Чирчиқ инновацион, инвестицион шаҳарга айланади

    18–19 март кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Чирчиқ шаҳрида ҳам бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишди.

    Маълумки, давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ҳудудларига ташрифи чоғида маҳалла тизими, унинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, "Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, "Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси" эканини қатъий таъкидлаб ўтади.

    Президентимиз Чирчиқдаги "Ифтихор", "Шодлик", "Лола" маҳаллаларида бўлганида кўп қаватли уйларда яшаётган одамлар, меҳнат фахрийлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари хонадонларига кириб, улар билан самимий суҳбатлашди.

    Давлатимиз раҳбари чирчиқликларни Наврўз байрами билан табриклаб, шаҳарни мутлақо бошқача бир қиёфага келтиришни, қурилишлар, ички йўллар, электр энергия ва газ, керак бўлса, Тошкентга қулай бориб келиши учун поездларни йўлга қўйиш, керак бўлса, Тошкентдан Чирчиққа қараб ерусти метросини ҳам қуриш ҳақидаги фикрларини баён этди.

    Таъкидлаш лозимки, Чирчиқ шаҳри – Тошкент вилоятининг энг йирик бешта шаҳридан бири ҳисобланади. Пойтахтга яқинлиги, ишлаб чиқариш корхоналари кўплиги аҳоли сони ва уй-жойга бўлган талаб ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

    Шаҳарнинг "Шодлик" маҳалласида қурилган 4 та 16 қаватли уй аҳолининг ўсиб бораётган талабини таъминлашга қаратилган. Уларда жами 288 хонадон бўлади. Тўрталаси ҳам шу йил фойдаланишга топширилади.

    Ушбу уйлар қисқа муддатда қуриб битказилади. Зилзилабардошлиги юқори, замонавий Hi-Tech усулида бунёд этилган. Йўлаклари кенг, ҳар бир йўлакка иккитадан лифт ўрнатилган. Чунки, бу уйларда хонадонлар сони кўп. Бу – Тошкент вилоятида қурилган дастлабки 16 қаватли уйлар бўлиб, Чирчиқ шаҳрига янги қиёфа бахш этган. 17 та хонадон ногиронлиги бор ҳамда уй-жойга муҳтож аёлларга, 15 таси ўз соҳасида алоҳида ўрнак кўрсатаётган ёш оилаларга ажратилган.

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи давомида Чирчиқ шаҳрини ривожлантириш бўйича бош режа муҳокама қилинди. Янги турар жойлар қуриш, эски уйларни реновация қилиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги айрим ишлаб чиқариш корхоналарини шу ерга кўчириш ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

    – Чирчиқни инновацион, инвестицион шаҳар қилиш мумкин. Шунинг учун ҳамма биноларни инвентаризациядан ўтказиш керак. Бу ерда ҳамма инфратузилма бор. Автомобиль ва темир йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш керак. Қулайлик яратилса, аҳоли ҳам, ишбилармонлар ҳам келади, – дея алоҳида урғу берди давлатимиз раҳбари.

    Президент Чирчиқ шаҳар иссиқлик таъминот корхонасини ҳам бориб кўрди.

    Чирчиқ шаҳрида жами 911 та кўп қаватли уйга 14 та қозонхона хизмат кўрсатади. Шулардан бири 1957 йилда қурилган. Бу қозонхона очиқ тизимда ишлайди. Яъни, шаҳар ичимлик суви тармоғидан сув олиб, уни иситиб, хонадонларга тарқатади. Бу ортиқча сув ва газ ёқилғиси сарфини юзага келтираётган эди. Лойиҳанинг қиймати 16 миллион доллардан зиёд бўлиб, Жаҳон банки кредити асосида молиялаштирилади.

    Бу мамлакатимизда татбиқ этилаётган дастлабки пилот лойиҳа бўлиб, Чирчиқ шаҳрида ҳам жорий этилиши кўзда тутилган.

    Шу ернинг ўзида вилоятда электр энергияси, иссиқлик, ичимлик суви таъминоти ҳамда шаҳарларда коммунал хизматларни яхшилаш бўйича режалар тақдимоти ўтказилди.

    Тошкент вилоятида энг кўп юқори қаватли уйлар Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида жойлашган. Чирчиқдаги кўп қаватли уйларнинг 352 тасида иссиқлик таъминоти мавжуд, қолганларида бошқа турдаги мосламалар ўрнатилган ёки умуман иссиқлик таъминоти етиб бормаган. Бу аҳоли турмуши ёмонлашувига олиб келаётган эди.

    Президентимиз томонидан Чирчиқ шаҳрини замонавий инновациялар ва инвестициялар шаҳрига айлантириш, шу намуна асосида Тошкент вилоятининг бошқа шаҳарларини ҳам комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

    Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича асосий йўналиш ва вазифалар ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

    Аввало аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига эътибор қаратилди. Вилоятдаги 1 минг 48 та маҳалла билан манзилли ишлаб, "ўсиш нуқталари"ни ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш бўйича вазифалар қўйилди.

    – Чирчиқ бир пайтлар донғи кетган шаҳар эди. Охирги вақтларда анча "чарчаб" қолганди. Тегирмон навбати билан дегандек, энди бу ерда ҳам ҳамма шароитларни яратамиз. Саноатни кўтариш, иш жойлари очиш, йўлни, иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича катта ишларни бошлаяпмиз, – деди давлатимиз раҳбари.

    Дарвоқе, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18-19 март кунлари Тошкент вилоятига қилган ташрифи давомида Чирчиқ шаҳридаги "Ифтихор" маҳалласида яшовчи Азиза Алиқулованинг 7 ёшли ўғли Ҳусанжон Атхамов ва қизи Фотима Атхамова билан суҳбатлашиб, биргаликда эсдалик учун суратга тушган эди.

    Наврўз байрами муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов бу хонадонда меҳмон бўлди. Вилоят ҳокими Президент номидан уларга мебель, Ҳусанжонга эса Президент Шавкат Мирзиёев билан тушган ва давлат раҳбари дастхати туширилган суратни тақдим этди. Шунингдек, болаларга компьютер жамланмаси ва спорт анжомлари ҳам совға қилинди. Бундай юксак эътибордан Атхамовлар оиласи, айниқса, Ҳусанжон жуда хурсанд бўлди.

    Хулоса қилиб айтганимизда, давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давомида муаммолар борасида биз ёшларни ҳар доимгидек сезгир огоҳ, ҳар бир масалада энг аввало Ватан манфаатларини ўйлаб иш тутишимиз лозимлигини яна бир бор чуқур ҳис қилишимизда, теран англашимизда кучли туртки бўлди. Жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги куни, фаровон ҳаёти ва порлоқ келажаги учун барчамиз, шу жумладан, биз ёшлар ҳам дахлдормиз.

    Бу дахлдорлик ҳиссини барчамиз юракдан ҳис қилиб, Ватан олдидаги бурчимизни, фаол фуқаролик позициямизни мустаҳкамлашимиз лозим. Шундагини янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти ўртасидаги ўрни ва нуфузи янада ортиши шубҳасиз.

    Биз Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 11 мингдан зиёд талаба-ёшлари Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри ривожи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифаларни изчил адо этишга ваъда берамиз.

    Демак, яқин вақт ичида Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳримиз янада обод ва кўркам, файзли бўлади.

    Ҳабибулла ТУРСУНОВ,

    Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректорининг

    ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси,

    университет ёшлари етакчиси.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates