Топ-500 таликка кирган хорижий ОТМ битирувчилари ва илмий даража олган ёш мутахассисларга ойлик маошига устама қўшилади

    Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова маълум қилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган Ўзбекистон ёшларининг Ватанимизга келиб ишлаши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларга уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.

    Фармонга кўра, давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган. Қайд этилган қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида имзоланган шартнома асосида ҳар ой тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача бўлган муддатга тузилади ва тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.

    Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан шакллантирилган ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар рўйхати, давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган. Халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотлар рейтингларида эълон қилинган университетлар рўйхати билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

    Фармонга кўра, Халқаро рейтингда 1 дан 100-ўрингача бўлган хорижий олий таълим муассасаларини бакалавриат босқичини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошларига БҲМнинг 30 баробари миқдорида, магистратура босқичини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошларига БҲМнинг 40 баробари миқдорида, хорижий олий таълим муассасаларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига БҲМнинг 75 баробари миқдорида устамалар белгиланган.

    Халқаро рейтингда 101 дан 300-ўрингача бўлган хорижий олий таълим муассасаларини бакалавриат босқичини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошларига БҲМнинг 20 баробари миқдорида, магистратура босқичини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошларига БҲМнинг 30 баробари миқдорида, хорижий олий таълим муассасаларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига БҲМнинг 60 баробари миқдорида устамалар белгиланган.

    Шунингдек, халқаро рейтингда 301 дан 500-ўрингача бўлган хорижий олий таълим муассасаларини бакалавриат босқичини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошларига БҲМнинг 15 баробари миқдорида, магистратура босқичини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошларига БҲМнинг 20 баробари миқдорида, хорижий олий таълим муассасаларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига БҲМнинг 50 баробари миқдорида устамалар белгиланган.

    Мисол учун, Хитойнинг Фудан университети QS рейтингида 31-ўринда туради. Мазкур университетнинг докторантурасини битирган ёш мутахассисга БҲМнинг 75 баробари имқдорида, яъни 20 250 000 сўм устама тўланмоқда. Буюк Британиянинг Данди университети (University of Dundee) Таймс рейтингида) 201-ўринда туради. Мазкур университетнинг магистратура босқичини битирган ёш мутахассисга БҲМнинг 30 баробари миқдорида, яъни 8 100 000 сўм устама тўланмоқда.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates