Буюк ғалаба ва Нюрнберг сабоқлари

    Нюрнберг жараёни нима?

    1945 йил 20 ноябрда Германиянинг Нюрнберг шаҳрида Учинчи рейхнинг юқори мартабали раҳбарлари устидан суд жараёни бошланганди. Унда жаҳон урушини қўзғаган ва ўн миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлган сиёсий режимнинг жиноий қилмишлари кўриб чиқилган. Ўн ярим ойга чўзилган 403 та суд мажлисидан сўнг 1946 йилнинг 1 октябрида ҳукм ­эълон қилинган. Нацистлар раҳбарларининг бир қисми осиб ўлдириш, бошқалари узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Трибунал СС, СД, гестапо ҳамда нацистлар партияси раҳбариятини жиноий ташкилотлар, деб топган.

    Суд жараёни ўтказиладиган жой сифатида Нюрнберг танланди. Бунинг бир нечта сабаби бор эди.

    Биринчидан, Америка оккупация зонасида бўлган Нюрнбергга уруш пайтида унчалик зарар етмаган эди.

    Иккинчидан, бу ерда шундай кўламдаги суд жараёнини ўтказиш учун жуда қулай бўлган “Адолат саройи” жойлашган бўлиб, у судланувчилар сақланаётган Нюрнберг турмаси билан туташ эди.

    Учинчидан, Нюрнберг мафкуравий жиҳатдан нацистлар учун катта аҳамиятга эга бўлиб, Гитлер ҳокимиятга келганидан сўнг Немис национал-социалистик ишчи партияси қурултойлари доим шу ерда ўтказилган. 1935 йили бу шаҳарда миллионлаб одамларнинг уқубат чекиши ва ҳалокатига сабаб бўлган “Нюрнберг ирқий қонунлари” қабул қилинган.

    Ушбу суд Европа мамлакатларига қарши Гитлер агрессияси тарихига нуқта қўйганди. Шу билан бирга, янги жаҳон урушларининг олдини олишга хизмат қилувчи халқаро ҳуқуқнинг илғор нормалари шаклланиши учун ҳам замин бўлган эди.

    Бундан 75 йил илгари жаҳон тарихида илк бор нацистларнинг асосий ҳарбий жиноятчилари устидан бошланган тарихий Нюрнберг суд жараёни ҳақида кўплаб китоблар ва мақолалар ёзилган, илмий ишлар ҳимоя қилинган. Шу билан бирга, тарихнинг йўриғи янги авлодга бу ҳақда холис ахборот етказишнинг нақадар муҳимлигини ҳамиша эслатиб туради.

    Ўзбекистон — Иккинчи жаҳон урушида

    Кейинги йилларда изчиллик билан амалга оширилган илмий тадқиқотлар туфайли Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, қаҳрамонлар — оталаримиз ва боболаримизнинг жасорати хусусида ниҳоятда муҳим янги далилларга эга бўлдик. Ушбу тадқиқотлар натижалари айни пайтда оммавий ахборот воситаларида, янги китоб ва альбомларда кенг ёритилмоқда.

    Хусусан, шу вақтга қадар республикамиз ҳудудида ўша даврда яшаган 6 миллион 551 минг кишидан салкам 1 миллион 500 минг нафари урушда иштирок этган деб ҳисобланарди. Сўнгги маълумотлар эса, Ўзбекистондан фронтга қарийб
    1 миллион 951 минг киши сафарбар этилганидан далолат бермоқда. Бу ўзбекистонликларнинг ҳар учтасидан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жангга отланган, деганидир.

    Яна айрим рақамларга тўхталмоқчиман: илгари жангларда 396 минг нафар ватандошимиз ҳалок бўлган деб ҳисобланган бўлса, аслида, ушбу рақам 538 мингдан зиёдни ташкил этиши аниқланди. Бундан ташқари, шу вақтга қадар бедарак йўқолганлар ҳақида ишончли маълумотларга эга эмасдик. Бугун аён бўлмоқдаки, 158 минг нафардан ортиқ юртдошимиз уруш йилларида бедарак йўқолган экан.

    Тошкент вилоятида яшаган ва уруш оқибатида беш ўғлидан жудо бўлган, тўрт келини бева ҳамда беш нафар невараси етим қолган мушфиқ онаизор Зулфия Зокирова матонат ва фидойилик тимсоли ҳисобланади.

    Нидерландиядаги “Амерсфорт” ўлим лагерига ташланган 101 нафар ўзбекистонлик жангчининг қисмати ҳам ўта фожиалидир. Геббельснинг режасига кўра, бу асирлар немис армиясининг руҳини кўтаришда муҳим роль ўйнашлари керак бўлган.

    Яъни, ўлим лагерининг баланд тўсиқлар ва тиканли симлар билан ўралган очиқ осмон остидаги саҳнида азобу қийноқларга солинган оч-юпун, хаста ҳамда тинкаси қуриган ўзбек асирлари бир буханка нон учун ўзаро талашиб-тортишиб, кинокамераларга “қизиқарли” саҳна намойиш этишлари кутилганди. Аммо бу қабиҳ режа чиппакка чиқади.

    Нон учун ҳеч ким талашиб-бўғишмайди. Аксинча, асирларнинг энг кичиги оҳиста бориб, уни ердан кўтаради. Атрофга сукунат чўкади. Навқирон асир нонни эҳтиётлаб қўлига олади ва худди муқаддас Қуръонни тавоф этгани каби, уч марта ўпади ва ҳар гал кўзига суртади. Кейин нонни асирларнинг энг ёши улуғига олиб ­боради.

    Сўнгра ўзбеклар бир давра атрофида чордана қуриб ўтирадилар ва нон ушоқларини бир-бирларига узата бошлайдилар. Ҳар бир асир ўз улуши текканида, иссиқ нон тафтида аввал ҳовучини иситиб олар, шундан сўнг шошмасдан ва кўзларини юмганча ҳузур қилиб тановул қилишга киришарди. Ғаройиб зиёфат якунига етгач, ўлим лагери узра “Худога шукр” деган жўровоз шукроналик дуоси ­янграйди.

    Ушбу манзара нацистларнинг шармандали муваффақиятсизлигидан далолат берарди ва шу боис, Рейх ҳужжатларида бу ҳақда ҳеч қандай маълумот сақланиб қолмаган. Яҳудийларнинг оғзидан қўпориб олинган ҳар битта тиш тўғрисида батафсил ҳисобот ёзиб қолдирган немис фашистлари “Амерсфорт” ўлим лагерига ташланган 101 нафар ўзбекистонлик жангчидан қандай шарманда бўлганларига доир барча ҳужжатларни яксон қилган.

    Ушбу аччиқ ва ибратли тарихий воқеани менга биринчи марта 2017 йил майида ўша пайтда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрган Зайд Раад ал-Ҳусайн сўзлаб берганди.

    Голландиялик журналист Ремко Рейдинг тақчил далилларни тўплаб, бу ҳақда муҳим тадқиқот чоп эттиргани диққатга лойиқдир. ­Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда “101” номли китоб нашр этилди ва шу асосда бадиий фильм тасвирга олинди.

    Ўзбекистонга уруш олови ичида қолган республикалардан 1,5 миллион киши, жумладан, 250 минг нафар бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга бошпана берди, меҳр-оқибат ва ғамхўрлик кўрсатди, дастурхонидаги бурда нонини баҳам кўриб, юксак инсонпарварлик фазилатларини намоён этди.

    Биз Иккинчи жаҳон уруши даврида ўн миллионлаб кишилар қурбон бўлганлиги билан боғлиқ инсоният бошига тушган бундай улкан фожиани ҳамиша ёдда сақлашимиз керак. Башарият ХХ асрда инсон зотига нисбатан содир этилган бу қадар шафқатсизликларга жаҳон тарихи давомида сира дуч келмаганди.

    Шу маънода, Нюрнберг процесси — нафақат ҳарбий жиноятчиларга нисбатан одил судлов, балки инсониятга шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида улкан тарихий сабоқ чиқариш имконини берган “тарихий суд” ҳамдир.

    Нюрнберг сабоқлари

    Нюрнберг трибунали ўз ишини бошлаган санадан 75 йиллик масофада туриб, у тарихий, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий соҳалар ривожида нақадар улкан роль ўйнаганлигини яққол кўриш мумкин.

    Бугун дунё янги хавф-хатарларга дуч келиб турибди. Халқаро терроризм бутун инсониятга таҳдид солаётгани, соҳада мавжуд халқаро-ҳуқуқий нормалар талабларига хилоф равишда ядровий қуроллар тарқалаётгани, зўравонлик экстремизми ўсаётгани, инсон ҳуқуқларининг ­оммавий равишда бузилишига сабаб бўлувчи қуролли можаролар кучайиб бораётгани шулар жумласидан.

    Нюрнберг жараёни сабоқлари қуйидаги йўналишларда ўз аксини топмоқда.

    Биринчи сабоқ: Нюрнберг трибуналининг ҳужжатлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳозирги замон халқаро-ҳуқуқий базасига асос солиш учун дастлабки пойдевор вазифасини ўтади.

    ХХ асрнинг иккинчи ярмида халқаро ҳамжамият инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий нормалар нафақат давлатларнинг миллий ҳуқуқида, балки халқаро ҳуқуқда ҳам мустаҳкамлаб қўйилиши зарур, деган хулосага келди. Бошқача айтганда, Нюрнберг жараёни дунёда янгича ҳуқуқий тартиб-таомиллар қарор топишига муайян даражада кўмаклашди.

    Халқаро ҳарбий трибунал Низомига мувофиқ, инсон ҳуқуқлари соҳасига доир бир қанча халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатларда давлатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уларни таъминлаш борасидаги умумий мажбуриятлари мустаҳкамланди.

    Шунингдек, юқорида айтиб ўтилгани каби халқаро жиноятларга йўл қўймаслик ёки уларнинг олдини олиш бўйича аниқ нормаларни ўзида акс эттирган қатор халқаро конвенциялар тасдиқланди.

    Хусусан, Нюрнберг жараёнида шакллантирилган халқаро-ҳуқуқий шартномалар қаторида тажовузлар, ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларнинг олдини олишга доир принцип ва нормаларни ўзида акс эттирган қуйидаги ҳужжатларни санаш мумкин: 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси; 1948 йилги Геноцид жиноятларининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенция; Уруш жабрдийдаларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1949 йилги Женева конвенциялари; 1950 йилги Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция; 1954 йилги Халқаро низолар юз берган ҳолларда маданий қадриятларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция; 1966 йилги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт; 1968 йилги Ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларга нисбатан эскириш муддати қўлланилмаслиги тўғрисидаги конвенция; 1973 йилги Апартеид жиноятларига йўл қўймаслик ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенция ҳамда шу каби бошқа бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар.

    Иккинчи сабоқ: Нюрнберг жараёни сабоқлари халқаро-институтлашган одил судлов органлари учун замин бўлиб хизмат қилди.

    Нюрнберг жараёнига қадар халқаро ҳуқуқда фақат давлатларнинг жавобгарлигигина кўзда тутилган бўлиб, бу ҳам кўп жиҳатдан жамоавий жавобгарлик ҳисобланарди. Нюрнберг жараёни дастлабки халқаро одил судлов тимсолида ана шу вазиятни тубдан ўзгартирди.

    Нюрнберг жараёнининг инкор этиб бўлмас аҳамияти, авваламбор, юқори лавозимлардаги давлат арбобларини халқаро судда суд қилиш прецеденти юзага келгани мисолида яққол кўринади. Айтиш мумкинки, ­инсониятни бирлашишга ундаш тамойилини худди шу омил бошлаб берган.

    Халқаро ҳарбий трибунал тузилиши ва жиноятчи нацистлар етакчиларининг жазоланиши, ўз навбатида, “халқаро жавобгарликнинг индивидуаллаштирилиши принципи” деган янги тамойилнинг ишлаб чиқилишига, хусусан, жисмоний шахсларга нисбатан халқаро ҳуқуқ нормалари асосида жиноий жавобгарлик белгиланишига олиб келди.

    Нюрнберг жараёнининг ўзига хос хусусияти шундаки, у иккита ҳуқуқий анъана — англосаксон ва континентал ҳуқуқий тизимларни ўзаро бирлаштирди.

    Нюрнберг жараёни ҳуқуқ тарихида биринчи маротаба ўзига хос юридик прецедентни яратди. Натижада кейинчалик ушбу ҳуқуқий тажриба Токио трибунали, Руанда, собиқ Югославия, Сьерра-Леоне учун халқаро ҳарбий трибуналларни ташкил этишда намуна бўлиб хизмат қилди.

    Бу жараёнларда юридик амалиётга ким томонидан ва қайси давлат ҳудудида содир этилганидан қатъи назар, жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги тўғрисидаги янги қоида жорий этилди.

    Трибунал ҳозирги замон халқаро судлари тизимини барпо этиш учун намунавий модель вазифасини ҳам ўтади. Халқаро жиноят суди шу негизда ташкил этилгани ушбу фикримизни тасдиқлайди. Бу, ўз навбатида, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро жиноят ҳуқуқи ривожига туртки берди.

    Учинчи сабоқ: Нюрнберг жараёни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таълим ва ахборот-маърифатга доир асосларини яратди.

    1993 йили Нюрнберг шаҳрида исроиллик ҳайкалтарош Дани Караваннинг “Инсон ҳуқуқлари кўчаси” (“Straße der Menschenrechte”) номли монументал ёдгорлик лавҳаси бунёд этилгани бежиз эмас.

    Бу ёдгорлик Нюрнберг шаҳри раҳбарияти томонидан “Партиялар намойишлари шаҳри”ни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги мураккаб ўн йилликлар давомида замонавий “Тинчлик ва инсон ҳуқуқлари шаҳри”га айлантириш борасида муҳим аҳамият касб этди. Бу ерда 27 та оппоқ устун ўрнатилган бўлиб, ҳар қайси устунда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг алоҳида бир моддаси немис тилида ва Европанинг бошқа тилларида ўйиб битилган.

    Нюрнберг жараёни сабоқлари инсоният фақат бирдамликдаги саъй-ҳаракатлари билан зулмга бас келиши мумкинлигини ўргатди. Айнан Нюрнберг трибунали Низомидаги принциплар кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси томонидан халқаро ҳуқуқнинг инсониятга қарши жиноятлар билан курашиш соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари сифатида тасдиқланган.

    Халқаро ҳамжамият тинчлик маданияти, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида БМТ ўн йиллиги, тинчлик ва зўравонликка йўл қўймаслик маданияти ғояларини ҳам айнан Нюрнберг принциплари асосида ­эълон қилгани эътиборлидир.

    Тўртинчи сабоқ: Нюрнберг тажрибаси инсон ҳуқуқларининг халқаро даражада ҳимоя қилиниши устидан мониторинг ўтказиш учун асос вазифасини ўтади.

    Ҳуқуқий аҳамияти нуқтаи назаридан, Нюрнберг жараёни инсон ҳуқуқларини ривожлантириш йўналишларини белгилаб олишга ўз таъсирини кўрсатгани жуда муҳимдир. Авваламбор, Нюрнберг жараёни халқаро жиноятларнинг янги турларини белгилаб берди. Кейинчалик бу янгиликлар халқаро ҳуқуқ ва аксарият давлатлар миллий қонунчилигидан мустаҳкам ўрин олди.

    Нюрнберг суди одил судловнинг умумқабул қилинган процессуал нормаларига мувофиқ равишда ўтказилди. Айбланувчиларга адвокатларни эркин танлаш асосида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти чинакамига таъминланди. Суд мажлисларининг очиқ ва ошкора ўтказилиши ҳамда судланувчилар ўз миллий тилидан фойдаланиши масалаларига жиддий ёндашилди.

    БМТнинг устав органлари, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, шартномавий қўмиталари ва махсус процедуралари, айнан БМТ ихтисослашган муассасаларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари, жумладан, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, ЮНЕСКО ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг минтақавий механизмлари — Европа Кенгаши, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Африка иттифоқи, Араб давлатлари ташкилоти, МДҲ каби ташкилотларни тузишда бевосита Халқаро ҳарбий трибунал принципларига асослангани алоҳида аҳамиятга эга.

    Бешинчи сабоқ: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик.

    Нюрнберг жараёни замонавий халқаро ҳуқуқни ҳамда унинг тинчлик ва асосий инсон ҳуқуқларига риоя этишга тааллуқли принципларини изчил ривожлантиришда етакчи роль ўйнади. БМТ Бош Ассамблеяси 1946 йилнинг декабрида Нюрнберг одил судлови принциплари амалдаги халқаро ҳуқуқнинг таркибий қисми ҳисобланишини эълон қилди.

    Айни чоғда, Нюрнберг жараёни берган сабоқлар бугунги кунда ҳам биз учун улкан аҳамият касб этади. Халқаро ҳуқуқнинг энг муҳим ­принциплари ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани, шу принципларнинг амалда татбиқ этилиши туфайли инсоният тинчлик ва хавфсизликни, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини имкон қадар таъминлаб келаётгани бунинг яққол далолатидир.

    Нюрнберг ва инсон ҳуқуқлари

    Нюрнберг трибунали инсониятнинг барча муаммоларига ечим топиб бера олгани йўқ, албатта. Аммо унинг қатъий қарорлари бўлмаганида, ҳозирги дунё одамзод кўзига бу қадар жозибадор кўринмаган бўлур эди.

    Нюрнберг жараёни ҳозирги замон жамияти ривожининг ниҳоятда чуқур муаммоларини, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича механизмларни тугал ишлаб чиқиш заруратини очиб берди. Нюрнберг трибунали томонидан ишлаб чиқилган принциплар бугунги кунда ҳам ниҳоятда долзарбдир. Уларга амал қилиш тажовузларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликнинг муҳим шарти ҳисобланади.

    Коронавирус пандемияси, бир томондан, бутун инсониятнинг бундай глобал таҳдидлар қаршисида ожизлигини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан, Ер юзидаги барча давлатлар ва дунё халқлари бир-бирлари билан ўзаро боғлиқ эканини яна бир бор тасдиқлади. Бинобарин, жаҳон ҳамжамияти аъзолари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар, ишонч ва яқин ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга.

    Инсоният бир яққол ҳақиқатни яна эътироф этди. У ҳам бўлса, ҳукуматлар, парламентлар, фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ялпи жавобгарлик, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро мувофиқлаштириш принципларини мустаҳкамлаш заруратидир. Фақат шундагина инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, ҳар бир шахснинг соғлиғи ва фаровонлигини тўла таъминлаш мумкин бўлади.

    Бугунги кунда атрофимиздаги барча мураккабликлар ва зиддиятларга қарамасдан, дунё яхлит ҳамда муштарак тус олди. Биз бир-биримизга янада боғланиб қолдик. Шу маънода, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича кун тартибини рўёбга чиқаришга қаратилган барча саъй-ҳаракатларимизнинг марказида туриши айни муддаодир.

    Зеро, барқарор ривожланишнинг 17 та, яъни деярли барча мақсадлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги асосий ҳужжатларда ўз аксини топган. Барқарор ривожланишнинг
    17 та мақсади — турли соҳаларни қамраган бўлиб, ушбу мақсадларга эришиш инсон ҳаётининг ҳар томонлама яхшиланиши учун қулай имкониятларни юзага келтиради.

    Шундай қилиб, ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари даври, шубҳасиз, Нюрнберг жараёнидан бошланган. Гарчи, ХХ асрда кўплаб халқаро ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, Нюрнбергдаги Ҳарбий трибунал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим воқеа ҳисобланади.

    Нюрнберг трибунали инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш борасида улкан роль ўйнагани, энг муҳими, жаҳон ҳамжамиятига ўзаро яқин қўшни, дўст ва ҳамкор бўлиб тинч-осойишта яшаш мумкинлигини кўрсатиб бергани шубҳасиздир.

    Акмал САИДОВ,

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

    Миллий маркази директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates