Чирчиқ дарёсида қум-шағал қазиб олиниши натижасида табиатга 80 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди

    Тошкент шаҳри, Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг муҳофаза минтақасида 1 дона экскаватор ва 2 дона юк машинаси ёрдамида қум-шағал қазиб олиниб, ўрнига қурилиш бетон қолдиқлари жойлаштирилаётгани аниқланди.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Экологик назорат инспекциясининг маълум қилишича, бу ишлар «ГРМ» МЧЖга тегишли техникалар ёрдамида ҳеч қандай рухсатномасиз амалга оширилган.

    Маълум бўлишича, Сергели тумани ҳокимининг 2019 йил 26 августдаги фармойишига асосан Сергели тумани, Қурувчи даҳаси, 25-уйда жойлашган 2,26 гектар ер майдони ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида «ГРМ» МЧЖга бириктириб берилган. Фармойишнинг 3-бандида мазкур ҳудудда дарахт ва гул кўчатларини экиш белгиланиб, 4-бандида бириктирилган ҳудудда қурилиш ва бошқа чиқиндиларни жойлаштириш жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирилган.

    Фармойиш талабларига амал қилинмагани оқибатида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг 22-моддаси ҳамда «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддаси талаблари бузилган. Табиатга қум-шағал қазиб олиниши натижасида 21,4 миллиард, чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилиши натижасида эса 112,5 миллион сўмга яқин зарар етказилган.

    Бундан ташқари, Бош прокуратура хатига асосан Тошкент шаҳри, Сергели туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг бошқа бир қисмида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада дарёнинг муҳофаза зонаси ва қирғоқ бўйида тахминан 4 гектарга яқин майдонда қазиш ишлари амалга оширилганлиги маълум бўлди. Табиатга етказилган зарар миқдори эса қарийб 62,3 миллиард сўмни ташкил қилди.

    Юқоридаги ҳар икки ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида барча ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.