, жамият масъул ходимлари томонидан мазкур даврда 6472 та ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича 50 миллион 890 минг куб метр табиий газ учун 117 миллиард 300 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Қолаверса, шу вақт оралиғида 4942 дона маиший газ баллонида 77,8 тонна (36 минг куб метрга тенг) ҳажмдаги суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши олди олинди.
Айтиш ўринлики, ҳисобот даврида ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми 133 миллион 84,9 минг куб метр бўлиб, бу миқдордаги табиий газ 266 минг 170 та хонадоннинг қишки даврдаги бир ойлик меъёрий базасига тенгдир. Қолаверса, агар ушбу газ ресурсларидан оқилона фойдаланилганида, метан заправкалар 10 кун давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга бўларди.
Юқорида аниқланган барча ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, назорат органларига юборилган.