Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Ўтказилган рейд тадбирларида Оҳангарон тумани, “Тошариқ” МФЙ, Истиқбол кўчасида яшовчи фуқаро Б.Д. соғлом ўсиш ҳолатидаги 2 туп шотут, 2 туп ёнғоқ ва 1 туп тол дарахтларини ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда таг қисмидан кесиб ташлаганлиги аниқланди.
Шунингдек, ҳуқуқбузар кесилган дарахт бўлакларини “Isuzu” русумли юк машинасига юкланаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан инспекторлар томонидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 464-сонли Қарорининг тегишли иловасига мувофиқ табиатга етказилган зарар 260 млн сўмни ташкил этди. Автотранспорт воситаси эса МЖтКнинг 291-моддаси тегишли бандига асосан вақтича жарима майдонига жойлаштирилди.
Маълумотларга кўра, иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Тошкент вилоят прокуратурасига юборилган.