Юртимизда қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бизнес эгаларининг фаолиятига енгиллик бериб, иш ривожига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда бизнес вакиллари билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар самараси бугунги тадбиркор давлат ҳимоясида эканидан далолат беради.
Кейинги йилларда тадбиркорлар учун яратиб берилаётган ҳуқуқий асослар юртимизда барқарор иқтисодий ўсиш ва ривожланишга салмоқли ҳисса қўшаётир. Бугун тадбиркорликка қўрқув билан эмас, балки катта мақсад ва лойиҳалар билан кириб борилмоқда, оддий халқ орасида ишбилармонлик оммалашиб, маълум бир доирада катта тармоққа айланмоқда. Қувонарлиси, Ўзбекистон ишбилармонлар юртига айланиб, амалий натижаларга эришиляпти.
Давлатимиз раҳбарининг соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотида кўплаб муаммолар ҳал этилиши билан бирга энг долзарб ва асосли таклифлар таҳлил қилиниб, ташаббуслар илгари сурилди. Шундай юксак маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган азму шижоатли тадбиркорларнинг ҳиссаси беқиёс экани эътироф этилди. Шунингдек, эксперт гуруҳлари тузилиши таъкидланди. Бундан кўриниб турибдики, тадбиркорлар учун хорижий давлатлар билан яқин дипломатик алоқаларнинг мустаҳкамланиши, экспорт-импорт жараёнларини соддалаштириш, бунда бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, соҳани фаол кенгайтириш учун янада кенг қамровда имкониятлар очилишига замин яратилади.
Президентимиз Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқотида кўтарилган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватлангани, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилганини таъкидлади. Бундан ташқари, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилгани, энг муҳими, маҳалладаги кичик лойиҳадан тортиб, мега лойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилгани айтилди.
Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади. Булар тадбиркорлар “соядан чиқиб”, қонуний фаолият ва соғлом рақобат йўлига ўтаётганидан далолат беради.
Қўшни давлатлар билан алоқалар мисли кўрилмаган даражага чиқди. Ўзбекистон маҳаллий корхоналар учун ҳам, чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга, минтақадаги саноат хабига айланиб улгурди.
Яқинда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жорий йил олти ойда тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди. Бундай рақамлар 33 йиллик тарихимизда бўлмаган.
Давлатимиз раҳбари мулоқот жараёнида бешта йўналишдаги янги ташаббуслар, яъни кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш, бизнесни инфратузилма, ер ва энергия билан таъминлаш, ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, хизматлар соҳасига янги туртки бериш ҳамда бизнес учун тўсиқ ва ғовларни янада қисқартиришни айтиб ўтди.
Мулоқот жараёнида йил охирига қадар “Қорақалпоғистонда бизнес юритинг” дастури доирасида йирик халқаро компаниялар брендларини республикага жалб этиш режалаштирилди. Маълумки, иқтисодиётимизнинг янги технология ва инновацияларга асосланган, сифатли ҳамда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарадиган муҳим бўғини ўрта бизнесдир. Бугунги кунда кичик бизнесдан ўрта бизнесга ўтиш истагида бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида янгича ёндашувлар йўлга қўйилмоқда. Бунинг натижасида келажакда мутлақо янги босқичга олиб чиқувчи, кескин ўсишлар талабгорлиги юқори ва рақобатбардош бўлган сифатли маҳсулотларимиз ташқи бозорларга чиқарилишига туртки беради.
Юртимизда барқарор иқтисодий ривожланишни кучайтириш, ишсизлик даражасини камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар самараси Наманган вилоятида ҳам ўз аксини топмоқда.
Вилоятда 7 мингдан зиёд корхонада 570 минг киши иш билан таъминланган. Бунда 2500 дан ортиқ тўқимачилик ва тикув трикотаж корхонаси бўлиб, ундан 22 таси йигирув корхонаси, 291 таси тайёр газламалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган тўқув корхонаси, 50 таси трикотаж матолари, 576 таси трикотаж маҳсулотлари, 1462 таси тикув, 27 таси пайпоқ ва 12 таси бошқа тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналаридир. Уларда жами 90 мингдан зиёд ишчи- ходимлар фаолият юритиб келмоқда.
Шу жумладан, Наманган тўқимачилик саноати институтида ҳам 2023–2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш ва тараққиёт стратегиясини тасдиқлаш ва ўз вақтида ижросини таъминлаш, институтнинг барча соҳада халқаро нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумки, саноат тармоқлари орасида энг кўп иш ўринлари яратган ҳам, энг кўп аҳолини банд қилиб турган соҳа ҳам тўқимачилик саноатидир. Вилоятда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида маҳсулотлар ишлаб чиқариш қадим-қадимдан ривожланиб, бу йўналишда уста-шогирд анъаналари яхши йўлга қўйилган. Натижада юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни ва юқори технологияларни кенг жалб қилиш, инновацион лойиҳаларининг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини таъминлаш орқали юқори даромадли иш ўринлари яратиб келинмоқда.
Сўнгги йилларда инвестициялар ва янги технологиялар фаол жалб этилгани туфайли соҳада натижадорлик жадал ошган. Масалан, ўтган йили 8 миллиард 200 миллион долларлик тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 7 йил олдингига нисбатан 4,2 баравар кўп. Шунингдек, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлди (422 миллион доллар экспорт). Бу йил яна учта янги бозорга чиқилиб, экспорт географияси 83 та давлатга етди.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган 207 корхона 239 та бренд остида маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Шундан, 2019–2023 йилларда жами 107 корхона (115 та бренд остида) фаолият юритган. 2023 йилда 20 корхонада – 23 та бренд, 2022 йилда 27 корхонада – 27 та бренд, 2021 йилда 38 корхонада – 42 та бренд, 2020 йилда 8 корхонада – 8 бренд ва 2019 йилда 14 корхонада – 15 та янги бренд остида маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Енгил саноат корхоналари томонидан “Ифтихор кийим саноат” МЧЖ – Damrich, Baldasarini (Германия), “Фазман текстил” МЧЖ – Carl Gross, Digel (Туркия), “Dilrabo-SDA” МЧЖ – Vulpes, ОMSA, BeeFree, SELO (Туркия), “FT TEXTILE GROUP” МЧЖ – Dilan, Mirteks (Туркия), “Чуст текстил” ХК – LC Waikiki, Zolla, Zarina (Туркия) ҳамда “Асрор текстил саноат” МЧЖ – Carl Gross, (Туркия) каби ривожланган давлатларнинг бренд корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ҳудуддаги тўқимачилик тармоғида 2024 йилда жами корхоналар сони 2428 та бўлиб, ушбу соҳада ишловчилар эса 89 минг 522 нафарни ташкил этади. Мазкур кўрсаткични 2017 йилга нисбатан олсак, корхоналар сони 1179 тага, яъни икки баробарга, ишчилар сони эса 63 минг 697 нафарга — уч ярим баробарга ошган.
Пахта етиштириш ортган. Ўз ўрнида тола ишлаб чиқариш қуввати 73 минг тонна бўлиб, 13 минг тоннага, яъни 1,2 баробарга, толани қайта ишлаш қуввати эса ҳозирги кунда 122 минг тоннани ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 87 минг тоннага — 3,4 баробарга ошган. Ип калава ишлаб чиқариш қуввати 103 минг тонна бўлиб, 74,5 минг тоннага – 3,6 баробарга, ип калавани қайта ишлаш қуввати 87,0 минг тонна бўлиб, 72,0 минг тоннага – 5,8 баробарга, экспортдаги калава ип улуши 75 фоиз бўлиб, 40 фоизга, яъни 2,5 баробарга, ишлаб чиқариш ҳажми 5,2 баробарга, экспортёр корхоналар сони 400 та бўлиб, 309 тага, яъни 4,4 баробарга кўпайган. Шунингдек, йиллик экспорт қуввати бугунги кунда 600 миллион долларни ташкил этади, бу 2017 йилга нисбатан 500,7 миллион долларга – 6 баробарга кўп дегани. Бўёқ корхоналар сони эса 30 тани ташкил этиб, 22 тага – 3,7 баробарга ўсган.
Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш каби жабҳалар соҳасида олиб борилаётган сиёсат туфайли тармоқда мана шундай ўсиш суръатларига эришилмоқда. Жумладан, 7 йил муқаддам кичик ҳажмдаги корхоналар фаолиятини кенгайтиришда ер майдони, кредит маблағлари олиш жуда мушкул вазифа эди. Шунингдек, куз-қиш даврида электр таъминотидаги мунтазам узилишлар натижасида йирик ҳажмли корхоналар қувватидан атиги 25–30 фоиз фойдалана олинар эди, холос.
Ушбу муаммолар мамлакатимиздаги оқилона сиёсат натижасида бартараф этилди. Хусусан электр энергия таъминоти бўйича қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари тикланган бўлса, ташкил этилаётган кичик ва эркин саноат зоналар сабаб ер муаммоси ҳам батамом бартараф этилди. Бу имконият натижасида хорижий инвесторлар оқими кескин кўпайди ҳамда вилоятдаги ижара объектида ёки уй шароитида ишлаётган кичик хажмли корхоналар фаолияти кенгайтирилиб, минглаб янги иш ўрни яратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда соҳага оид олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини албатта беради, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида улкан марраларга йўл очади.
Қурбонали ҲОЛИҚОВ,
техника фанлари доктори, профессор
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 196-сонида (2024 йил 26 сентябрь) чоп этилган.
Ҳамкорлик материали