Депутатлик фақат қўл кўтариб тасдиқлаш дегани эмас!

    Фикр 14 июл 2020 5219

    Бугун демократик принцип ва тамойиллар асосида чинакам фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар сабаб Парламент ва маҳаллий Кенгашлар янгича шароит ва услубда фаолият олиб бораётир.

    Жумладан, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши фаолияти мисолида бу жараённи кузатиш мумкин. Яъни маҳаллий Кенгашнинг аксарият депутатлари бугун олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини, Президентнинг талаб ва истакларини тушуниб, ҳар бир сессияда саволлар, таклифлар ва танқидий фикрлари билан фаол қатнашишмоқда.

    Бу имконият ва сиёсий фаоллик депутатларимизга маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда давлатимиз раҳбарининг тавсия ва кўрсатмаларидан сўнг анча жонланди. Тан олиш керакки, бундай очиқлик, шаффофлик, сўз эркинлиги ва демократик принциплар Президент сиёсий иродаси билан вобастадир. Афсуски, ҳали ҳануз ўз ҳақ-ҳуқуқлари, масъулият ва мажбуриятларини тўлиқ англамаган, номигагина қўл кўтарадиган «серташвиш» депутатлар қатори маҳаллий Кенгашлар фаоллигини, уларнинг ваколатларидан кенг фойдаланиш имкониятларини хушламайдиган айрим ташкилот ва давлат органлари раҳбарлари ҳам бор.

    Депутатлик мақоми ўзгармоқда, бироқ...

    Мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва янгиланишлар жараёнида барча соҳалар қатори Парламент ҳам мутлақо янгича иш услубида фаолият олиб бораётир. Очиқлик, адолат ва устувор мақсадлар сари янги даврни юзага келтираётган бу ишлар шубҳасиз, ўзининг самарали натижаларини бераётир. Давлатимиз раҳбари жорий йилда Парламентга йўллаган Мурожаатномаларида «Янги Парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади — Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт», деган вазифани қўйдилар. Хўш, ҳамма депутату сенаторлар халқ фаровонлиги, эртанги ёруғ келажаги, бахтли яшашлари учун ўз масъулиятларини биладиларми? Ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалан оляптиларми?

    Гап шундаки, юқоридаги саволларнинг жавоби депутатлик мақоми билан белгиланади. Депутатлик мақомининг нима эканлиги ва унинг қандай вазифалари, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари мавжудлиги қонун ҳужжатларига аниқ белгиланган бўлсада, аксарият кишилар, «депутатлар тасдиқлаш, қўл кўтариш, узундан узун ҳисоботларни эшитишдан нарига ўтишолмайди», деган нотўғри фикрларга боришади. Ҳатто ўзимизга ҳам «сиз депутат бўлиб, нимани қойиллатдингиз?», деган саволлар ҳам беришади. Бу саволлар оҳангидан депутатга нисбатан ишончсизлик борлигини сезиш мумкин. Бироқ бундай кайфият ва ишончсизлик анча камаймоқда, аҳоли муаммолари ва таклифлари билан депутатларга мурожаат қилишмоқда, талаб қилишмоқда. Масаланинг нозик томони эса ўша талаб, таклиф, мурожаатларнинг ижобий ҳал этилишидадир. Ана шунга қараб депутатга ишонч кўрсатгичи аниқланади.

    Нима учун депутатга ишонч сусаяди?

    Саволнинг жавоби оддий – қачонки депутат халқ кутган натижани беролмаса. Яъни сайловчиларининг ижтимоий манфаатларидан келиб чиқадиган таклифлари, талаблари, масалалари ижобий ҳал этилмаса, муаммоларга ўз вақтида ечим топилмаса, халқ вакилига ишонч сусаяди. Бу ҳолатда нуқул депутатни айблаш тўғри эмас. Сабаби халқ кўтараётган масалани ижобий ҳал этилишида ижро этувчи ҳокимият ҳамиша қодир эмас. Масалан, биз халқ вакили сифатида шаҳардаги маҳаллаларнинг бирида аҳоли билан учрашув ўтказдик. Улар, бир масалани қўйишди ва кейин қўшимча қилишди: шу муаммони ҳал қилиб берсангиз, сиздан миннатдор бўламиз, ҳақиқатан, кейин сизга ишонамиз, қўллаб-қувватлаймиз... Афсуски улар кўтарган масалани биз депутатлик сўрови жўнатиб ҳам ҳал этолмаймиз. Бу имконсиз. Натижа нима бўлади? Нолга тенглашади. Хўш, нима қилиш керак?

    Биринчидан, депутатлик ваколатини аҳолига кўпроқ тушунтириш керак

    Иккинчидан, қайси масала қай даражада ҳал бўлишини уқтириш лозим

    Учинчидан, халқнинг сиёсий фаоллиги баробарида сиёсий савиясини ҳам ошириш даркор.

    Яъни халқ ва унинг вакиллари ўртасида тўғри талаб ва таклиф қонунияти амал қилиши муҳим.

    Инкор этмайман, нуқул қўл кўтариб, қарсакбозлик қилиб, муҳокамаларга қўшилмасдан, «сизники маъқул», деб ижро этувчи ҳокимият органига маддоҳлик кайфиятида бўлган депутатлар ҳам йўқ эмас. Айнан шуларнинг «шарофати» билан ҳам депутатларга бўлган ишонч сусаяди. Бироқ, ўйлайманки, бугунги ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар давомида бу каби «қўл кўтаргич кишилар» ўз ўринларини ҳақиқий ватанпарвар, эл дарди билан яшайдиган, ташаббускор ва билимли шахсларга бўшатиб беришади.

    Ишончни оқлаш учун...мурувватдан кўра, муҳаббат муҳим!

    Аслида муҳаббати бор шахсда мурувват ҳам бўлади. Бироқ кўпинча мурувват орқали муҳаббатини, садоқатини намоён этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Чунончи, халқнинг ишончини оқлаб эътиборига тушиш учун айрим депутатлар мурувват кўрсатиш, саховатпешаликни ихтиёр этишди. Бунга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ, агар бу ҳолат холис бўлса, имижни кўтариш, иш қилаётганини кўрсатиш, кимларгадир ёқиш учунгина бўлмаса. Сабаби, айрим халқ вакиллари ўзларининг қонуний фаолиятлари ва вазифаларини бажариш ўрнига, нуқул мурувват кўрсатиш билан овора бўлиб қолгандек туюлди, рости. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда келтирилган қуйидаги сарлавҳалар фикримиз исботидир: «Депутат 70 нафар оилани рўзғор маҳсулотлари билан таъминлади» “Депутат 110 та хонадоннинг қарздорлигини бўйнига олди! «Уйсиз қолган фуқаро депутат ёрдами билан бошпанали бўлди» «Депутат шифокорларга кўмаклашмоқда» «Депутат 230 та эҳтиёжманд оилага кўмак берди», «Депутат қарийб мингта оилага бепул ун тарқатди», «Депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага уй қуриб берадиган бўлди» ва ҳ.к. Афсуски, маҳаллий Кенгаш депутатлари мисолида «Депутатлар ҳисоботни қабул қилишмади», «Депутатлар сабаб қарорга ўзгартириш киритилди», «Депутатлар адолат тикланишига сабабчи бўлишди», каби сарлавҳаларни деярли ўқимаймиз. Нима учун? Чунки янгиланаётган Ўзбекистонда парламент тизимида, умуман, барча соҳада очиқлик ва шаффофлик учун зарур шароит ва имкониятлар яратилган бўлсада, аксарият депутатлар ўзларида эркинликни чеклаётгандек туюлади. Яна ўша савол: нима учун?

    Уйқуни қочириб, сергаклаштираётган маҳаллий Кенгашлар...

    «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 24-моддасида кўрсатилган Халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари доирасида депутатлардаги ижро ҳокимиятини назорат қилувчи ваколатларини бирма-бир таҳлил этиб чиқсак, бу борада айрим масалалар очиқ қолаётгани, баъзи бир ваколатлар мажбурият сифатида келтирилганини англаш мумкин. Масалан: Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатлари “...ҳокимнинг тақдимига биноан, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш; Мабодо ўзгартириш киритиш, рад этиш (ҳокимнинг тақдимига нисбатан) ҳолати юзага келсачи? Мазкур қонунинг кейинги бандларида: «ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш;»Аслида, ижро этувчи органларининг маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот беришлари, тан олиш керак, чинакам демократик тамойилнинг амал қилишини билдиради. Бироқ ҳисоботнинг ҳаққонийлиги, ишончлилик даражаси, уни ҳисобот сифатида қабул қилиш ё қилмаслик каби масалалар назаримизда очиқ қолган.

    Яна бир бор такрорлайман, маҳаллий Кенгашлар анча фаоллашмоқда, уйқучиларни «уйғотиб», анча сергаклаштирмоқда ҳам. Яқинда шаҳар Кенгаши сессиясида бир қанча масалалар бўйича ҳисоботлар тингланди, қарорлар муҳокама учун олдиндан тақдим этилди. Айрим депутатлар фикр-мулоҳазаларини билдиришди, бироқ вазият ва натижа ўзгаргани йўқ –ҳисобот ҳам берилди, қарор ҳам қабул қилинди. Бошқа маҳаллий Кенгашларга нисбатан менимча Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши сессиялари анча мунозарали, савол-жавоб ва қизғин кечади. Яхши таклифлар ва фикрлар ҳам пайдо бўлиб қолади. Беҳудага Президентимиз бу борада Самарқанд ўзига хос мактаб яратиши керак, намунали Кенгаш бўлиши даркор, деган масалани қўймаганлар. Бироқ бошқа ҳудудлардаги депутатлар билан мулоқотда бўлиб, амин бўламизки, ҳамма жойда ҳам бундай ҳолат мавжуд эмас.

    Агар маҳаллий Кенгаш йиғинлари ва сессияларида очиқлик, шаффофлик ва сиёсий фаолликни кучайтиришни истасак, албатта бу жараёнлар онлайн режимда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўрсатилиши лозим. Баҳонада кўпчилик раҳбарларимиз ва халқ вакилларимизнинг сиёсий савия ва сиёсий билим даражалари ойдинлашарди. Бу борада Олий Мажлис сенати зўр намуна кўрсата олди. Парламентнинг ваколатлари кенгайтирилиб, унинг зиммасига юклатилган вазифалар қай даражада бажарилаётгани, Олий Мажлис Сенати фаолияти сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини кузатиш мумкин.

    ...фақат ҳоким жавобгар эмас

    Фуқаролик жамияти асосларидан бири халқ иродаси бўлса, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-руҳий ҳолатига фақат ҳоким жавобгар ё масъул эмас. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг моҳиятини чақсак, вилоят, шаҳар ва туманлардаги муаммо ва масалаларда маҳаллий ҳокимлик раҳбарияти қатори халқ вакиллари, яъни халқнинг хоҳиш-иродаси билан сайланган депутатлар ҳам масъулдирлар. Шундай экан, бу борада мувозанат муҳим роль ўйнайди. Нуқул ҳоким қарор қилган, кўрсатма берган, режалаштирган масалаларни кўриш, қарорларини қабул қилиш эмас, депутатлар илгари сурган, эътироз билдираётган, таклиф этаётган масалалар амалда ҳам эътиборга олиниши керак. Бу борада ҳам анча ижобий ўзгаришлар бор, аммо муаммолар ҳам талайгина. Масалан, яқинда бир депутат шаҳар ҳокимининг қурилиш, саноат бўйича ўринбосарига илтимос оҳангида мурожаат қилаётганига гувоҳ бўлдим: «Илтимос, мен сайланган округнинг йўлларини таъмирлашни режага киритсангиз..таъмирлаб берсаларингиз. Ахир аҳоли олдида ҳам сал юзимиз ёруғ бўлар эди..» Мана, муаммо қаерда! Гап шундаки, депутатлар истаймизми-йўқми кўпгина масалаларда ҳали ҳануз ижро этувчи ҳокимиятнинг «оғзига қараб қолишган». Бу ҳолатни бартараф этиш учун босқичли ислоҳотлар зарур. Яъни то ҳоким Кенгаш раиси сифатида сақланар экан, депутатларимизнинг чинакам мустақиллиги ва эркинлигига эриша олмаймиз.

    Ҳокимнинг Кенгаш раиси мақомини бекор қилиш жараёни бошланиши учун ҳам чоралар кўрилмоқда. Албатта, бу тизимга зинама-зина, тажриба ва кўникмаларни шакллантириш, шароитларни ўрганиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Яъни кўриладиган чоралар, қабул қилинадиган қарор ва ишлаб чиқиладиган қонунлар амалда ўзини тўлиқ намоён этиб, аҳоли онгида «ҳоким» ва «депутат» тушунчалари янгиланиши керак. Ана шунда амалий натижаларга эришган бўламиз. Тизим шундай шаклланган бўлиши керакки, бошқарув тўлиқ ҳоким зиммасида бўлсада назорат қилиш маҳаллий Кенгаш зиммасида туриши лозим.

    Агар ҳоким депутатларга раислик қилиши ваколатини бекор қилсак, Кенгаш раиси сайланса, фуқаролик жамияти ривожланишининг янги босқичига ўтган бўламиз. Қолаверса, ҳудудий раҳбарлар ўзгаргани билан стратегик вазифалар, мақсадлар ўзгармайди.

    Ўзбекистон янги марралар сари олдинга илдамламоқда. Изланиш, рағбат, ижод баробарида эркинлик бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Янги давр, янгича руҳ ва истиқболли лойиҳалар самарасидан Ватанимиз билан шу юртнинг фарзанди эканлигимиз билан фахрлансак арзийди. Тарих зарварақларида бу йиллар Ўзбекистондаги янги уйғониш даври сифатида ҳам ёзилажак. Бунинг учун эса ҳар биримиз фуқаролик позициямизга қатъий туриб, билимимиз, меҳнатимиз, жасорат ва садоқатимиз билан халқпарвар, Ватанпарвар шахс сифатида халқнинг дарди ва Юрт равнақи ташвиши билан яшашимиз керак.

    Баҳодир РАҲМОНОВ,

    фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори,

    Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates