“Дунёни маънавий таназзулдан қутқара оладиган мутафаккир” ёхуд Навоий асарларини ёшларга инновацион усулларда ўқитиш зарур...

    Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарини инглиз тилига ўгирган канадалик тадқиқотчи Гери Дикнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Ғарбда Алишер Навоий асарларини ўқишга бўлган эҳтиёж катта.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, дея бежиз таъкидламади. Зеро, бугунги кунда илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш борасида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммо ва вазифалар мавжуд.

    Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарини инглиз тилига ўгирган канадалик тадқиқотчи Гери Дикнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Ғарбда Алишер Навоий асарларини ўқишга бўлган эҳтиёж катта. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш” тармоқ маркази раҳбари, филология фанлари доктори Зулхумор Мирзаева Алишер Навоий ижодининг хориждаги тадқиқи, асарларининг инглиз тилига таржималари ва таълим муассасаларида Навоий ижодини ўқитишга оид изланишлар олиб бориб, мутафаккирнинг халқаро миқёсдаги ўрни ва аҳамиятини янада юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Суҳбатдошимизнинг Навоий асарларини таълим муассасаларида инновацион ўқитилишига доир қарашлари, мулоҳазалари ва таклифлари, мутафаккир ижодининг халқаро миқёсдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган фикрлари сизни ҳам қувонтирса, янги мақсадлар сари ундаса, ажаб эмас.

    — Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир ­Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори мумтоз адабиётимизга юксак меҳр қўйган тадқиқотчи ва ижодкорлар томонидан жуда катта қувончли воқеа сифатида қабул қилинди. Шундай эмасми?

    — Алишер Навоий ижодини ўргангани сайин ҳайратлар дунёсига кўмилиб борадиган, ўзи кашф этган хазинани тезроқ ўзгаларга етказишга шошиладиган қалб эгалари борки, бу қарордан жуда мамнун бўлдилар. Бу қарор нафақат ўзбек олимлари, балки кўп йиллар Навоий ҳаёти ва ижоди билан шуғулланаётган хорижлик мутахассислар учун ҳам янги тадқиқотларни яратишга жуда катта рағбат берди. Улар Алишер ­Навоийни “Дунёни маънавий таназ­зулдан қутқара оладиган мутафаккир” дея таърифлашади. Дунёда Aлишер Навоий асарлари каби кенг тарқалган, жаҳоннинг деярли ҳар бир чеккасида китобларининг нусхалари сақланаётган ва катта муҳаббат билан ўрганилаётган бошқа ижодкорни топа олмайсиз... Ҳазрат Навоий ҳаётининг сўнгги йилларидаёқ унинг асарлари тилига луғат ишланганлиги биз ҳозир навоийшунослик деб атаётган соҳанинг анча қадимий эканлигини кўрсатади.

    — Алишер Навоий ижоди шунчалар серқирраки, унинг асарлари таржимасига қўл уриш учун ислом дини ғояси ва қарашлари, туркийлар маданияти, яшаш тарзи ва сўзларнинг келиб чиқишини синчиклаб ўрганиш талаб этилади. Аввало, буюк мутафаккир шоир ғазалларининг асл маъносини тўлиқ тушуниб, ҳис этиш керак. Қарорда чет элда истиқомат қилаётган ўзбек тили мутахассислари, таржимонларни жалб этган ҳолда ­Алишер Навоийнинг асарлари чет тилларга таржима қилиниб, нашр этилиши ва хорижий мамлакатларда тақдимотлари ўтказилиши белгиланган. Бу жараёнда қандай янги ниятлар ва мақсадларни дилингизга тугиб қўйгансиз?

    — Шуни қувонч билан айтишим мумкинки, 2020 йилнинг октябрь ойи ўрталарида Навоий асарларини халқаро миқёсда тадқиқ ва тарғиб этиш, чет тилларига таржима қилишга оид Венгриянинг Этвос университети билан ҳамкорликда тайёрлаган ло­йиҳам ERASMUS дастурида тасдиқлангани ҳақидаги хабарни олдим. Бундай лойиҳанинг халқаро миқёсда, энг обрўли дастур томонидан айнан Алишер Навоийнинг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг эълон қилиниши билан бир вақтда тасдиқланиши, назаримда, тасодиф эмас. Бунда ҳам қандайдир рамзийлик бор. Аслида ERASMUS (European Community Action Scheme for the Mobility of University Students — Европа жамияти университет талабалари мобиллиги ҳаракат дастури) дунёдаги энг обрўли дастурлардан бири бўлиб, 1987 йилда ташкил этилган. Дастур Европа Иттифоқининг таълим, маданият, спорт ва яна кўплаб соҳаларни ҳамкорликда ривожлантиришни мақсад қилган. Кейинги йилларда ERASMUS дастури янада ривожлантирилиб, Европа университетлари ҳамкорлигида жиддий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, мазкур дастур бизга ҳам ўзбек адабиёти, жумладан, Алишер Навоий асарларини жаҳон адабиётшунослиги контекс­тида ўрганиш имконини яратади. Зотан бугун Навоийни халқаро миқёсда ўрганиш ва ўргатиш учун махсус инновацион ёндашувлар, дунёвий мезонлар талаб этилади. Хорижлик тадқиқотчилар ушбу ноёб ижодий мероснинг қайси жиҳатларига кўпроқ қизиқишларини билишимиз, уларнинг талаби, маънавий эҳтиёжи даражасидаги зарур манбаларни хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида яратишимиз ва бирдамликда Навоий асарларини жаҳоний миқёсида тарғиб ва ташвиқ қилишимиз бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири. Мазкур вазифалар Давлатимиз раҳбарининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарорида ҳам акс этган. Шу мақсадда Венгриянинг Этвос университети билан халқаро алоқаларни йўлга қўйиб, улар билан бирга уч йилдан бери ERASMUS дастурига Алишер Навоий асарларини жаҳон миқёсида ўрганиш ва ўргатиш, таржима қилиш борасидаги лойиҳамизни тақдим этиб келаётган эдик. Ва ниҳоят 2020 йилда лойиҳамиз Европа Иттифоқининг ERASMUS дастури томонидан тасдиқланди. Шу ўринда халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, лойиҳаларни шакллантиришда бизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган, илмий-тадқиқотлар олиб боришимизга зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган университетимиз раҳбариятининг хизматлари ҳақида ҳам гапириб ўтишни жоиз деб биламан. Эътироф, рағбат, эркинлик бор жойда ривожланиш бўлади. Университетимизнинг жуда қисқа муддатда Республика ОТМ орасида юқори рейтинг­ни эгаллашида ҳам юқорида таъкидлаган омиллар муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман

    ERASMUSга тақдим этилган лойиҳа уч йилга белгиланган бўлиб, мазкур вақт мобайнида ҳамкор университет билан биргаликда муайян вазифаларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйдик. Бу вазифалар орасида Алишер Навоий асарлари луғатининг мультимедиа ишланмаси ва унинг мобиль иловасини яратиш ҳам мавжуд. Бу жараёнда Навоий асарларида энг кўп қўлланилган, фаол сўзлардан 5 000 та ёки 10 000 таси танлаб олиниб, уларнинг араб ёзувидаги шакли, транскрипцияси ва инглизча таржимаси ўша сўзнинг визуал та­с­вири орқали берилади, сўзнинг маънолари Навоий ғазаллари контекстида тушунтирилади. Хорижлик мутахассислар, шунингдек, Этвос университети туркийшунос олимларининг таъкидлашича, инновацион ёндашувда яратиладиган бундай хилдаги луғатлар нафақат Навоий асарларини хорижда ўрганаётган олимлар, балки талабалар учун ҳам мутафаккир ҳақидаги дастлабки билимларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ҳозир жамоамиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда мазкур луғатнинг дастлабки лойиҳаси устида иш бошладик.

    Иккинчидан, Алишер Навоийнинг чет тилларига таржима қилинмаган асарлари устида иш олиб борамиз. “Ҳайрат ул-аброр” асаридаги 10 та ҳикояни таржима қилишга келишиб олдик. Шунингдек, ERASMUS доирасида халқаро анжуманлар ҳам ўтказилади. Ва шу жараёнда Этвос университети олимлари ва талабалари бизнинг университетимиз олимлари ва талабалари билан ўзаро тажриба алмашадилар. Шуни айтиб ўтиш лозимки, ушбу режаларимизнинг барчаси ERASMUS ҳомийлигида амалга оширилади. Дастур асосидаги режаларни ўз вақтида рўёбга чиқариш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, таниқли навоийшунос олим Афтондил Эркинов, филология фанлари доктори Дилнавоз Юсупова, ахборот технологиялари бўйича етук мутахассислардан бири Ботир Элов, Навоий асарларининг моҳир таржимонларидан Қосимжон Маъмуров ва яна қатор мутахассислар, магистрлар ва талабалардан иборат ижодий гуруҳни ҳам шакллантирдик. Гуруҳимиз аъзолари Этвос университетида ўзбек адабиёти, тили, Навоий асарлари доирасида инглиз тилида маърузалар қиладилар. Ҳамкор ташкилотнинг таклифи билан мазкур университетда изчил “Ўзбек тили” курсларини ташкил қилишни ҳам режалаштиряпмиз. Шунинг билан бирга Алишер Навоий ижодини ўрганиш бўйича махсус ўқув қўлланмалари, сайт ва дарсликлар нашр этишни ҳам белгилаб қўйганмиз.

    — Ота-оналар ва ўқитувчилар билан суҳбатлашган чоғимизда нафақат болаларимизнинг, балки катталарнинг ҳам тили, қалби Алишер Навоийдан анчагина узоқлашиб кетганига гувоҳ бўламиз. Аввало Алишер Навоий ижоди борасида сўз юритаётган ўқитувчининг ўзи мавзуни қалбан ҳис қилиши, тушуниши керак эмасми? Айни дамда сиз фаолият олиб бораётган малака ошириш марказида ўзбек адабиёти, хусусан, Навоий ижодининг ўқитиш савиясини ошириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

    — Тан олиш керак, не-не йиллар давомида она тилимизга қарши олиб борилган сиёсатнинг натижасида бугунги авлод ўзбек тилини ўрганиш жараёнига бепарво бўлиб қолган. Аксарият ота-оналар фарзандларини 1-синфдан рус тилига асосланган мактаб­ларда ўқитишни маъқул кўрмоқдалар. Улар буни, “фарзандим тил билсин, дунёни танисин”, деган хайрли мақсадларни кўзлаб амалга ошираётганларига заррача шубҳам йўқ. Лекин масаланинг бошқа бир хавфли жиҳати ота-­оналаримиз эътиборидан четда қоляпти. Абдулҳамид Чўлпон “Кеча ва кундуз” романида жадид образи тилидан, “фарзандларимиз бошланғич таълимни миллий мактабларда олиши зарур”, деган эди. Чўлпон буни бежиз айтмаган. Чиндан ҳам бола қайси тилда фикрлашни бошласа, тафаккури ўша тилда ўз пойдеворини яратади. Бизнинг тил ўрганишимиз муҳим, дунёни билиш учун, жаҳон билан бўйлаша олиш учун ҳам мустаҳкам билим қаторида камида иккита хорижий тилни билиш зарур. Аммо улар Навоий асос солган ўзбек тилини унутиш ёки она тилимизни бошқа чет тиллар соясида қолдириш эвазига эмас.

    Бугунги кунда болаларимизнинг ­Алишер Навоийдан узоқлашиб бораётганлари уларнинг ўзбек тилига эътиборсизлиги деб биламан. Ёшларимиз “маданийлашув”ни ўзича англаб, тилимиздан узоқлашиб кетаётгандек ва бунда биз катталарнинг, устозларнинг ҳам айби бор: уларнинг қалбига бобомизнинг асарларини сингдира олмаяпмиз.

    2017 йилда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг очилиш маросимига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган эди. Мазкур учрашувда фарзандларимизга Алишер ­Навоий ижодий меросини, санъатини, асарларидаги бадиий мўъжизани ўқувчи руҳиятига сингдиришда махсус ўқитиш усуллари, инновацион ёндашувлар зарурлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимни, таклифларимни бил­дирган эдим. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига асосан жаҳон адабий таълимида синовдан ўтган илғор тажрибалар, Ғарбда мумтоз адабиёт намуналари, жумладан Шекспир асарларини ўқитишда ҳам кенг фойдаланиладиган Гарднер, Кларк каби жаҳоннинг энг машҳур олимлари назарияларигa таяниб ўқитишнинг инновацион усуллари ҳақида тақдимот қилган эдим.

    Хорижлик методист олимлар классик адабиётни визуал ёндашув орқали ўргатишни тавсия қилишади. Бу жараёнда биз ўқитувчилар Навоий асарларини ўрганувчиларга ҳеч қандай табдилсиз, асл матни билан ўргатишимиз, тушунтиришимиз талаб этилади. Ғарб мамлакатларига хизмат сафари билан борганимда болалар боғчасида Шекспир асарларини визуал ёндашган ҳолда ривоят ва эртаклар асосида ўргатишаётганига гувоҳ бўлганман. Бу жараёнда бола керакли сўзни қуруқ ёдламайди, балки тасвирини кўриб ҳис қилади. Кўз билан кўрилган ахборот эса инсон хотирасида 70 фоизгача сақланиб қолади. Биз эса боғча тугул мактабда ўқийдиган болага ҳам Навоий асарлари оғирлик қилади, дея уни узоқлаштиришга ҳаракат қиламиз. Баъзан ўрта таълимда ижодкор асарларини меъёридан ортиқ бериб ўқувчиларни Навоийдан бездириб қўйиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Ахир болаларимиз боғча ёшидан мутафаккир боболаримизни таниса, улар билан фахрланса, асарларини тушунишга ҳаракат қилса яхши эмасми?!

    Алишер Навоийнинг дидактик йўналишдаги ҳикоятларини анимацион тарзда ишласак қандай яхши иш бўлар эди. Афсус­ки, бугунги кунгача фақатгина “Шер билан Дуррож” ҳикояси мультфильм тарзида ишланган, холос. Демак, биз тезроқ аслиятга қайтишимиз, болаларимизга мумтоз адабиётимизни қандай бўлса, шундайлигича ҳис қилдира олишимиз керак ва Навоий асарларини болаларимизга жуда эрта ёшдан сингдира билишимиз, лозим. Бу жуда мураккаб жараён бўлиб, миллатимизни, ўзлигимизни сақлаб қолишда катта ўрин тутадиган муҳим вазифадир.

    Бугун фарзандларимиз бор диққат-эътиборини виртуал оламга ва виртуал дастурларга қаратаётган экан, демак, биз ҳам муҳим дастурларимизни ана шу оламга йўналтира билишимиз зарур. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази республика олий таълим муассасалари ўзбек тили ва адабиёти йўналишида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича илмий салоҳияти жиҳатидан юқори бўлган таянч марказлардан бири ҳисобланади. Қисқа фурсатли фаолиятим давомида тингловчиларнинг битирув лаёқат ишлари ҳимоялари жараёнларини кузатиб, бугун республикамиздаги олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган аксарият профессор-ўқитувчиларимиз янги педагогик технологиялар моҳияти, мақсади ва вазифалари ҳақида яхши тасаввурга эга эмасдек, дарс жараёнларида қўлланаётган педагогик технологиялар талабанинг ижодкорлик, яратувчанлик, танқидий фикрлашини ривожлантиришга эмас, балки дарснинг ташқи жозибасини оширишга хизмат қилаётгандек тасаввур уйғотди менда. Ҳатто Навоий асарларини ўрганиш ҳам турли хил “ўйинлар”га айланиб кетган.

    Ваҳоланки, талаба эртага мактабга борганида университетда ўрганган билимлари дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Мана шу муаммоларни бартараф қилиш мақсадида Гарвард, Колумбия, Индиана, Гумбольдт, Париж каби жаҳоннинг нуфузли университетларида олиб борган илмий ва илмий-педагогик фаолиятим давомида орттирган тажрибаларим асосида малака ошириш курсларидаги ўқув режаларини таълим сифатига хизмат қиладиган “Жаҳон адабий таълимининг илмий-назарий aсослари”, “Адабий таълимда халқаро стандартлар”, “Адабиёт ўқитишни янгилаш методикаси”, Таълимда баҳолаш назарияси ва методологияси”, “Олий таълимда мумтоз шеър тузилишини ўқитиш муаммолари” каби янги фанлар билан ривожлантирдик. Бу фанлар мазмунини шакллантиришда Навоий асарларини ўқитиш муаммоларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, Ҳазрат асарларини ўқитишнинг энг самарали усулларини тақдим этган профессор ўқитувчиларимизнинг дарсларини ОТМ ларда оммалаштиришни ҳам мақсад қилдик.

    — Сиз бир неча йиллар давомида ўзбек адабиётининг Америкада ўрганилиши бўйича илмий изланишлар олиб боргансиз. Бу жараёнда Алишер Навоий асарларига катта эътибор қаратгансиз, шундай эмасми?

    — Докторлик диссертациям “ХХ аср ­ўзбек адабиётининг Америкада ўрганилиши” мавзуида эди. Унда асосий эътибор ХХ аср миллий сўз санъатининг америкалик олимлар томонидан таҳлил ва тадқиқ этилиши, жадид адабиёти намуналарининг инглиз тилига таржималари масалаларига қаратилган. Кейинчалик ўзбек мумтоз адабиёти вакиллари, хусусан, Навоий ижодининг хорижда ўрганилишига оид илмий-тадқиқот ишларимни давом эттириб келяпман. Биласизми, хорижлик ўзбекшунослар миллий тил ва адабиётнинг қайси даври билан шуғулланмасин уларнинг деярли барчаси Навоий асарларига мурожаат қилган. Масалан, Ингаборд Балдауф, Зигрид Клаймиҳел каби машҳур немис олимлари жадид адабиёти, ХХ аср адабий сиёсати йўналишида илмий изланишлар олиб борган бўлса ҳам илмий-тадқиқотлари мундарижасида Навоий асарларини ўрганишга оид мавзуларга ҳам дуч келасиз. Клаймиҳел хонимнинг “Алишер Навоий ижодида Хизр образи” тадқиқоти Шарқу Ғарбда машҳур бўлган.

    Хорижда Навоий ижоди, унинг асарлари таржимаси билан махсус шуғулланаётган олимлар тадқиқотларини ўрганганимда жаҳонда юз бераётган сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар, ўзаро муносабатлардаги янгича йўналишлар Алишер Навоий ижодига ёндашувнинг ҳам объектив тамойилларини белгилаб берганлигига гувоҳ бўлдим. Канадалик Гери Дик, франциялик Марк Тоутант, венгриялик Бенедек Пере, америкалик Девин Девис, Николас Вомсли ва яна қатор хорижлик олимлар тадқиқотларида Навоий дунёқараши, ижодий эстетик концепцияси, олам ва одам моҳияти хусусидаги эстетик қарашларининг бадиий талқини, фалсафий-мажозий моҳият мушоҳадаси каби муҳим омилларга эътибор қаратишдек сифатий силжишларни кўриш мумкин. Ўзбекистонда хорижликлар учун яратилаётган имкониятлар ҳам мазкур йўналишнинг янги тараққиёт босқичига кўтарилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган “Навоийнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий орденини таъсис этиш” таклифи, назаримда, қарорнинг энг муҳим ва аҳамиятли жиҳатларидан бири. Чунки олис ўлкалардан Ўзбекистонга келиб, ғарбона тафаккурга эга олимларнинг Навоий ижодини бирламчи манбалар асосида ўрганиши ва салмоқли тадқиқотлар яратиши ортида қанча машаққатлар ётади. Шу нуқтаи назардан, хориж олимларининг Навой асарларини ўрганиши, чет тилларга таржима қилиши ва халқаро майдонларда туриб тарғиб қилиши жуда катта эътибор ва эътирофга муносиб. Бу тарғибот ортида миллатнинг маънавий қиёфаси, маданияти ва кучи ҳам ётганлигини унутмаслик лозим. Ишонч билан айтаманки, мазкур қарор келгусида ­Навоий ижоди таҳлили, тадқиқи ва таржималарига оид халқаро миқёсдаги ишларнинг янада жадаллашувига катта рағбат беради.

    — Ижодий изланишларингизда омад тилайман. Суҳбат учун ташаккур!

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА

    суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates