Буюкларнинг руҳи доимо уйғоқ. Буни уларнинг уй-музейлари зиёратида ҳам теран ҳис қилмоғимиз керак

    Айни пайтда мамлакатимизда жами 150 та музей фаолият кўрсатади, уларнинг 20 дан зиёди уй-музейлари.

    Бугун ушбу масканларни ҳам маданий меросимиз сифатида асраш, кейинги авлодга борича етказиш масъулияти ҳақида сўз юритмоқчимиз. Кўз билан кўрилган воқеликни қалбан ҳис қилиш мумкин, шу боис, уй-музейларига ташриф буюриш айни муддаодир.

    Фурсат ғаниматдир...

    Муқимий театри биноси девори бўйлаб меҳмоннавоз Ғафур Ғулом яшаган хонадонга қадам қўяр эканмиз, ҳовли тўрида кулиб ўтирган шоирнинг рамзий сиймоси унинг ўзи каби лутф ила “ичкарига киринглар” деяётгандек бўлади. Шоир яшаган уй қандай бўлса, шундайлигича сақлангани ўша давр архитектурасининг ўзига хослигидан сўзлайди.

    Болалар ётоқхонаси, кўрпачалар йиғиб қўйилган меҳроб ва унга тутилган парда ўша давр ўзбек хонадонларини эслатиб турибди. Катта ва кичик ижодхоналар, маҳаллий меҳмонлар учун миллий, чет эллик, нозик меҳмонлар учун ўша даврга хос замонавий руҳдаги меҳмонхонада туриб, шоир тирик пайтлар бу файзли ҳовлининг меҳмони бўлган, тунлари ижодий гурунглар қилган дўстларига ҳавасимиз келади.

    Шойи кўрпачалар-у, хонтахтасига дуторлар қўйилган шинам хонада шоир билан ҳамсуҳбат бўлгандек қувонамиз. Стол-стуллар тартибланган иккинчи меҳмонхона ҳатто чел эллик ижодкорлар ҳам бу хонадонга бежиз боғланиб қолмаганини айтиб турибди. Шахсий кутубхонадаги сон-саноқсиз китобларнинг барини ўқишга Ғафур Ғулом қандай улгурганини эса ақлга сиғдириш қийин.

    1983 йилда очилган бу мемориал музей ҳам, 2004 йилда иш бошлаган экспозициялар зали ҳам 2 қаватли. Кўргазма залида шоирнинг болалиги, ўсмирлиги ўтган XX аср бошларидаги Тошкент тасвири, эски шаҳар манзаларидан тортиб, умрининг сўнгига қадар бўлган воқеликлар акс этган. Ғафур Ғулом савод чиқарган ўша давр мактабларининг кўриниши, ўқув қуроллари, бўйралар бугунги ўқувчига, илми толибга қизиқ, албатта. Шоирга ота-онасидан қолган буюк алломаларнинг китоблари Ғафур Ғуломдек инсонни етказиб беришга хизмат қилгани билан ҳам қадрли. Мис кўза, лаганлар, мойжувоз каби рўзғор буюмлари бутун оиланинг кунига яраган бўлса, сиёҳдон, кулдон, телефон, ёзув машинкаси асосан Ғафур Ғуломга асқатган. Дунё янгиликларидан хабардор қилиб турган радиоприёмниги эса кўплаб шеърлари яралишига ҳам сабабчи бўлгандир, балки. Адиб яшаган уйнинг шинамгина макети — рамзий хона экспозицион залнинг бир бурчагидан ўрин олган. Унинг вассажуфтли шифти, тахмонга йиғилган кўрпачалар, чўғ солиб ишлатилган дазмол, қўйингки, барчаси кўп фарзандли оиланинг эл қатори кун кечирганини кўрсатиб туради.

    Ғафур Ғуломнинг тарбиячилик, ўқитувчилик, журналистик фаолиятидан гувоҳлик берувчи суратлар унинг болаликдан тиниб-тинчимагани, тириклик кўйида турли юмушларни қилиб кетаверганини яна бир бор ёдга солади. Ёзувчи асарларига ишланган суратлар, “Шум бола” қиссасига бағишланган бўлим, айни пайтда бутун дунёга машҳур бу асарнинг қўлёзмаси, унинг “Довдираш” деб номланган биринчи нашри, турли тиллардаги таржимаси қанчалар ғурур беради кишига.

    Экспозицияларга назар солар экансиз, Ғафур Ғуломнинг илмий фаолиятига доир маълумотлар унинг чиндан-да биринчилардан бўлиб академик унвонига муносиб бўлганини кўрсатади. 60 йиллик юбилейи тантаналари акс этган фотосуратлар эса ҳукуматнинг шоирга бўлган юксак ҳурматини тарихга муҳрлаган. Туркман, қозоқ ижодкорлари совға қилган миллий кийимлар нафақат миллатимиз, балки кўплаб халқларнинг Ғафур Ғуломга нисбатан самимий меҳрини ифодалаб турибди. Чет эл нашрларида у ҳақида чоп этилган мақолаларни кўриб яна бир карра фахрланасиз. Адибнинг ўзбек таржимачилигига қўшган меҳнати саралари бизлармиз, дегандек Шекспирнинг “Отелло”, “Қирол Лир”, Нозим Ҳикматнинг “Бир севги афсонаси” асарлари ойна ортидан қараб туради.

    Ҳайкалтарош Райҳон Шоабдурасулова “Шум бола” асарига ишлаган ҳайкал — Қоравойнинг тандирдан чиқиб турган ҳолати асарга ишланган фильмни ёдга солади. Уруш йилларида ёзилган шеърлар, етимлик изтироблари акс этган суратларнинг барчаси бизни ва эртамиз эгаларини Ғафур Ғуломга яқинлаштиради. Шу маънода музейлар чинакамига тирик тарих, улуғвор маскан, маданият, маънавият ўчоғи эканини яна бир бор тушуниб етамиз.

    Дастлаб экспозицион қисмга саёҳат қилган ҳар қандай киши мемориал музей томонга ўтмай кетгиси келмайди. Музей 2 та бинода бўлгани сабаб бу борада бироз қийинчилик туғилаётганига гувоҳ бўлдик. Негаки, ходимлар камлиги боис, кўргазма залидаги кузатувчи меҳмонларни мемориал қисмга ҳам ўзи олиб ўтиши керак бўлади. Аслида эса, ҳар икки томонда таништирувчи, кузатувчилар алоҳида бўлса, янада мақсадга мувофиқ бўларди, энг муҳими ходимларнинг ҳам, келувчиларнинг ҳам вақти тежалади.

    Зеро, Ғафур Ғуломнинг ўзи айтганидек,

    Фурсат ғаниматдир шоҳ сатрлар-ла

    Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

    Вазифамиз — биз учун шараф

    Яккасарой туманининг Ракатбоши маҳалласида жойлашган Юнус Ражабий уй-музейига юртимизнинг турли ҳудудларига мансуб зиёратчилардан ташқари Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа санъати институти, санъат олийгоҳлари талабалари, мусиқа мактаблари ўқувчилари, санъат ихлосмандлари тез-тез келиб туради. Санъаткорнинг фарзанди Ҳасан Ражабийнинг хотирлашича, шу кўчадан Абдулла Қаҳҳор уй-музейини ташкил этиши масаласида ўтиб бораётган ўша пайтдаги Ёзувчилар уюшмасининг раиси Ўлмас Умарбеков “мана шу уйни ҳам музей қилиш керак”, дея бир гуруҳ ёзувчилар эътиборини Юнус Ражабий хонадонига қаратган экан. Шу гап туртки бўлиб, 1997 йилда очилган бу уй-музейда миллий мусиқамиз дарғаси, академик Юнус Ражабий умрининг сўнгги 20 йилини яшаб, ижод этган. 20 дан ортиқ мусиқали драма, 200 дан зиёд бетакрор куй ва қўшиқлар, симфоник асарлар муаллифининг уй-музейига кирсангиз, XX асрнинг 50-йилларига тушиб қолгандек бўласиз. Бу ердаги 7000 мингга яқин экспонат орасида Юнус Ражабийнинг шахсий буюмлари, ҳунармандлик намуналари, шогирдлари ва мусиқа ихлосмандларининг кўплаб совғалари, ҳукумат томонидан берилган юксак орден ва медаллар бор.

    Буюк санъаткорнинг 6 жилдлик “Шашмақом”дек халқимиз мусиқий меросини нота билан ёзган иш столидаги “Прима” сигарети қутиси, ўчирғич, қалам ҳам ижод машаққатига бир ишора холос. “Ўзбек халқ мусиқаси” номли салмоқли нота ёзувлари ва ашула сўзларининг ҳатто русча таржималари берилган асарни яратиш ҳам осон кечмаган. Бу ноёб асарлар, Юнус Ражабийнинг куйлар чалиб нотага олган қадрдон дутори, ўқиган ва ёзган китоблари аччиқ чой билан ўтказилган бедор тунларнинг жонсиз гувоҳларидир. Устки кийимбошлар ва оёқ кийимлар шундай сақланганки, гўёки санъаткор уларни ҳозиргина ечиб кетгандек.

    Бир пайтлар Юнус Ражабий чучвара гўштини хафсала билан атайин ўзи тўғраб берган чоғроққина ошхона ҳам ўша даврларга хос бўлган экспонатларга тўла. “Ёшлик йиллари” деб номланган бу хонадаги мис буюмлар, санъаткор 13 фарзанди (Юнус Ражабийнинг ўзи ўн олтинчи фарзанд бўлган) билан бекаму кўст яшаган Чақар маҳалласидаги эски уйнинг (ҳозирги Халқлар дўстлиги майдони ёнидаги банкнинг ўрнида) макети, аёли рўзғорда ишлатган буюмлар ҳам сизни алланечук ҳисларга чулғайди. Санъаткорнинг онаси — 110 йил умр кўрган Ойша Бибига тегишли буюмлар экспонатларнинг энг қадрлиси. Ойша Биби қўли билан тикилган сўзана, чок машинаси, ип йигирадиган мосламалар, ҳавонча, гул босилган патнислар, қумғон, мис обдасталар, мошкичири ковлайдиган ёғоч капкирларнинг бари ота-боболаримиз турмуш тарзининг ойнаси гўё.

    Бу ерда “Бобурнома” китобида тасвирланган чолғу созига қараб ишланган ғижжаки Бобурий, тўйларда чалинадиган карнай-сурнай, қўшнай, ғижжак, най созларининг ҳам тасвири, ҳам ўзини кўрасиз. Фарзандларининг айтишларича, дутор созида чертишнинг устаси сифатида танилган Юнус Ражабий най сози бўйича кучли мутахассис экан. Ўпкаси шамоллаши ҳисобига докторлар тавсияси билан сўнгги пайтларда дутор созида чалишга мажбур бўлган.

    “Ўзбек халқ чолғулари” залида эътиборни тортажак чолғулар халқ ҳофизи Ҳасан Ражабийнинг шахсий коллекциясидан. Улар орасида косаси қовоқдан ясалган Ҳиндистон ситор мусиқа асбоби алоҳида кўзга ташланади. Деворда осиғлиқ устоз ва шогирд шажараси, ижодий шажара жараёнларга қизиққан талабалар учун айни муддаодир. 70 ёшли юбилейида Қори Ниёзий, Абдулла Қаҳҳор билан бирга тушган суратлари, санъаткор чалган пианино, 500 дан ортиқ ашулани жамлаган грампластинкалар адабиётимиз, мумтоз мусиқамиз билан боғлиқ ширин хотираларни уйғотиб юборади.

    Иккинчи қаватга чиқиш учун зинадан кўтарилар экансиз, деворга ўрнатилган катта паннога кўзингиз тушади. Санъаткор таваллудининг 100 йиллигига совға тариқасида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзаев чизган бу паннода Алишер Навоий, Бобур, Хожи Абдулазиз Абдурасулов, Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Левич Бобохонов каби улуғ мутафаккирлар сиймолари акс этган. Зина шашмақом хонасига олиб чиқади. Грампластинкага ёзилган бебаҳо мақомлар ва ноёб қўлёзмаларнинг бари шу ерда сақланяпти. Катта кутубхонадан чиққингиз келмайди. Шунингдек, уй-музейда санъаткорнинг 20 дан зиёд мусиқали драма асарларига ёзган куй ва ашулалар қўлёзмалари ҳам асраб келиняпти.

    — Серфарзандлигимга қарамай, шу ерда ишлайман. Чунки мен учун бобомизнинг бой меросини таништиришдан ҳам шарафлироқ вазифа йўқ, — дейди санъаткорнинг набираси Камола Нажмиддинова.

    Уй-музейларида буюкларимизнинг руҳини шод этиш мақсадида ишлаётган мана шундай давомчилар борлиги учун ҳам бу даргоҳлардаги ҳар битта буюм кўз қорачиғидек сақлаб келиняпти.

    Юнус Ражабий уй-музейи ҳам очилганидан буён таъмирланмаган. Шифтлар, деворлардаги дарз кетган жойлар таъмирланиши, музейга қўшимча қилиб қурилган хонанинг орасида қолган ёриқ хавфининг чораси кўрилиши жоиз. Зеро, музей ходимлари бу хонада фотосуратлар галереясини барпо этиш ниятида. Айтиш жоизки, мазкур музей уй-музейлари орасида энг суратларга бойи. Галереяда буюк устознинг авлодларию шогирдлари, мақомчиларнинг фотопортретлари, музейга келтирилган ноёб ашёлар жамланади. Бебаҳо ижро ёзувларини ёзиб олиш студияси ва аппаратураларини авайлаш учун ҳам музейга янада кўпроқ эътибор қаратилса, миллий мусиқамиз ривожига ҳали неча юз йиллар хизмат қилади.

    Келувчилар қанча кўпайса, шунча хурсанд бўламиз

    Пойтахтимиздаги “Малика” савдо мажмуидан салгина ўтиб, Уста Ширин кўчасига келиб олсангиз, Ойбекнинг уй-музейини топиш қийин бўлмайди. Негаки, барча музейларга қўйилгани каби ишораларнинг ўзи сизни тўғри ёзувчининг Ифтихор кўчасидаги икки қаватли уйига бошлаб боради. Болахонали пастакроқ ёғоч дарвозадан кириб боришингиз билан чап қўлда экспозицион, рўпарада мемориал музейга кўзингиз тушади. Ҳар иккала бино остонасидаги зиналар кўчиб, деворларнинг ранги ўчиб қолган бўлса-да, Ойбек ва Зарифа Саидносировага бахт ато этган бу ҳовлининг истараси ҳамон иссиқ. Музейнинг мемориал қисмида бир асар устида ишланаётгани учун суҳбатимизни экспозицион томонда олиб бордик. Бироқ музей илмий ходими Гулчеҳра Шокирова билан мулоқот чоғи 6 хонадан иборат мемориал қисмдаги фондда янги ускуналарга эҳтиёж катта эканини англадик. Зеро, фондни бир хил ҳароратда ушлаб туриш, камида 70–80 йиллик экспонатларни жуда эҳтиётлаб сақлаш керак.

    Ойбек ҳовлига қараб ижод қилган очиқ айвондан ичкари томон юрилса, ўнг қўлда шинамгина хона кўзга ташланади. Хона биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносирова ва унинг отаси Саидносир Миржалиловни эсга солувчи расм, ҳужжат, буюмлар, Зарифахоним чизган табиат манзаралари билан файзли.

    Кейинги хоналардаги Ойбек яшаган Шайхонтоҳур муҳитини акс эттирувчи суратлар, адиб туғилган “Говкуш” маҳалласи тасвири хаёлингизда “Болалик” асарини жонлантиради. Бу ерда ҳам ёзувчининг оиласига хизмат қилган уй-рўзғор буюмларига қизиқсиниб қараймиз. Оила аъзолари, яқинлари суратлари тобора ёзувчининг оиласи билан яқинлаштиради.

    “Қутлуғ қон”, “Навоий” романлари тарихига бағишланган хоналар, ғоят таҳликали бир пайтда ёзилган “Қутлуғ қон”нинг қўлёзмаси йирик асар устида ишлашнинг не чоғли машаққат эканини изоҳлашга сўз қолдирмайди.

    Ойбекнинг сурати туширилган, ҳатто шеърлари битилган турли хил идишлар бир пайтлар кимлардир юзига қора чаплаган адиб ижодининг чинакам мухлислари, иштиёқмандлари кўплигидан далолат беради.

    Мазкур уй-музейида ҳам газеталардаги мақолалар, адиб фаолиятига доир турли ҳужжатлар, учрашувлар муҳрланган тасвирлар, адибнинг оиласи, фарзандларига ёзган телеграммалари, олис сафарлардаги суратлари ёзувчи ижодига чуқурроқ кириб боришга ундайдики, “Ойбегим менинг” асарини яна бир бор ўқигингиз, музейда кўрганларингиз китобда қандай акс этганини билгингиз келади.

    35 йилдан буён шу даргоҳда ишлаётган, ҳар куни эрталаб келиб, Ойбек домлага салом беришга одатланиб қолган уй-музей илмий ходими Гулчеҳра опа билан суҳбатлашиш жараёнида бир нарсадан жуда хурсанд бўлдик. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган ижодкорлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш олийгоҳларга бириктириб қўйилгани ушбу музей ҳаётида ҳам муҳим омил бўлаётган экан.

    — Аввал ўқитувчилар, талабаларнинг ташрифи бунчалик кўп бўлмас эди, — дейди Гулчеҳра опа. — Ойбек ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига топширилгач, ўқитувчилар-у талабалар бу ерга тез-тез келиб, семинарлар, тадбирлар ўтказадиган бўлди. Номдор стипендияга лойиқ кўрилган талабалар илмий ишлар олиб боряпти. Улар учун ҳамиша эшигимиз очиқ. Қолаверса, Ойбек ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ ҳар қандай тадбирга бажонидил ҳовлимиздан жой беришга тайёрмиз.

    Опанинг гапларидан хурсанд бўлдик. Адиб ўз қўли билан эккан улуғвор арчага баслашиб ўсаётган ҳовлидаги бошқа дарахтлар, анвойи гуллар, айниқса, баҳор пайти уйнинг кўркига кўрк қўшишини тасаввур қилдик. Ижодкорнинг чет эллик ихлосмандлари-да келиб турадиган бу қутлуғ даргоҳга ҳам аслида бир чимдим меҳр ва эътибор кифоя.

    Уй-музейлари тарихнинг бир парчаси-ку...

    — Мен музейшунос эмасман, аммо икки йил давомида бир неча уй-музейларида бўлиб, улар фаолияти, шарт-шароити билан танишиб, раҳбар ва ходимлари билан мулоқотда бўлиб, бу борадаги фикрларимни “Янги Ўзбекистон” газетаси орқали мутасаддиларга етказишни лозим топдим, — дейди журналист Нуриддин Очилов.

    Ҳамкасбимиз Абдулла Қаҳҳор уй-музейи мисолида ютуқлар билан бирга тизимдаги муаммоларни ҳам тилга олади.

    — Абдулла Қаҳҳор уй-музейида бир қарашда ҳамма нарса рисоладагидек. Икки қаватли уйдан иборат мўъжазгина ҳовли шинам, тоза-озода. Баҳордан кеч кузгача атиргул ва райҳонлар кўзингизни яшнатади. Қулочларини тўрт томонга ёзган катта хурмо дарахти қийғос гуллаб, ҳовлига ўзгача бир чирой бахш этганлигидан дилингиз яйрайди. Директор ва ходимларнинг самимий, хушмуомала, камтар ва ишчанлигини кўриб, ёшлардан иборат бу аҳил жамоага ҳавасим келади, мулоқотларимиздан хурсанд бўламан. Икки йил давомида на директордан, на ходимлардан бирон бир шикоят ёки нолиш эшитмадим. Назаримда улар етар-етмаслик ҳақида сўз очишдан уялар, бундай фикр хаёлларига ҳам келмас эди чоғи. Аммо музей биноси бунёд этилгандан буён астойдил таъмирланмаганини деворларининг дарз кетиб, қорайиб қолгани, пол ва жиҳозларининг ранги ўчиб, лиқиллаб турганидан билиш қийин эмас. Хизмат кўрсатиш воситалари ҳам аллақачон бурчини ўтаб бўлган. Эшитишимга қараганда, музейни таъмирлаш ва бир донагина компьютерга эга бўлиш учун тегишли ташкилотларга илтимос хатлари ёзилиб, тақиллатилмаган эшик қолмабди. Ўзим адиб уй-музейини таъмирлатиш учун икки йил югуриб, ниҳоят ниятимга етганимда, директорга осон эмаслигини чуқурроқ ҳис қилдим.

    Яхшиямки, пойтахтда йигирма-ўттизта эмас, бор-йўғи ўн битта уй-музейи бор. Шуларни кўрса кўргудек қилиб, ички туризм “Йўл харитаси”га киритилса, зарар бўладими? Ахир, уй-музейлари ҳам илм, маънавият ва маърифат масканлари-ку! Нега уларни кўриб, кўрмаганликка, билиб, билмаганликка оламиз? Бундан кимга фойда-ю, кимга зарар? Ёки улар “маданий мерос”нинг қолипига сиғмайдими? Балки “оғримаган бошимни оғритиб нима қиламан”, деган айрим мутасаддиларга уй-музейи тарихнинг бир парчаси, қадрият, маънавият ва маърифат ўчоғи, илмий маскан эканини, ёшларимизни ўз халқининг машҳур кишилари ҳаёти ва эл-юрт равнақи йўлидаги олижаноб ишлари билан яқиндан таништиришда, тарихимиз ва қадриятларимизнинг маълум бир қирраларини ёдга солиб тургувчи қутлуғ бир даргоҳлигини ётиғи билан тушинтирмоқ керакдир?!

    Шунингдек, уй-музейлари (айниқса, экскурсия ўтувчилар) ходимларининг малакасини (билимдонлигини) мунтазам ошириб бориш лозим. Агар, таништирувчилар ўтлаб кетса, (шунақаси ҳам бор) билингким, у бугун бўлмаса, эртага бизни уялтириб қўйиши ҳеч гап эмас. Уй-музейларидаги иш кўлами ва талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда ходимлар сони ҳам шунга мувофиқ бўлса, ишнинг сифат ва самараси ортмай қолмайди.

    Уй-музейлари миллатимиз буюкларининг намунали ҳаёти, ибратли фаолияти тимсоллари. Шу маънода айни кунларда улар билан боғлиқ масалалар ечимига киришилгани қувонарли. Ўйлаймизки, бу борадаги хайрли ишлар яқин келажакда уй-музейларида ишлашни орзу қиладиган фидойи ёшларни тарбиялашга хизмат қилади.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates