Жамоат транспорти тизимини яхшилаш, аҳолига қулай ва хавфсиз транспорт хизматини тақдим этиш мақсадида Бухоро шаҳри йўналишларига яна 25 та замонавий автобус келтирилди.
Мазкур автобуслар Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги "Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида харид қилинди.
Бу сафар “Прогресс Мега Транс” корхонаси томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган 24 та “Zhongtong” русумли автобус келтирилган бўлса, “Miramax Tourist Trans” МЧЖ томонидан 1 та “King Long” русумли автобус олиб келинди. Қолаверса, ушбу компаниядан яна 19 та автобус харид қилиниши режалаштирилган.
Автобусларнинг тақдимотига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Янги автобуслар 30 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, иситиш ва совутиш тизими, кузатув камералари, имконияти чекланган шахслар учун қулай шароитлар, қуёш нуридан ҳимояловчи ойналар ва йўловчилар сонини аниқлаш тизими билан жиҳозланган.
Замонавий автобуслар тез орада шаҳар йўналишларида қатнай бошлаб, жамоат транспорти сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Маълумот учун: 2025 йил якунига қадар Бухоро вилоятига яна 48 та шундай автобус олиб келиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.









