Учрашувда давлатимиз раҳбари кўплаб ташаббус ва ғоялар, янгиликларни айтди. Уларнинг барчаси тадбиркорларнинг дилидаги гап бўлди. Энг асосийси, жараёнга ўша куннинг ўзидаёқ киришилди ва бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда.
— Учрашув биз, тадбиркорлар фаолиятида янги босқич бошланаётгани, соҳа давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини англатади, — дейди Нукус шаҳридаги “Visconti” корхонаси раҳбари Мийригул Каипова. — Мен ҳам тадбиркорлигимни ана шу имкониятлар асосида, яъни 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан бошлаганман. Шунга ҳам бир йил бўлди. Айни пайтда корхонамизда меҳнат қилаётган 6 нафар хотин-қиз билан бирга аҳоли дастурхонига 46 турдаги нон ва нон маҳсулотларини етказиб беряпмиз.
Нукусда имкониятдан самарали фойдаланиб келаётган тадбиркорлар кўп. Ҳамидбек Қосимов шулардан бири. У дастлаб бир муддат акасининг корхонасида ишлади. Кейинчалик ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди: 2017 йилда “Осиё ёғдуси” масъулияти чекланган жамиятини очди.
— 2019 йилда инвестиция киритиш шарти билан Нукус тумани “Саманбай” овул фуқаролар йиғини ҳудудида бўш турган устахонани жамият балансига олиб, қандолат цехи ташкил қилдик, — дейди Ҳамидбек Қосимов. — Бунинг учун Тошкентдан илғор тадбиркорларни таклиф қилиб, маслаҳатини олдик, тажрибасини ўргандик. Шундан бери маҳсулотларимизни Нукус ва Оқманғит деҳқон бозорлари, шунингдек, хоразмлик буюртмачиларга сотяпмиз.
Элликқалъа туманининг “Навоий” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳамдам Саидабдуллаев қорақалпоқ шароити учун ноодатий бўлган тадбиркорлик, яъни туяқуш боқиш билан шуғулланади.
— Бу ишга Фарғона вилоятидан 6 та туяқуш жўжаси олиб келиб киришгандим, — дейди тадбиркор. — Сўнг инкубатор сотиб олдим. Ҳозир ўзим аҳолига туяқуш жўжаларини сотяпман. Шуғулланса бўладиган бизнес экан. Инкубаторда жўжалар 42 кунда тухумни ёриб чиқади. Озгина парваришлаб сотувга чиқараман. Шу иш ортидан йилига 300 миллион сўм соф фойда оляпман. Туяқуш боқиш оилавий тадбиркорлик учун жуда қулай. Икки киши етади. Озуқасини вақтида бериб турсангиз, бас. Касалланиш хавфи оз, фақат вақтида эмлаб туриш керак.
Айни пайтда “Навоий” овул фуқаролар йиғинида яшаётган 5925 кишидан 842 нафари чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланади. Улар давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик қанча тез ривожланса, мамлакатимиз шунча қудратли бўлади, халқимиз шунча фаровон яшайди” деган сўзларидан куч олиб, астойдил меҳнат қилмоқда.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири