Cаноатлашаётган воҳа

    Куни кеча давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Вилоятда жорий йилда умумий қиймати 11 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 125 та ҳудудий лойиҳа тайёрланган.

    Шундан 296 та корхона саноатга доир, 449 таси хизмат кўрсатиш соҳасида, 380 таси эса қишлоқ хўжалиги тармоғида ташкил этилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 19 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Янги барпо этиладиган корхоналарда йилига 6 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш мўлжалланган. Бу 131 миллион долларлик импорт ўрнини босиш, 180 миллион долларлик экспорт қилиш имконини беради.

    Қашқадарё — қадимий маскан. Бу кўҳна тупроқ ўз бошидан жуда кўп тарихий воқеа ва ҳодисаларни кечирган. У улуғ шоирлар, алломалар, қолаверса, соҳибқирон Амир Темур ватани.

    Қашқадарё бугун чинакам тадбиркорлар ва саноат масканига айланмоқда. Бу ерда 3 миллион 300 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Воҳа йилдан йилга ўз мавқеи ва салоҳиятини тиклаб бормоқда. Буни бугун боғ-роғлар, равон йўллар, йўл четидаги катта-кичик савдо дўконлари, туман ва шаҳарларда қад ростлаётган корхоналар мисолида яққол кўриш, сезиш мумкин.

    Вилоят саноати изчил ривож топмоқда

    Бунда енгил саноат, хусусан, тўқимачилик салмоқли ўрин тутади. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки тўқимачилик маҳсулотларига нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам талаб юқори. Ана шу талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, ўтган йил октябрь ойида Шаҳрисабз туманида синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Oqsaroy Vortex” корхонаси иш бошлади.

    Корхона сунъий ва табиий толадан бир йилда 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми 7 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа қиймати — 15 миллион доллар.

    Табиий саналган пахта толасидан тайёрланган маҳсулотлар нафақат юртимиз, балки дунё бозорида ҳам харидоргир. Аммо унга талаб мавсумий бўлиб, сунъий матоларга йилнинг тўрт фаслида ҳам эҳтиёж бор. Шу боис, корхонада вискоза ва полиэстер каби сунъий толадан мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Ўзбекистонда шу пайтгача бундай газлама тайёрланмаган. “Oqsaroy Vortex” корхонаси юртимизда бу ишга биринчи бўлиб киришди. Корхона мавсумий эмас, йил давомида ишлайди, фақат импортга қарам бўлиб қолмайди.

    — Вискоза табиий целлюлоза к имёвий усулда қайта ишланганидан сўнг олинадиган сунъий тола саналади. У деярли ҳар бир ўсимлик таркибида учрайди, — дейди “Oqsaroy Vortex” масъулияти чекланган жамияти директори Дилшод Қосимов. — Бироқ у, асосан, дарахт қипиғидан олинади. Вискозадан тўқилган газламани бўяш осон, гигиена талабларига жавоб беради, хомашёси ҳам нисбатан арзон. Унга пахта ва полиэстер қўшилиб, турли-туман газламалар тайёрланади. Вискозадан тикилган кийим юмшоқлиги, момиқлиги, салқин тутиши, сувга чидамлилиги билан ажралиб туради. Шу боис, ундан тикилган маҳсулотнинг бозори чаққон. Буюртмани олдиндан оламиз. Мижозларимиз етарли.

    Корхонада айни пайтда 20 рангда сунъий мато ишлаб чиқариляпти. Бир суткада 20 тоннагача маҳсулот тайёрланади. Иш уч сменада ташкил этилган. Япониянинг “Murata” компанияси замонавий тўқимачилик технологиялари иш унумдорлиги ошишида муҳим омил бўляпти. У бир қатор афзалликларга эга. Ушбу технология воситасида калава ип тўқилаётганда тола марказлашган аэродинамик ҳаво босими орқали ўтади. Натижада ип янада майинлашади, сифати ошади.

    — Тўқув дастгоҳлари, асосан, Германия ва Япониядан олиб келинган, улар энг замонавий дастгоҳлар сирасига киради, — дейди Туркиядан жалб қилинган технолог Адимбей Жейхан. — Бир дақиқада 500 метр ипни ўрай олади. Бундай тезликда ишлайдиган дастгоҳлар ҳали МДҲ мамлакатларида йўқ. Россиялик тадбиркорлар нафақат маҳсулотларимиз, балки дастгоҳларимизга ҳам қизиқмоқда.

    — Иш сўраб маҳаллага мурожаат қилгандим, мени шу корхонага тавсия этишди, — дейди Нодира Кенжаева. — Ишли бўлганимдан ва шу корхонада ишлаётганимдан жуда хурсандман. Ишни асосан техника бошқаради. Биз эса уни кузатамиз, маҳсулот сифатига эътибор қаратамиз.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоят ига ташрифи чоғида “Oqsaroy Vortex” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишган, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам шундай тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш бўйича кўрсатма берган эди. Ана шу топшириққа асосан, жорий йилда ушбу корхона ёнида яна битта тўқимачилик фабрикасини барпо этиш, калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. У бир йилда 7 минг тонна калава ип, 2,1 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. 700 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, жорий йилда пахтани қайта ишлаш заводини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган. Унда 600 га яқин янги иш ўрни очилади.

    Бундан ташқари, вилоятнинг Яккабоғ ва Қамаши туманларида ҳам тўқимачилик корхонаси барпо этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳри сабз, Яккабоғ ва Қамаши туманларида пахта кластерлари ташкил этилган. Фермер хўжаликларида етиштирилган пахта шу ернинг ўзида қайта ишланади.

    Хитойлик инвесторлар ҳам фабрика, ҳам завод қуришяпти

    “LT Textile International” корхонаси тўлиқ хитойлик инвесторлар маблағи эвазига бунёд этилган. Унинг биринчи босқичи 2017 йил июль ойида фойдаланишга топширилди.

    Ушбу лойиҳа қиймати — 100 миллион доллар. Унинг илк босқичида пахта толаси қайта ишланиб, калава ип тайёрланяпти. Бир йилда 22 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга. Фабр ика майдони 64 минг квадрат метрни ташкил этади. Бошқа туманлардан келиб ишлайдиганлар учун 500 ўринли ётоқхона қурилди.

    Фабрикада кунига ўртача 55 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. Жами 630 нафар ходим меҳнат қилади. Шундан 32 нафари хитойлик мутахассислар. Айни пайтда маҳаллий аҳолидан иккинчи фабрика учун мутахассислар тайёрланяпти.

    2019 йилдан буён калава ип ишлаб чиқарадиган яна бир фабрика қуриляпти. Бу ерда ҳозир дастгоҳлар ўрнатилмоқда. Уни жорий йилнинг июнь ойида ишга тушириш мўлжалланган.

    — Лойиҳанинг иккинчи босқичи ип йигириш ва тўқиш фабрикасини ўз ичига олади, — дейди корхона бош директори Чен Жи. — Йигириш фабрикасида бир йилда 22 минг тонна калава ип тайёрланади. Тўқиш фабрикаси эса 13 миллион метр газлама ишлаб чиқариш қувватига эга. Бир йилда 92 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.

    Корхонада Германия ва Швейцария дан келтирилган замонавий, энергия тежайдиган тўқимачилик дастгоҳлари ўрнатилган. Пахтани титиш, қайта тозалаш ва тараш, йигириш ва ўраш линиялари ишга туширилган.

    — Учинчи фабрикани жорий йилнинг охиригача ишга туширишни мўлжаллаганмиз, — дейди ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Лю Менг. — У асосан газлама ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Фаб рикаларимиз аслида ўтган йили ишга тушиши керак эди. Пандемия туфайли режамиз орқага сурилди. Учинчи фабрика ишга тушиши билан 300 га яқин ишчи ўрни яратилади. Қашқадарёда етиштириладиган пахта толаси тоза ва сифатли. Шу боис, ундан тайёрланадиган маҳсулот жаҳон стандарти талабларига жавоб беради.

    Корхона ишчилари, асосан, 20-35 ёшдаги маҳаллий ёшлардан иборат. Фабрика маҳсулотининг асосий қисми экспортга мўлжалланган. Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 90 фоиздан кўпроғи 16 мамлакатга экспорт қилинмоқда.

    Хитойлик мутахассислар ишчиларга замонавий дастгоҳларда ишлашни ўргатишяпти. Бундан ташқари, 60 га яқин маҳаллий мутахассис Хитойда касб маҳоратини ошириб қайтди.

    — Хитойда ҳам ўқидик, ҳам иш ўргандик. Уч ярим ой корпорацияга қарашли корхоналарда замонавий дастгоҳларда ишлашни ўзлаштирдик, — дейди корхона ишчиси Анвар Ниёзов. — Хитойда ҳар бир ишчи ўз ишини сифатли ва мукаммал бажаришга интилади. Зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қилади. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш ривожига таъсир этади. Ишчига ишининг сифатига қараб ҳақ тўланади. Маҳсулотнинг сифатли бўлиши жуда муҳим. Янги келган ходимга хатосиз ишлаш, эътиборли ва талабчан бўлиш, хавфсизлик ва тартиб-интизомга риоя қилиш ўргатилади.

    Хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этилаётган бундай корхоналар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

    Кичик саноат зоналари — ёш тадбиркорлар маскани

    Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлари форумида эркин иқтисодий зоналар бўйича тўпланган тажриба асосида ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналарини ташкил этиш, унда ёшларнинг бизнес лойиҳаларини жойлаштириш ҳақида гапирган эди.

    Ана шунга асосан, Қарши шаҳридаги “Хонтепа” маҳалласи ҳудудида

    ёшлар кичик саноат зонаси ташкил этилди. Умумий майдони 2 гектар бўлиб, 20 та лотга ажратилган. Унда 18 нафар йигит-қиз умумий қиймати 20 миллиард 372 миллион сўмлик бизнес лойиҳаси билан иштирок этмоқда. Бунинг натижасида “Ёшлар дафтари”га кирган йигит-қизлар учун 320 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

    Ушбу кичик зонада енгил саноат маҳсулотлари, металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, турли техник жиҳозлар, мебель ишлаб чиқариш, ойнага ишлов бериш каби бир қатор фаолият йўлга қўйилади.

    — Ўзимнинг сармоям бор эди. Шунга мос бизнес режа туздим, аммо уни амалга ошириш учун жой тополмай юргандим. Ёрдам сўраб Ёшлар ишлари агентлигига мурожаат қилдим. Улар саноат зонасидан 400 метр квадрат жой ажратиб беришди, — дейди “Taraqqiyot hamkor qurilish” МЧЖ директори Фарҳод Кичкинаев. — Натижада замонавий МДФ эшиклар, ошхона, ётоқхона ва офис учун мебеллар, ёғочдан столстул ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Лойиҳа қиймати 1 миллиард сўмни ташкил этади. Ҳозир 15 нафар ёшни ишга олдим. Яна шунча янги иш ўрни яратиш ниятидаман.

    Давлатимиз раҳбари ёшлар форумида ижтимоий сўровлар аксарият ёшларимизда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малака етишмаслигини кўрсатгани, демак, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлаганди.

    Шундан келиб чиққан ҳолда вилоятда ёшларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш йўлга қўйилди. Ёш тадбиркор Фарҳод ҳам Ўзбекис тон савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги “Exclusive education and business” ўқув марказида таҳсил олди.

    — Сидқидилдан ва ҳалол меҳнат қилган одам ўз мақсадига, албатта, эришади, — дейди Фарҳод. — Мебелларимизга талаб ва эҳтиёж юқори. Маҳсулотларимиз вилоятдаги ҳар бир оила ва хонадонга кириб боришини ният қилганмиз. Келгусида Хитойдан янги дастгоҳлар олиб келишни, бир йиллик даромадимизни 10 миллиард сўмга етказишни режалаштирганмиз.

    Президентимизнинг 2020 йил 1213 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида тадбиркорликни ривожл антириш асосий йўналиш сифатида белгиланди.

    Давлатимиз раҳбарининг: “Вилоятда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Ҳокимлар ҳар ҳафтада бир кунни ёшлар билан ишлаш куни деб эълон қилиб, уларнинг муаммолари билан шуғулланади”, деган топшириғи бугун Қашқадарёда ўз натижасини бермоқда.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates