ЎзР ФА Миллий археология марказининг бир гуруҳ илмий ходимларидан иборат экспедиция Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Ғоз ва Қаттиқ-Қамиш қишлоқлари атрофидаги Оқтош тоғларида археологик қидирув-қазув ишларини олиб борди.
Экспедиция чоғида 1970 йилларда Ў.И. Исломов томонидан ўрганилган Қаттиқ-Қамиш 1,2 ва Ғоз 1 тошга ишлов бериш устахоналари ҳудудларида тадқиқотлар ўтказилди. Ў.И.Исломов ўз вақтида таъкидлаган кремнийлашган сланетс конлари аниқланди.
Бироқ ўтган ярим асрдан зиёдроқ вақт мобайнида ҳудудлардаги ишлов берилган тош буюмлар табиий таъсирлар натижасида аниқлаб бўлмайдиган даражада дефляцион ўзгаришларга учраган, шунинг учун экспедиция белгиланган ҳудудларда археологик тадқиқотлар ўтказишни мақсадга мувофиқ эмас топди.
Сўнгра экспедиция Ғоз қишлоғи атрофидаги Оқтош тоғи ҳудудида қидирув ишларини давом эттирди. Натижада ҳудуддан бир дона чўкичлаб ишланган дромедар туясининг тасвири топилди. Суратнинг ҳажми 75х90 см. Сурат текис юзали оҳактош қояга туширилган ва қуёшда куйган моғор билан қопланган. Ҳажмига кўра расмда ёш туя (бўталоқ) акс эттирилган.
Шунингдек, экспедиция ушбу ҳудуд бўйича этнографик ва географик тушунчаларини ошириш мақсадида маҳаллий аҳоли орасида суриштирув ишларини олиб борди. Натижада ҳудуддаги тош конларининг жойлашган ўрни, қоятош расмлардан ташқари маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг хонадонида қадимги отнинг бош чаноғи тўлиқ сақланаётгани ҳақида хабар топди ва уни бориб кўрди. Ушбу отнинг бош чаноғи сақланиш даражаси ва қадимги тупроқ ётқизиқларидан топилганига кўра бир неча миллион йиллар олдинги эканлиги тахмин қилинмоқда.
Ушбу топилма палеоантология соҳаси мутахассислари орасида катта илмий қизиқиш уйғотиши мумкин, дейилади ЎзР ФА сайтида.