Дастлабки эшитув институти қандай процессуал жараён ва унинг мақсади нима?

    АОКАда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов иштирокида ўтказилган брифингда мавзу юзасидан маълумот берилди.

    Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида қонунчилик базаси халқаро андозаларга уйғун тарзда такомиллаштириб борилмоқда. Бу жараёнда тараққий этган давлатлар тажрибасида муваффақиятли тадбиқ этилган институт ва тамойилларни миллий амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 майдаги "Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, суд жараёнида ишларнинг ошкора кўрилиши, тортишув тамойилини тўлиқ таъминлаш мақсадида жиноий-процессуал қонунчиликка 2021 йил февраль ойидан дастлабки эшитув институти жорий этилди.

    Хўш, дастлабки эшитув инс­титути қандай процессуал жараён ва унинг мақсади нималардан иборат?

    Бу саволларга жавобан шу­ни айтиш керакки, дастлабки эшитув жиноий иш юритувининг судгача ва судлов жа­раё­ни орасидаги чегарани бе­л­­­­ги­лай­ди. Бу институт суд муҳокамасига тайёргарлик кў­риш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари тикланишига, уларнинг суд ва тергов ор­ганлари идораларида беҳуда вақт сарф­лашига барҳам беришга, процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат томонидан ажратилган маблағлар мақсадсиз йўналтирилишининг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бир сўз билан айтганда, бу институт процессуал муддатлар сабабсиз чўзилишининг олдини олиш натижасида қо­нуний ва асосли қарор қабул қилинишига замин яратадиган босқич ҳисобланади.

    Келинг, шу ўринда статистик маълумотларга эътибор қаратайлик. Олий суд томонидан судлар томонидан 2021 йилда дастлабки эшитув институтининг қўлланилиши билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижаларига кўра 2021 йилда жами 61 263 нафар шахсга нисбатан 47 657 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, ушбу ишларнинг 163 нафар шахсга нисбатан 92 таси юзасидан дастлабки эшитув ўтказилган.

    Дастлабки эшитувларнинг 38 таси (41,3 %) жиноят ишини айблов хулосаси (далолатномаси) ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш; 25 таси (27,2 %) жиноят ишларини бирлаштириш; 20 таси (21,7 %) номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш; 9 таси (9,8 %) жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш юзасидан киритилган илтимосномалар асосида ўтказилган.

    Ўтказилган дастлабки эшитувлар натижасида жиноят ишларининг 39 таси (42,4 %) тегишли прокурорга юборилган, 24 таси (26,1 %) бирлаштирилган, 6 таси (6,5 %) тугатилган бўлса, номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисидаги илтимосномаларнинг 1 таси (1,1 %) қаноатлантирилган, 19 таси (20,7 %) рад этилган ҳамда жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш ҳақидаги илтимосномаларнинг 3 таси рад этилган.

    Дастлабки эшитув инс­ти­ту­тининг мақсади — суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўл­ган процессуал қонун бузилишларининг олдини олибгина қолмай, жиноят ишини очиқ суд мажлисида мукаммал кўриш учун тайёрлашдан иборатдир. Шунинг баробарида ушбу инс­титут суриштирув ва тергов ор­ганлари фаолияти устидан суд назоратини амалга оширади. Уш­бу жараёнда иш юзасидан далиллар мажмуаси етарлилиги ва мақбуллиги ўрганилади.

    Қонунчиликка киритилган ўз­гартиришга мувофиқ судья эндиликда жиноят ишини судда кў­риш учун тайинлаш тўғрисидаги хулосага келиши талаб этилади. Шу билан бирга, у мазкур иш юзасидан дастлабки эшитувни ўтказиш учун асослар бор-йўқлиги ҳақидаги масалани ҳам ҳал килиши зарур.

    Дастлабки эшитув тарафларнинг илтимосига кўра ёки суднинг ўз ташаббуси билан ўтказилади. Судья то­монидан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни та­йинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган пайт­дан эътиборан беш суткадан кечиктирмасдан бошланиши керак. Унинг давомийлиги бошланган кундан эътиборан ўн суткадан ошмаслиги лозим. Дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида, якка тартибда ўтказилади. Суд мажлисида айб­ланувчи, унинг ҳимоя­чиси ва давлат айбловчиси иштирок этиши шарт.

    Жаҳон амалиётида кенг қўл­ланиллаётган дастлабки эшитувнинг самарали ва ижобий жиҳатларидан бири айнан ушбу жараёнда мавжуд бўлган номақбул далилларнинг чиқарилиши ва келгусида улардан айблов учун асос сифатида фойдаланмаслик саналади Далиллар қонунга хилоф усуллар билан ёки жиноят процесси иштирокчиларини қо­нун билан кафолатланган ҳу­қуқларидан маҳрум қилган ёки уларнинг ҳу­қуқ­ларини чеклаган ва қонун нормаларини бузган ҳолда олингани исботланса, ушбу далил ўзи­нинг юридик кучини йўқотади. Бундай далил ҳукм ёки бош­қа суд қарорига асос бўлиши мумкин эмас.

    Қонунчиликка мувофиқ айбланувчи, ҳимоячи ва давлат айб­ловчиси жиноят иши материалларидаги ҳар қандай далилни, агар улар номақбул далиллар деб ҳисобланса, чиқариб ташлаш тўғрисида илтимоснома беришга ҳақлидир. Ушбу ҳо­лат дастлабки эшитувда иштирок этувчи айбланувчи ва унинг ҳимоя­чисига катта процессуал имконият яратади.

    Эътиборлиси шундаки, дастлабки эшитув ҳи­моя тарафига ўзининг иштирокида жи­ноят­ ишини асосий суд мажлисида кў­ришга монелик қи­лувчи ҳолатларни аниқлашга ҳамда айблаш учун етарли далиллар бўл­маган тақдирда шахслар жавобгарликка тортилишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса, судда том маънода ошкоралик ва тарафлар тортишувини юзага келтиради.

    Айнан дастлабки эшитув тарафлар тортишувини жонлантириб, айблов органи жиноят ишини судда кўриш учун жиддий тайёрланишини таъминлайди. Бу, ўз навбатида, "ишдаги камчиликларни суд ўзи тўғ­­рилаб олади" қабилидаги эс­кича қо­липлардан воз кечилишига олиб келади.

    Дастлабки эшитув амалиётидан самарали фойдаланиб келаётган аксарият мамлакатларда судьянинг дастлабки эшитув бо­расида қа­бул қилган қарори устидан шикоят келтириш ҳуқу­қи мавжуд эмас.

    Шу маънода, миллий қо­нунчилигимизда дастлабки эшитув институти амалиётга жорий этилиши билан бирга, фуқароларнинг шикоят келтириш билан боғлиқ узвий ҳуқуқлари ҳам таъминлангани эътиборга моликдир.

    Зеро, эндиликда дастлабки эшитув натижасида қабул қи­линган ажримдан норози бўл­ган тарафлар ажрим устидан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида ши­коят­ қилиши мумкин.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates